МАДАД СУҒУРТА АГЕНТЛИГИ

«МАДАД» СУҒУРТА АГЕНТЛИГИ — Ўзбекистондаги йирик суғурта агентлиги. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 й. 26 июндаги қарорига кўра, очиқ акциядорлик жамияти сифатида ташкил этилган. Агентликнинг асосий акциядорлари Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси (ҳиссаси 25%), Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки (17,91%), «Ўзсаноатқурилиш» банки (13,7%), «Ўзтадбиркорбанк» (17,70%), бошқа юридик шахслар (21,24%) ва жисмоний шахслар (1,75%). Агентликнинг асосий вазифаси кенг кўламдаги суғурта хизматини кўрсатиш, шунингдек, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантиришга йўналтирилган инвестицияларнинг суғурта ҳимоясини таъминлашдан иборат. Суғуртавий ҳимоя билан таъминлаш юзасидан юклатилган вазифаларга мувофиқ, агентлик суғуртанинг ўндан ортиқ турини амалга оширади. Агентликнинг суғуртавий мажбуриятлари портфелида мулк суғуртаси, бахтсиз ҳодисалар оқибати суғуртаси, касб масъулияти суғуртаси турларининг салмоғи юқори. Кредитнинг гаров билан қопланмаган қисмини қайтармаслик ҳолатидаги жавобгарлик суғуртаси кичик ва ўрта бизнес субъектларининг лойиҳаларини молиялаштириш муаммоларини ечишда кенг қўлланилади. Бу тур бўйича агентлик 2001—2002 й. давомида тузган шартномалари сони 1800 дан ортиқ, суғурта мажбуриятлари 10 млрд. сўмни ташкил этди. Агентлик фаолият даврида 4 марта акциялар эмиссиясини амалга оширди. Агентликнинг Низом жамғармаси 250 млн. сўм, суғурта мукофотлари 460 млн., тўланган қопламалар ҳажми 161,9 млн. сўм (2002).

Мўмин Ашуров.