МАДАНИЙ-МАЪРИФАТ ИШИ

МАДАНИЙ-МАЪРИФАТ ИШИ — кенг оммани маданий ва маърифий тарбиялаш, уларнинг умумий маданий савиясини ошириш, ижодий қобилиятларини ривожлантириш, бўш вақтларини кўнгилли ўтказишга кўмак берувчи тадбирлар тизими. М.-м. и. мазмуни, вазифаси, мақсади ҳар бир даврнинг ижтимоий, сиёсий, маданий-маърифий, ғоявий хусусиятларига боғлиқ, ҳолда шаклланиб ривожланади. М.-м. и. кенг маънода ўқув муассасаларидан ташқарида инсоннинг маданий ва маънавий ўсишига кўмаклашувчи барча ишлар (клуб ташкилотлари, оммавий кутубхоналар, маданият ва истироҳат боғлари фаолияти)ни қамраб олади, музей, кинотеатр, театр ва б. муассасалар ишлари, шунингдек, радио ва телевидение муҳим ўрин тутади. М.м. и. муассасаларининг кенг тармоқлари яратилиб, уларнинг усиши ва такомиллаша бориши билан унга раҳбарлик жараёни ҳам ўзгариб боради. Дунёқарашни шакллантириш тарбияси, ахлоқий тарбия, иқтисодий билимларнинг илмий техникавий ташвикрт ва тарғиботи, эстетик ва жисмоний тарбия, бадиий ҳаваскорлик, маданий дам олишни ташкил қилиш кабилар М.-м. и. фаолиятининг турли йуналишларидир.

М.-м. и. шакллари мунтазам ривожланади ва такомиллашиб боради: клуб муассасаларида анъанавий шакллар (суҳбат, маъруза, воизхонлик, спектакль, концертлар) билан бирга мавзули кечалар, китобхонлар конференциялари ва б. тадбирлар уюштирилади, халқ ун-тлари, кинолекторийлар ва б. ташкил қилинади. Бунда бадиий ҳаваскорлик муҳим ўрин тутади, халқ театрлари, ёшлар ташкилоти ва б. жамоат ташкилотлари (ёзувчилар, композиторлар, рассомлар, кинематографчилар, хор жамиятлари, тарихий ва маданий ёдгорликларни ҳимоя қилиш ва ш. к. ташкилотлар) катта М.-м. и. ни амалга оширади.

М.-м. и. бўйича мутахассислар маданият ин-тлари, олий касаба уюшмаси мактаблари, маданий-маърифий кутубхоначилик ўқув юртларида тайёрланади.

Ўзбекистон ҳудудида ҳоз. мазмундаги М.-м. и. 20-а. 20-й. ларидан, яъни идеологик фаолиятнинг мустақил соҳаси сифатида вужудга келиши ва ривожланиши билан боғлиқ ҳолда бошланган: давр хусусиятидан келиб чиққан ҳолда маданий-маърифий муассасаларнинг фаолияти умумтаълимий вазифаларни, фан, санъат ва ахлоқни такомиллаштириш, касбий таълимни йўлга қўйиш, миллий маданиятни ривожлантиришга қаратилди. Дастлаб М.-м. и. олиб боришнинг таянч шохобчаси сифатида чойхоналар, кейинчалик клублар ташкил этила бошланди (1918 й. да дастлабки ишчи клуби ва 1924 й. да биринчи хотинқизлар клуби Тошкент ш. да очилган); клубларда тарғиботташвиқот ишлари, саводсизликни тугатиш борасидаги ишлар, миллий байрамларни ўтказиш бўйича ишлар олиб борилган. Кутубхоналар, сайёр труппалар, Кўчма концерт ва киносеанслар, карнавал томошалари, кечалар ва б. ташкил этилган. 1914 й. да Тошкентда «Турон» театр труппаси тузилган, 1918 й. дан Маннон Мажидов (Уйғур) бу труппага раҳбарлик қилган.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг М.-м. и. нинг янги такомиллашган тизими шаклланди. Бунда Ўзбекистон музейлари, маданият уйлари ва саройлари, кутубхоналар, маданият ва истироҳат боғлари оммавий муассасалар бўлиб, улар миллионлаб аҳоли учун маданий хизмат кўрсатади. Республика «Маънавият ва маърифат маркази» (1994) ташкил этилди ва унинг вило-ятлар, туманлар ва шаҳарлардаги бўлимлари ишга туширилди. Марказга Республика маънавият ва маърифат кенгаши раҳбарлик қилади. М.-м. и. ни янада ривожлантириш ҳамда самарадорлигини ошириш борасида бир қатор чоратадбирлар амалга оширилди. Республиканинг барча вилоятлари, йирик шаҳарлари ва туманларида иш олиб бораётган маданий-маърифий муассасалар иштирокида катта халқ сайиллари, ҳосил байрамлари, «Мустақиллик», «Наврўз», «Меҳржон» байрамлари, «Шарқ тароналари» халқаро фестивали, хонандалар, раққосалар, энг яхши касб усталарининг кўрик танловлари, «Ўзбекистон Ватаним маним» қўшиқ конкурси ва б. кўрик танловлар ўтказилмоқда.

Ҳоз. кунда барча М.-м. и. нинг йўналиши ҳар бир кишига миллий истиқлол ғоясини, миллий мафкурани сингдириш, баркамол инсонни вояга етказиш, ватанарварлик, меҳр-оқибат, имону эътиқодни тарбиялашга қаратилган.

Зуҳра Бердиева.