МАДАГАСКАР

МАДАГАСКАР (малагасича Madagasikara, франц. Madagascar) Мадагаскар Республикаси (малагасича Republika Malagasy, франц. Republique de Madagascar) — Ҳинд океанининг ғарбида, Африканинг жан.-шарқий қирғоғидан 400 км шарқдаги Мадагаскар о. ва унга ёндош майда оролларда жойлашган давлат. . Майд. 595,8 минг км2. Аҳолиси 16 млн. га яқин киши (2001). Пойтахти—Антананариву ш. Маъмурий жиҳатдан 6 мухтор регионга бўлинади.

Давлат тузуми. Мадагаскар — республика. Амалдаги конституцияси 1992 й. 12 сент. да қабул қилинган, 1998 й. 15 мартда унга тузатишлар киритилган. Давлат бошлиғи — президент (2002 й. дан Марк Раваломана). У тўғри умумий овоз бериш йўли билан 5 й. муддатга сайланади ва бир марта қайта сайланиши мумкин. Қонун чиқарувчи ҳокимият —2 палатали парламент (Миллат мажлиси ва Сенат). Ижроия ҳокимиятни президент тайинлайдиган бош вазир ва ҳукумат амалга оширади.

Табиати. Қирғоқлари бир оз эгри-бугри. Шарқий соҳилида қумтепалар бор, ғарбий қирғоғини маржон рифлари ўраб олган. Жан. ва шим. қирғоқлари баланд ва тик. Орол шим. дан жан. га томон 800 км чўзилган. Баланд плато деб аталган ясситоглик палеозой охирида Африка материгидан ажралган. Аксар қисмининг бал. 800—1200 м, шарқий чеккаси 1500 м. Оролнинг энг баланд қисми унинг шим. даги Царатанана вулканли массивида (2876 м). Сўнган вулкан кўп. Тез-тез зилзила бўлиб туради, иссиқ булоклар бор. Графит, хромит, кварц, слюда, уран, олтин, қимматбаҳо тош ва ҳ. к. ларнинг йирик конлари бор. Темир рудаси, тошкўмир, боксит захиралари мавжуд.

Иқлими тропик, шим.-ғарбида экваториал муссонли, шарқий сохилида иссиқ ва сернам. Ўртача ойлик т-ра 13 — 20° дан 27—33° гача. Йиллик ёғин 500 — 3000 мм ва ундан ортиқ. Дарё кўп, нояб. —апр. да серсув. Дарёларнинг қуйи оқимида кема қатнайди. Йирик дарёлари: Суфиа, Бецибука, Махавави, Мангуки, Унилахи. Энг катта кўли — Алаутра. Баланд платонинг тупроғи қизил ферралит, кам унум. Вулкан жинслари устида унумдор қора тупроқлар, соҳилларда қизилсариқ ва қизил ферралит, жигарранг-қизил латеритлашган, қизил-кўнғир тупроклар тарқалган. Бу ердаги ўсимлик турларининг аксар қисми — маҳаллий, жайдари ўсимликлар (равенала, ангрекум орхидеяси). Соҳилда пальмазорлар, ғарбида тиканли дарахт ва бутазорлар бор. Ҳудудининг 10% га яқини ўрмон.

Ҳайвонлари: лемур ва тенрек, йиртқичлардан виверралар (мангуста, фосса) бор. Қушлардан яшил тўти, кўк каптар, цесарка, султонтовуқ ва ҳ. к. яшайди. Хамелеон, геккон, бўғма илон, тимсоҳ каби судралувчилар бор. Ноёб ва нодир ҳайвонларни сақлаш мақсадида Цинги-дю-Бемараха, Царатанана, Захамена, Андухахелу, Андрингитра қўриқхоналари, Амбр, Исалу миллий боғлари ташкил этилган.

Аҳолисининг 99% га яқини малагасилар. Французлар, қамарликлар, араблар, ҳиндлар, покистонликлар ҳам яшайди. Расмий тиллари — малагаси ва француз тиллари. Аҳолининг 45% маҳаллий анъанавий динларга эътиқод қилади; 50% христиан, қолган қисми мусулмон. Аҳолининг 22% шаҳарларда яшайди. Йирик шаҳарлари: Антананариву, Туамасина, Махадзанга, Анцеранана, Фианаранцуа, Тулиара, Анцирабе.

Тарихи. Мил. ав. 10—6-а. ларда оролга индонезлар, полинезлар, меланезлар, кейинчалик араблар ва Африканинг шарқий соҳилидан банту халқлари келган. 14-а. да Мадагаскар марказида Имерина давлати ташкил топди. 16—17-а. ларда Мадагаскарнинг ғарбида сакалава, шарқида бецимисарака ва марказида бецилеуларнинг давлатлари бўлган. 19-а. да улар марказлашган Малагаси (ёки Мадагаскар) қироллиги таркибига кирган. 19-а. нинг 40—70-й. ларида иқтисодиёт ва маданият ривожланди. 1883 и. француз қўшинлари бостириб кирди. Қонли урушлардан сўнг Мадагаскар ҳукумати Франция протекторатини тан олишга мажбур бўлди (1885). 1896 й. дан М. Франция мустамлакасига айлангач, мамлакат Франциянинг аграр хом ашё базаси бўлиб қолди. Бироқ малагаси халқи мустақиллик учун курашни тўхтатмади, миллий озодлик ҳаракати, айниқса, 2-жаҳон урушидан сўнг кенг авж олди. 1947 й. ги қуролли қўзғолонни француз қўшинлари бостирди, лекин ватанпарварлар билан мустамлакачилар ўртасидаги тўқнашув 2 йилгача давом этди. 1958 й. М. Франция ҳамжамияти таркибидаги мухтор Республика деб эълон қилинди. 1960 й. 26 июнда Мадагаскар мустақилликка эришди. 1975 й. дек. дан мамлакат М. Демократик Республикаси деб атала бошлади. Ҳукумат сиёсий мустақилликни мустаҳкамлаш ва иқтисодий мустақилликка эришиш, меҳнаткашлар аҳволини яхшилаш йўлини тутди. 1992 й. дан М. Республикаси деб аталди. Мадагаскар 1960 й. дан БМТ аъзоси. 1992 й. 4 апр. да ЎзР суверенитетини тан олди. Миллий байрами — 26 июнь — Мустақиллик куни (1960).

Сиёсий партиялари, касаба уюшмалари. М. мустақиллиги конгресси партияси, 1958 й. тузилган; М. мустақиллиги учун миллий ҳаракат партияси, 1958 й. асос солинган; М. тараққиёти учун ҳаракат партияси, 1972 й. ташкил топган; Вундзи («Миллий бирлик халқ шижоати») партияси, 1973 й. тузилган; Ҳаётбахш кучлар қўмитаси, 1991 й. асос солинган; М. янгилаш авангарди, 1993 й. тузилган; Фихаонана партияси, 1993 й. ташкил топган. Инқилобий малагаси меҳнаткашлари касаба уюшмалари федерацияси, 1977 й. тузилган; М. меҳнаткашлари касаба уюшмалари федерацияси, 1956 й. асос солинган.

Хўжалиги. Мадагаскар — аграр мамлакат. Ялпи ички маҳсулотда қ. х. нинг улуши 28,3%, саноатнинг улуши 14,6%.

Қишлоқ хўжалиги М. иқтисодиётининг асосини ташкил қилади. Экин майдонининг 60% дан ортиқ щемила шоли етиштирилади. Шунингдек, маниок, маккажўхори, пахта, батат, ер ёнғоқ, картошка ва б. экилади. Экспорт учун кофе, ваниль, қалампирмунчоқ, шакарқамиш, тамаки етиштирилади. Чорвачиликда, асосан, қорамол (зебу), қўй, эчки, чўчқа, товуқ боқилади. Балиқ овланади.

Саноати. Кончилик саноати ривожланган. Хромит, графит, слюда, кварц, темир, уранторий рудалари, кам учрайдиган ва сувда эримайдиган металлар қазиб олинади. Қ. х. маҳсулотларини қайта ишлайдиган (ун тортиш, шоли оқлаш, гўштконсерва, қанд-шакар, тамаки) корхоналар кўп. Бир неча майда иссиклик электр ст-ялари ва ГЭСлар, ип газлама ф-калари, цемент з-ди бор. Йилига ўртача 430 млн. кВтсоат электр энергия ҳосил қилинади. Саноат марказлари: Антананариву, Туамасина, Анцирабе, Махадзанга.

Автомобиль — мамлакат транспортининг асосий тури. Автомобиль йўлларинингуз. —40 минг км, т. й. уз. —1 минг км. 18 денгиз порти бор; асосийлари Туамасина ва Махадзанга. Мадагаскар четга кофе, қалампирмунчоқ, ваниль, шоли, қанд, гўшт ва гўшт-консерва, балиқ, сизаль, графит, слюда чикаради. Четдан машина ва қурилмалар, қурилиш ашёлари, нефть маҳсулотлари, газлама, озиқ-овқат олади. Ташки савдода Франция, Германия, АҚШ, Япония, Италия, ЖАР билан ҳамкорлик қилади. Пул бирлиги — малагаси франки.

Тиббий хизмати. Мадагаскарда давлат тиббий хизмати тизими мавжуд. Пойтахт унти ҳузуридаги миллий тиббиёт мактаби 5 й. да врачлар тайёрлайди. Махсус мактабларда ўрта малакали тиббиёт ходимлари таълим олади.

Маорифи ва илмий муассасалари. Мустақилликка эришилгандан кейин 1975 й. дан бошлаб халқ маорифини тубдан қайта қуришга киришилди. 4 й. лик тўлиқсиз ўрта мактаб ва тўлиқ ўрта маълумот берадиган лицейни ўз ичига олувчи ўрта таълим жорий этилган. Давлат мактабларида ўқиш бепул. Хусусий мактаблар ҳам бор. Қуйи ҳунартехника таълими бошланғич мактаб негизида, ўрта техника таълими 7 й. давомида бошланғич ёки 3 й. давомида тўлиқсиз ўрта мактаб негизида амалга оширилади. Олий ўқув юртлари: Антананаривуда ун-т (1961), миллий алоқа ва телекоммуникация ин-ти, Миллий электротехника ин-ти, Пед. ин-ти, Қишлоқ жойларда ишлаш учун кадрлар тайёрлаш ин-ти, Анцерананада Олий политехника мактаби, Махадзангада савдо денгизчилиги миллий мактаби. Антананаривуда Малагаси академияси (1902), Геол. хизмати, Мадагаскар геогр. миллий ин-ти (1945), Расадхона, Агрономия тадқиқоти ин-ти, Тропик ветеринария тадқиқот ин-ти ва б. илмий муассасалар, Миллий кутубхона, ун-т кутубхонаси, Муниципал кутубхона, Миллий архив, Бадиий ва археология музейи, Миллий тарих музейи бор.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Мадагаскарда бир қанча газ. ва жур. лар нашр этилади. Йириклари: «Журналь офисьель де ла Репюблик де Мадагаскар» («Мадагаскар Республикаси расмий газетаси», француз ва малагаси тилларида чиқадиган хафталик ҳукумат хабарномаси, 1883 й. дан), «Имунгу ваувау» («Янги Имунгу», малагаси ва француз тилларида чиқадиган кундалик газ., 1955 й. дан), «Маресака» («Янгиликлар», малагаси тилида чиқадиган кундалик газ., 1954 й. дан), «Сахи» («Мардона», малагаси тилида чикадиган кундалик газ., 1958 й. дан), «Сосиалисма мпиаса» («Социализм ва ишчи», малагаси тилида чиқадиган ойлик газ., 1980 й. дан), «Ревю де л’О-сеан Эндьен» («Ҳинд океани муаммолари бўйича журнал», француз тилида чикадиган ойнома, 1980 й. дан). «Таратра» миллий ахборот агентлиги, ҳукумат маҳкамаси, 1977 й. да асос солинган. Малагаси миллий радиоэшиттириши, ҳукумат маҳкамаси, 1931 й. да ташкил этилган. 1967 й. дан телекўрсатувлар берилади; Малагаси миллий телевидениеси мавжуд.

Адабиёти 19-а. нинг 2-ярмидан малагаси ва француз тилларида ривожлана бошлади. Малагасиларнинг қад. оғзаки ижодиёти турли шеър ва қўшиқлардан, афсона ва эртаклардан иборат бўлган. Дастлабки ёзма адабий ёдгорликлари 12-а. да малагаси тилида араб ёзувидаги тарихий йилномалардан иборат. Лотин алифбоси жорий этилганидан кейин (1823) адабий тил ривожлана бошлади. 1835 й. да Библия малагаси тилига таржима қилинди. 1870 ва 1877 й. ларда эртаклар тўпламлари, 1870 й. да линий мадҳиялар тўплами нашр этилди. 1860—80 й. ларда пайдо бўлган даврий матбуотда дастлабки наср ва назм асарлари эълон қилинди. 1872—83-й. ларда Ф. Калленинг «Қироллар тарихи» номли кўп жилдли тари-хий асари, А. Равуадзанахари ва Ц. Радзаунахнинг илк романлари босилиб чиқци. 19-а. охири — 20-а. бошларида анъанавий шеър шакллари такомиллаштирилди ва янгича шакллар ишлаб чиқилди. Кўпгина шоир ва ёзувчилар «Басивава» ва «Лакулуси Вуламена» жур. лари теварагида бирлашиб, «Ви, вату, сакелика» жамиятига кирдилар. 20-й. лар охирида Ж. Ж. Рабеаривелу, Ш. Радзуэлисулу ва Ни Авана каби ёзувчилар миллим маданиятни сақлаб қолиш ҳаракатига бошчилик қилдилар. Адабиётда ўзига хос адабий шакллар ҳимоя қилинди, мамлакат табиати, халқ урф-одатлари, ўтмиш қаҳрамонларининг жасорати мадҳ этилди. 40-й. лар атоқли малагаси адиби Э. Д. Андриамалаланинг ижодий фаолияти барқ урган давр бўлди, унинг «Даъват», «Сув париси», «Гард», «Макр», «Мамну неъмат» романлари пайдо бўлди.

Мустақиллик йиллари адабиёти, асосан, малагаси тилида ривожланди, замонавий жамиятдаги мураккаб жараёнларни тасвирловчи асарлар яратилди. 70—80-й. лар насри ва назмида мустамлакачилик қолдиклари, турли миллат вакилларининг ўзаро муносабатлари, халқларнинг тенг ҳуқуқлилик, миллий мустақиллик йўлидаги кураши акс этди.

Меъморлиги. Мадагаскар халқ меъморлигида умумий томонлар бўлса ҳам, лекин турли жойларда ўзига хос хусусиятларга эга: М. оролининг шим.-ғарбидагина доирасимон кулбалар унда-бунда учраб туради. Сернам тропик вилоятларда қозиқ оёкли ёғоч уйлар қурилиб, томи пальма барглари билан ёпилган, қурғоқчил жойларда камиш уйлар, оролнинг шим.ғарбий қисмида похол томли бамбук уйлар қурилади. Мамлакатнинг мўътадил иқлимли марказий қисмида 1—2 қаватли уйлар оқ ёки кизил тупроқдан барпо этилади, томига похол ёки черепица ёпилади. Шамолдан асраш учун эшик ва деразалар фақат ғарб ва шим. тарафга ўрнатилади. 19-а. охири —20-а. бошларида шаҳар қурилиши ривожланди. 20 – й. ларда француз меъмори Г. Касень Антананариву, Таматава, Анцирабе ш. ларини қайта қуриш лойиҳаларини тузди. Саройлар, черковлар, мақбаралар европача эклектизм услубида курила бошлади. 60-й. лардан иморатларни замонавий содда шаклларда бетон конструкциялардан фойдаланиб, ойнаванд қилиб қуришга, уларга қуёш нурини тўсувчи мосламалар ўрнатишга ўтилди.

Тасвирий санъати. Ҳунармандчиликда ёғоч ўймакорлиги, бадиий тўқимачилик кенг тарқалган. Тасвирий ва безак санъати услуб жиҳатдан кўпроқ Жан.-Шарқий Осиё ва Океания услубига ўхшайди. Сакалава ва махафали халқлари қабристонларда марҳумларнинг ёғочдан ўйиб ишланган қиёфаларини, қуш тасвирлари ёки 2—5 м баландликдаги «алуалу» устунларини ўрнатадилар. Ёғочдан ясалган рўзғор асбобларига ўйма нақшлар солинади, буқа, қуш ва афсонавий жониворлар тасвири туширилиб, рангбаранг қилиб бўялади. Шакарқамиш ва оддий қамишдан тўқилган бўйра, қалпоқ, саватларнинг, рафия пальмаси толасидан тўқилган зийнатли газмолларнинг гуллари ҳам услуб жиҳатдан ўшаларга ўхшаб кетади. Замонавий рангтасвир эса халқ санъати анъаналари руҳида ривожланиб бораётир. В. Равелунануши – Разафимбелу, Э. Рабешахала, Л. Радзунуш, Ранивушун каби рассомлар етишиб чиққан.

Мусиқаси. Мадагаскар мусиқий маданияти илдизлари қад. малагаси-полинез маданияти билан боғлиқ. Замонавий мусиқаси Ҳинд океани ороллари, аввало Индонезия халқларининг мусиқий анъаналари, шунингдек, Африка, Арабистон, Европа (асосан, Франция) маданиятининг ўзига хос тарздаги бирикувидан иборат. Чолғу асбоблари жуда хилма-хил. Кўпгина қўшиқоҳанглари чўзиқ ва майин. Бир неча асрлардан бери давом этиб келаётган «хирагаси» деб аталган рақс-қўшиқ томошалари, айниқса, оммалашган. Антананаривудаги Мадагаскар драма ва халқ санъати ин-тида бошқа фанлар қатори анъанавий қўшиқ ва рақс дарси ҳам жорий этилган. П. Ралаиариманана раҳбарлигидаги Мадагаскар ашула ва рақс ансамбли машҳур. 20а. бошларида композиторлик ижодиёти шаклланиб, Ж. Д. Рамбеманатара, Б. Рабаридзауна каби маҳаллий муаллифлар танилди.

Киноси. Биринчи малагаси фильми — «Гитрам Балафоцци» 1957 й. да яратилган. Ҳақиқий миллий кинематография 1972 й. дан кейин вужудга келди. 1973 й. да «Ғаройиб воқеа» номли бадиий фильм (реж. Б. Раманпи), 1975 й. да тўла метражли «Қайтиш» (реж. С. Рандрасина) фильми экранга чиқди. 1976 й. да Малагаси кино бошқармаси тузилиб, унинг ҳузурида ўқув фильмлари маркази ташкил этилди. Бу марказ соғлиқни саклаш ва табиатни асраш муаммолари ҳақида картиналар ярата бошлади. Кейинги йилларда Мадагаскар киночилари сакалава халқининг миллий байрамига бағишлаб «Фитампоа» (реж. Ж. К. Раага), ёшларнинг диний ақидаларга қарши кураши ҳақида «Мадагаскар ёшлари» (реж. Рандринарисун) тўла метражли фильмларини чиқаришди. Мамлакатда 50 та кинотеатр бор, чет эллардан йилига 200 та фильм сотиб олинади.