ИЗБОСКАН ЗИЛЗИЛАСИ

ИЗБОСКАН ЗИЛЗИЛАСИ — 1992 й. 15 май маҳаллий вақт билан соат 13 дан 08 мин. ўтганда Фарғона водийсининг шим. шарқида Избоскан қишлоғида бўлган кучли зилзила. Зилзила эпицентри Бўтақора — Қорабулоқ узилмасида 25 км чуқурликда жойлашган. Бу ерда зилзиланинг кучи 8 баллга (MSK — 64 ўлчови бўйича) яқин, магнитудаси (Рихтер бўйича) М — 6,2 бўлди. Зилзила ўчоғидаги тоғ жинсларини Ер пўсти гранит қатламидаги ёриқлар бўйича юқорига қараб силжиши сейсмик тўлқинларни келиб чиқишига сабаб бўлган. Сейсмик тўлқинлар эпицентрал зона да 7—8 балл куч билан тарқалиб атроф қишлоқларга анча зарар етказди. Айниқса, Қўчқорота, Маданият, Тошқўрғон, Хило қишлоқларида иморатлар жиддий зарарланди. Избоскан зилзиласининг кучи Қўчқорота, Мойлисой, Маданиятда 7 балл, Пойтуғ, Ҳаққулобод. Андижонда 6 балл, Ўш, Жалолободда 5 балл, Фарғона, Чустда 4 балл, Тошкент, Душанбада 3 баллга етди.