ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ГИМНАСТИКАСИ — кишини соғломлаштириш ва меҳнат унумдорлигини ошириш мақсадида иш куни давомида бажариладиган жисмоний машқлар мажмуи. Машклар иш жараёнлари хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда тузилади. Амалиётда Ишлаб чиқариш гимнастикасининг 2 тури мавжуд:
1) одамни иш кунига тайёрловчи кириш гимнастикаси;
2) иш вақтидаги бадан тарбия дақиқалари — бунда ўтириб ишлайдиганларга юриш, ўтириб туриш, белни букиш; тик туриб ишлайдиганларга — оёқ мускулларига дам берувчи машклар танланади. Ҳоз. ақлий меҳнат ривожланган даврда Ишлаб чиқариш гимнастикасининг аҳамияти катта.