ИЙҚО

ИЙҚО (араб. — тузмоқ, созламоқ, белгиламоқ) — Ўрта аср мусулмон Шарқи мусиқа илмининг асосий тушунчаларидан бири. Махсус атама сифатида аруз ва мусиқа илмининг асосчиси ҳисобланмиш Халил ибн Аҳмаднинг (768 й. да вафот этган) «Китобул ийқо» ва «Китобуннағам» асарларида илк бор қўлланганлиги тахмин қилинади. Қад. рисолаларда Ийқо атамасининг 10 дан ортиқ таърифлари келтирилади. Шулардан асосийлари:

1) мусиқий ҳаракат (интиқол) нинг вақт (ёки изчиллик, такрорийлик) жиҳатидан намоён бўли-ши;

2) мусиқий вақт ўлчами, фараз қилинувчи энг кичик замон бирлиги («миқёл ул-аввал», Форобий). Ушбу маънода замонавий Ғарб мусиқа илмидаги метр ва Шарқ аруз назариясидаги вазн тушунчаларига мос келади;

3) мусиқий вақт ўлчамларининг сифат кўрсатгичи, яъни турли ўлчам (метр) ларнинг ўзаро нисбатлари, мусиқий ритм тушунчасига мос келади. Агар «ийқо-метр» мусиқий вақт жараёнини назарий англашнинг дастлабки босқичи бўлса, «ийқо-ритм» ушбу илмий мавҳумлаштиришнинг олий даражасидир (яна қ. Илми ийқо).

Абдуманнон Назаров.