МАДДОҲЛИК

МАДДОҲЛИК (араб, мадҳ — мақтов, таъриф) — 1) мусулмон халқларида тарқалган анъанавий айтим йўлларидан. Мавзу жиҳатидан асосан Муҳаммад (сав), Ҳазрати Алининг ҳаёти, кўрганкечирганлари, юриш-туриш ва феълатворлари ҳақида бадиҳа тарзида яратилган диний байт, ғазал, ҳикоятлардан иборат бўлган. Маддоҳлик йўлларини 2 — 3 кишидан иборат маддоҳлар гуруҳи байрам сайиллар (Рамазон ҳайит ва б. кунлари) да, бозор майдонларида кенг халқ оммасини жалб этиб ижро этишган. Аруз вазнларида битилган шеърларни, одатда, баланд пардаларда, мусиқа чолғу асбоблари жўрисиз, муайян ривожланиш қоидаларига асосланган нутқдош (речитатив) оҳангларда равон ва ифодали (қироат б-н) ўқиш — М. нинг асосий мусиқий хислатларидандир. Маддоҳлик йўллари бутун Ўрта Осиёда кенг тарқалган диний айтим йўллардан бўлиб, унинг, айниқса, Бухоро ш. ва унинг атрофи (мас, Ғиждувон) ижрочилик мактаблари машҳур бўлган (Бухорода 20-а. нинг 1-чорагида ҳам «Маддоҳ» маҳалласи бўлган). Маддоҳлик йўллари Ўзбекистонда 1950-й. ларгача сақланиб қолган;

2) бирор шахсни, ғоя, мафкура, тартиботни ўринсиз тарзда ўта мақташ.

Олимжон Беков.