МАДАНИЙ ҒЎЗАЛАР

МАДАНИЙ ҒЎЗАЛАР — экиб келинаётган, қимматли хўжалик белгиларига эга ғўза турлари. Табиатда маълум бўлган 50 тур ғўзадан 4 таси маданийлаштирилган: ҳиндихитой ғўзаси (G.arboreum L.), африка-осиё ғўзаси (G. herbaceum L.), Мексика ғўзаси (G. hirsutum L.), перу ғўзаси (G. barbadense L.). Ғўзанинг маданий шакллари ёввойи турлардан табиий танланиш ва сунъий танлаш, қулай яшаш шароити ҳамда эволюция жараёнида одам меҳнати ва онгли фаолияти туфайли пайдо бўлган. Битта турнинг ўзи (мас, перу ғўзаси ёки Мексика ғўзаси) ёввойи ва маданий шаклларда учрайди. Ғўзанинг қадимий ёввойи шаклларини маданийлаштириш, пахтачиликнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши дунёнинг турли минтақаларида яшовчи халқларнинг ҳар қайсисида мустақил равишда бошланган. Энг аввал Ҳиндистоннинг шим.-ғарбида тарқалган дарахтсимон ғўзалар — госсипиум арбореум маданийлаштирилди. Африканинг жан,-шарқий қисмида ўтсимон ғўза — госсипиум хербацеум маданийлаштирилди. Кейинчалик у Африка ва Осиёнинг кўп мамлакатларига тарқалди (африка-осиё ғўзаси деб аталиши шундан). Мексиканинг жан. да қадимий индейс қабилаларининг деҳқонлари оддий ғўза — госсипиум хирзитумни маданийлаштирди (шунинг учун Мексика ғўзаси деб юритилади, уни марказий америка ғўзаси деб ҳам аташади). Ғўзанинг бу тури ғўза экиладиган барча мамлакатларда жуда кенг тарқалган. Перуда госсипиум барбадензе маданийлаштирилди. Шунинг учун перу ғўзаси деб юритилади (уни Жан. Америка ғўзаси деб ҳам аташади). Ҳоз. тарқалиш даражаси бўйича перу ғўзаси Мексика ғўзасидан кейин 2-ўринда туради.

Маданий ғўзалар полиморфизмининг кенглиги, катталиги билан ажралиб туради. Улар катта ҳудудларда тарқалиб, турли хил янги шакллар пайдо қилди ва натижада жуда мураккаб экотип, нав типи ҳамда навлар мажмуини ташкил этди. Маданий ва маданий-тропик шаклларнинг ёввойи ҳолда ўсадиган авлод-аждодларидан асосий фарқи шундаки, улар ўсиш шароитида, айниқса, сув таъминотига ниҳоятда талабчан, шохлари симподиал типда, кўсаклари ва уларнинг қисмлари йирик, толаси оқ.

Ад.: Жуковский П. М., Культурные растения и их сородичи, 3-е изд. 1971 ; Ғўза, Т., 1957; Тер. Аванесян Д. В., Хлопчатник, Л., 1973; Абдуллаев А. А., Омельченко Маданий Ғўзалар, Ғўза турлари. Т., 1977.

Абдумавлон Абдуллаев.