ИВАНОВО ВИЛОЯТИ

ИВАНОВО ВИЛОЯТИ — РФ таркибидаги вилоят. 1929 й. 14 янв. да ташкил топган. Майд. 23,9 минг км2. Аҳолиси 1222 минг киши (2000), асосан руслар. 22 маъмурий р-н, 17 шаҳар ва 32 шаҳарча бор. Маркази Иваново ш. И. в. Шарқий Европа текислигининг марказий қисмида жойлашган. Ер юзаси, асосан, текислик. Иқлими мўътадил континентал. Ёзи иссиқ (июлнинг ўртача т-раси 18—19°), қиши ўртача совуқ (янв. ники — 12°). Йиллик ёғин 550—600 мм. Дарёлари Волга ҳавзасига мансуб. Иваново вилоятида Горький сув омборининг бир қисми, Волга — Уводь канали бор. 200 дан ортиқ кўл мавжуд. Вилоят майдонининг 2,9% ботқоқлик. Тупроғи, асосан, подзол ва ботқоқ тупроқлар. Қарийб 1 млн. га ер ўрмон. Сут эмизувчилардан малла қуён, оқ қуён, тулки, тийин; қушлардан карқур, кур, чил, каклик; ботқоқлик ва қўлларда ўрдак, ғозлар учрайди.

Иваново вилояти РФнинг тўқимачилик (ип, газлама ва зигир тола газламаси) саноати р-нларидан бири. «Красная Талка» йигирув ф-каси, меланж ва камволь к-тлари ва б. бор. Ип газлама саноатининг асосий марказлари: Иваново, Кинеш-ма, Шуя, Вичуга, Фурманов, Тейко-во, Родники, Южа. Зиғир тола газламаси саноати маркази — Приволжск. Тўқимачилик машинасозлиги, асосан, Иваново ш. да. Иваново «Точприбор», «Ивтекмаш» и. ч. бирлашмалари, «Электроконтакт», «Строймашина», «Темп» (автокранлар) з-длари бор. Тўқимачилик саноати эҳтиёжлари учун бўёқ ва кислоталар ишлаб чиқарилади, нефть кимёси, озиқовқат саноатлари бирмунча ривожланган. Сут-гўшт маҳсулотлари, консерва ва б. ишлаб чиқарилади. Ўрмон ва ёғочсизлик саноати (ёғочтахта, мебель и. ч.) ривожланган. Ёғоч-созлик корхоналари, асосан, вилоятнинг Заволжье ва жан. шарқида жойлашган. Қурилиш материаллари са-ноатида ғишт, йиғма темир-бетон конструкциялар ва деталлар ишлаб чиқарилади. Ёқилғи-энергетика мажмуи махдллий хом-ашё ҳисобига ишлайди (Иваново ш. ёнидаги торфда ишлайдиган электр станцияси, Саратов—Нижний Новгород—Череповец газопроводи). Ғалла, картошка, ем-хашак экинлари, толали зиғир, сабзавот экилади. Чорвачиликда сут-гўшт чорвачилиги ва чўчқачилик, зотдор йилқичилик етакчи ўринда. Палех ва Холуй шаҳарлари бадиий ҳунармандчилик (лок-бўёқ маҳсулотларини тайёрлаш, миниатюрали расм чизиш) нинг марказлари сифатида машҳур. Вилоятнинг асосий т. й. линияси Москва — Иваново—Кинешма. Волга, Теза, Унжа, Клязьма дарёларида кема қатнайди. 7 олий ўқув юрти, кутубхоналар, 5 музей, 3 театр бор.