ИССИҚХОНА ЭКИНЛАРИ

ИССИҚХОНА ЭКИНЛАРИ — иссиқхоналарда ўстириладиган ўсимликлар. И. э. га, асосан, помидор ва бодринг, қисман лимон, гуллар, барра пиёз, редиска, кўкат сабзавотлардан укроп, салат, петрушка, шунингдек, шампиньон замбуруғи, овқатга янгилигида ишла-тиладиган зираворлар, салаЛир ва манзарали ўсимликлар киради. Иссиқхона экинларини ўстириш усуллари: доимий жойга экиш, кўчат қилиб ўтқазиш, етилтириш, ўсишни тезлатиш. Иссиқхона экинлари ёруғни кўп талаб этади. Салатбоп сачратки ва шампиньон қоронғида ўстирилади. Иссиқхона экинларининг ҳароратга талабчанлиги ҳар хил. Бодринг, қовун, тарвуз, помидор, баклажон, қалампир, пиёз, петрушка, сельдерей юқори ҳарорат (18—28°) да; гулкарам, редиска, салат, кольбари, укроп ва б. мўътадил ҳарорат (12—16°) да ўстирилади. Баҳор-ёз ойларида бодринг, помидор, салат, гулкарам ва б. ; кузқиш ойларида помидор, кўк пиёз, гулкарам, салат, сельдерей, петрушка ва б. етиштирилади. Бодринг тугиши ва меваларнинг ўсиши учун фотосинтетик актив радиациянинг (ФАР) минимал ўртача кунлик йиғиндиси 28 ккал/см2 ни, помидор учун эса 38 ккал/ см2 ни ташкил этиши лозим. Ўзбекистонда ФАРнинг дек. —янв. ойларидаги йиғиндиси 2620—3390 ккал/см2 ташкил этади. Кузқиш даврида бодринг етиштириш учун тувакчаларда етиштирилган кучатлар сент. да иссиқхонага ўтказилади, окт. нинг 2-ярмидаёқ улардан ҳосил олинади. Кишки иссикхонага бодринг уруғи дек. нинг охирида экилади, 40—45 кунлик кўчати эса янв. нинг 2-ярми—фев. нинг бошларида ўтказилади. Баҳорги иссиқхоналарга кўчат мартнинг бошларида ўтқазилади. Кузқиш даврида помидор етиштириш учун уруғи июлда тувакчаларга экилиб, кучатларни авг. да иссиқхонага ўтказилади. Қиш-кўклам давридагига эса уруг дек. нинг бошида сепилиб, кўчати фев. нинг бошларида иссиқхонага ўтказилади. Баҳорги иссиқхоналарга фақат мартнинг бошларида кўчат ўтқазиш мумкин бўлганлиги сабабли, уруғ янв. бошларида экилади. Иссиқхона экинларининг ҳосили ўсимликларнинг истеъмол қилинадиган қисмлари (барг, поя, илдизмева, мева, тугунак ва б.) етилишига қараб йиғиштириб олинади.

Ботир Азимов.