МАДҲЬЯ-ПРАДЕШ

МАДҲЬЯ-ПРАДЕШ — Ҳиндистоннинг марказий қисмидаги штат. Майд. 308 минг км2. Аҳолиси 60,4 млн. киши (2001); 90% аҳолиси ҳинд тили ва унга яқин тилларда, қолган қисми маратҳи ва рожастони каби тилларда сўзлашади. Маъмурий маркази — Бҳопал ш.

М.-П. ҳудуди мил. ав. 3—2-а. ларда Мауриялар кулдорлик давлати таркибида бўлган. Мил. бошларидан 14-а. гача бир қанча давлатлар, 15-а. да Баҳманий султонлиги вилояти эди. 16-а. охирларидан Бобурийлар қўл остига ўтди. 1818 й. да Ост-Индия компанияси эгаллади. 1956 й. дан Ҳиндистон штати. 2000 й. нояб. ойида янги Чхаттисгарх штатини тузиш мақсадида М.-П. худудининг бир қисми ажратиб олинди.

Штатнинг ер юзаси ясситоғлик ва паст тоғлардан иборат. Энг баланд жойи 1353 м. Шим. қисми Ҳинд-Ганг текислигига туташган. Иқлими тропик, муссонли икдим, шим.-ғарбида қуруқ, жан. ва жан.-шарқида сернам. Янв. нинг ўртача т-раси 17—24°, июлники 27—29°. Йиллик ёғин 700—1600 мм. Дарёлари серостона; энг йирик дарёси — Нарбада. Штат ҳудудининг 1/3 қисми ўрмон, тик, сал каби қимматбаҳо ёғочли дарахтлар усади.

М.-П. саноати тез ривожланаётган аграр штат. Аҳолисининг 75% қ. х. да банд. Асосан, тариқ, буғдой, шоли, пахта, мойли ўсимликлар экилади. Ипак қурти боқилади. М.-П. да марганец ва темир рудалари, боксит, кумир, ўтга чидамли гил қазиб олинади. Паннада мамлакатда ягона олмос кони мавжуд. Иссиклик электр ст-ялари бор. Ишлаб берувчи саноатининг қад. ва асосий тармоғи — ипгазлама саноати. Шунингдек, металлургия, нефть кимёси, электроника, автомобилсозлик, озиқ-овқат саноати корхоналари, йирик қоғоз ф-каси, ойна-керамика, цемент, асбест-бетон з-длари бор. Ҳунармандчиликда мато, ўймакорлик буюмлари тайёрланади. Штат худудидан йирик шоссе йўллар ва Ҳиндистон шим. ни унинг жан. қисми билан боғловчи т. й. ўтган.