ИШСИЗЛИК

ИШСИЗЛИК — бир қисм иқтисодий фаол аҳолининг ўзига лойиқ иш топа олмасдан қолиши ва меҳнат захирасига айланиши. Ўзбекистонда Ишсизлик тушунчаси расман 1992 й. «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги қонунининг қабул қилиниши билан меъёрий кучга эга бўлди (1998 й. 1 майда ушбу қонуннинг янги таҳрири қабул қилинди).

Ишсизлик инсон манфа-атларига тўғридантўғри таъсир қиладиган йирик ижтимоий-иқтисодий муаммолардан бири ҳисобланади. Иш жойини йўқотиш кўп кишилар учун оилавий турмуш да-ражасининг пасайишини, шахсий ҳаётининг нотинчлигини келтириб чиқаради, кишига жиддий руҳий таъсир кўрсатади.

Амалдаги иқтисодий ҳаётда Ишсизлик иш кучи таклифининг унга бўлган талабдан ошиб кетиши тарзида намоён бўлади. Ишсизлик сабаби турлича: техника ривожланиш билан меҳнат унумдорлиги ортади, и. ч. кам меҳнат талаб бўлиб қолади. Иқтисодиётда жами талаб ва таклиф мувозанати бузилади, товарларга бозор талабининг қисқариши иш кучига та-лабни ҳам қисқартириб юборади, на-тижада иш кучининг бир қисми ортиқча бўлиб қолади; иктисодиёт ривожланиши билан малакали иш кучига талаб ошиб, малакасизлар керак бўлмай қолади; аҳоли и. ч. га нисбатан тез ўсган кезларда, унинг бир қисми ортиқча булиб, ишсиз қолади.

Ишсизлик сабаби ҳар хил бўлганидан унинг шакллари ҳам турлича. Ишсизликнинг асосий шакллари: фрикцион Ишсизлик — турли сабабларга кўра (янги яшаш жойига ўтиш, касбни ўзгартириш, бола боқиш, янги иш танлаш) вақт-вақти билан ишсиз қолиш. Бу ихтиёрий ишсизлик ҳисобланади. Таркибий Ишсизлик — ишлаб чиқариш тузилмаси ўзгартирилган шароитда эски тармоқларда ишлаб келган кишиларнинг янги тармоқларга керак касбни ҳали ўзлаштирмаган кезларида юз беради. Циклли Ишсизлик — иқтисодий тангликлар б-н боғлиқ бўлиб, ишлаб чиқаришнинг пасайиб кетиши натижасида юзага келадиган И. Бу мажбуран ишсиз қолишдир. Мавсумий Ишсизлик — мавсумий ишда банд бўлганларнинг мавсум тугагач, ишсиз қолиши. Яширин Ишсизлик — расман иш билан банд бўлганларнинг фақат қисман ишлаши. Унга қисқартирилган иш куни ёки иш ҳафтасига ўтганлар, иш йўқлигидан ҳақберилмайдиган таътилга чиққанлар киради.

Ишсизлар ишлаётганлар билан бир қаторда мамлакат иш кучини ташкил қилади. Иқтисодиётда Ишсизлик муаммосини ўрганишдан асосий мақсад аҳолининг иш билан бандлигини яхшилаш орқали мамлакат (корхоналар) и. ч. ни кенгайтириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга алоқадор тадбирлар ишлаб чиқишдан иборатдир.

Ишсизлар сафига, одатда, нафақат турли сабабларга кўра ишдан бўшатилганлар, балки ўз ихтиёрига кўра ишдан кетганлар ва янги иш топишга ҳаракат қилаётган шахслар ҳам киритилишини қайд этиш лозим. Ишсизлик тарки-би унинг сабабларига кура иш кучининг 4 асосий тоифасини ўз ичига олади: ишдан бўшатилиши натижасида иш жойини йўқотганлар; ишдан ихтиёрий равишда бўшаганлар; танаффусдан сўнг иш қидираётганлар; биринчи бора иш қидираётганлар. Бу тоифаларнинг ўзаро нисбатлари иқтисодий ривожланиш босқичларига боғлиқ.

Мамлакат миқёсида 3—5% даражасидаги Ишсизлик иқтисодиёт учун нормал ҳолат (И. нинг табиий чегараси) ҳисобланади. Ишсизлик даражасини пасайтириш учун аҳоли бандлигини таъминлаш давлат дастурлари ишлаб чиқилади, корхоналар қурилиб, янги иш ўринлари ташкил этилади, ходимларни янги касбларга ўқитиш, қайта тайёрлаш ишлари амалга оширилади, бандликка ёр-дам жамғармаси ташкил қилинади.

Меҳнат қонунларига кўра, ишсизларга меҳнат биржалари орқали ишсизлик нафақаси тўланади.

Аҳмаджон Ўлмасов.