ИТБИНАФША

ИТБИНАФША, итгунафша (Veronica arvensis) — сигирқуйрукдошлар оиласига мансуб бир йиллик ўт. Пояси оддий (шохланмаган), 5—10 см. Барглари юраксимон, тухумсимон, кунгурали, барг банди жуда қисқа. Ёндош барглари бандсиз, текис қиррали, наштарсимон. Тўпгули бошоқсимон. Гулбанди қисқа. Гултожи оч ҳаво-ранг. Меваси кўсак, тукли безлар билан қопланган, 15—20 уруғли. Уруғи тухумсимон. Алр. да гуллаб, майда уруғлайди.

Адирларда, экинлар орасида учрайди. Ўрта Осиё, Россиянинг Европа қисми, Кавказ, Ғарбий Сибирь, ғарбий Европа, Ўрта денгиз атрофлари ва Шим. Америкада ўсади. Бошқа ўтлар билан ўрилган Итбинафшани моллар яхши ейди.