МАДАНИЙ ЯЙЛОВ

МАДАНИЙ ЯЙЛОВ — маҳсулдор ўт қопламини ўстириш, яйлов майдонини махсус тайёрлаш ва жиҳозлаш йўли б-н мелиорацияланган ўтлоқларда барпо қилинган яйлов. Табиий-хўжалик шароитларига кўра, 2 турдаги Маданий яйлов ташкил этилади: қисқа муддатли (5—6 й. лик) ва узок, муддатли ёки узок, йиллар (7 — 10 й. ва ундан ортиқ)га мўлжалланган яйлов.

Маданий яйлов даставвал чорвачилик сохаси яхши ривожланган мамлакатларда — Голландия, Дания, Швеция, Англия, АҚШ, Янги Зеландияда 19-а. нинг охирларидан бошланган. 1980-й. лардан Ўзбекистонда Тошкент вилоятидаги «Қизил шалола», «Эркин», «Оққўрғон», Самарқанд вилоятидаги Улуғбек номли, Андижон вилоятидаги «Савай» хўжаликларида сигирларни яйратиб боқиш учун узоқ йилларга мўлжалланган Маданий яйловлар ташкил этилган.

Табиий ўтлоқзорлар асосида Маданий яйлов яратиш учун яйлов барпо этиладиган ерни текислаш, яйловни сув билан таъминлаш ва бу яйловларга органик ва минерал ўғитларни мўътадил равишда қўллаш ташкил этилади. Агар яйлов ўти сийрак бўлса, куз фаслида дуккакли ва бошоқли ўсимликлар уруғи сепилади.

Маданий яйлов ташкил қилишда етарли табиий ёғинлардан фойдаланиш ёки ёмғирлатиб сугоришни ташкил этган ҳолда ҳар 100 ёки 200 бош соғин сигир учун мўлжаллаб ажратилган майдон (100 бош сигирга 7,5 га) сим тўсиқлар билан бир неча майда (тахм. 30 та) пайкалларга бўлинади. Пайкал майдони молнинг бош сони, маҳсулдорлиги ва яйловга экилган озуқабоп экинларнинг ҳосилдорлигига қараб аниқланади. 1 кун ўтлатишга мўлжалланган пайкалнинг эни (100 бош сигир учун) 50—60 м, у икки ёнидан 25 вольт кучланишига эга бўлган электр токи ўтказилган сим тўсиқлар билан ўралади. Одатда, ҳар пайкалда сигирлар 1 кун ўтлатилса, пайкал майдонини ҳисоблашда яйловнинг ҳосилдорлиги ва 1 кунда ўртача 10—15 кг сут берадиган сигирларнинг 50—60 кг кўк масса истеъмол қилиши назарда тутилади.

Маданий яйловлар ташкил этиш ўтлоқлардан фойдаланиш самарадорлигини оширади, чорва маҳсулдорлигини кўпайтириб, мастит ва туёқ касалликларини камайтиради (қ. Яйлов).

Ад. ҳ Ҳамроқулов P., Карибаев К., Қишлоқ хўжалик ҳайвонларини озиқлантириш, Т., 1999; Мамасол иев И. М. ваб., Ўзбекистондаги маданий яйловларда озуқа етиштиришни жадаллаштириш технологиясига дойр тавсиялар, Т., 1990.

Рўзимат Ҳамроқулов.