МАДИНА

МАДИНА (араб, номи — Мадинат Расулиллоҳ ёки Мадинат ун-Наби — пайғамбар шаҳри) — Саудия Арабистонидаги шаҳар, мамлакатнинг ғарбий қисмида, Ҳижоз вилоятида, Қизил денгиздан 250 км шарқдаги воҳада жойлашган. Аҳолиси 750 минг кишига яқин (2002). Шаҳарга асос солинган вақт маълум эмас. Шаҳар Мадинаи-Мунаввара — Нурафшон шаҳар, ал-Ислом, Қалб ал-Ислом, Дор ал-Ислом, Дор ас-Сунна каби 95 дан ортиқ ном билан улуғланади. Қадимда Ясриб (Ятриб) деб аталган. Птолемей ўз «География»сида бу шаҳарни «Ятриппа», византиялик Стефан эса «Ятриппа полис» деб берган. Ясриб номи билан у Қуръони каримда ҳам қайд қилинади. 622 й. да Ясрибга Муҳаммад пайғамбар бошчилигида мусулмонлар кўчиб ўтди. Мадинада мусулмон давлатчилигига асос солинди ва у биринчи пойтахт сифатида эътироф этилди. 7-а. дан бошлаб Мадина мусулмонларнинг Маккаяан кейинги энг катта зиёратгоҳи. 632—661-й. лар Мадина — Рошидийн халифалар давлати деб ном олган мамлакатнинг пойтахти. Умавийлар ва Аббосийлар даврида Ҳижознинг маъмурий маркази. 10-а. дан Мисрга тобе бўлган. Миср турклар тасарруфига ўтгач (1517), Усмонли турк салтанати, кейинроқ Ҳижоз подшолигига (1919) қўшиб олинган. 1927 й. М. ни Ибн Саъуд қўшинлари забт этди, 1932 й. дан Саудия Арабистони таркибида.

Асрлар давомида Мадина ўз аҳамиятини сақлаб келмоқда. Қуръони каримнинг энг катта суралари (Бақара, Оли-Имрон, Нисо, Моида ва б.) М. да нозил бўлган. Шаҳарда Подшоҳ Фаҳднинг Қуръон чоп этиладиган махсус босмахона мажмуаси бор. М. марказида Муҳаммад пайғамбар уйи ўрнига Катта Масжид (656) қурилган. Шаҳардаги сув минораси диққатга сазовор жой. Миноранинг юқори қисмидаги майдондан шаҳарнинг аксарият қисми кўриниб туради.

Мадина аҳолиси, асосан, зиёратчиларга хизмат қилиш, ибодат учун зарур буюмлар (тасбеҳ, жойнамоз, махсус кийимлар) и. ч. билан шуғулланади, шаҳар четида деҳқончилик ва боғдорчилик маҳсулотлари (хурмо ва сабзавот) етиштирилади. Мадинада ўқув муассасаларидан коллежлар, Мадраса ва билим юртлари, Ислом ун-ти (1961) бор.

Мадина атрофида учта айланма йўл қурилган, энг замонавий алоқа воситалари мавжуд. Шаҳар автомобиль йўллари орқали Макка, Нажаф (Ироқ), Аммон (Иордания), Янбо ва Жидда ш. лари билан боғланган. Аэропорти халқаро аҳамиятга эга. Денгиз сувини чучуклаштириб берувчи иншоот қурилган.

Ад.: Ҳасанов А. А., Макка ва Мадина тарихи, Т., 1992; Иноғомов С. Р., Саудия Арабистони подшоҳлиги, Т., 1998.

Аҳаджон Ҳасанов.