ИС ТЕГИШИ

ИС ТЕГИШИ — и сгази билан заҳарланиш. Керосин, кўмир, газ, ўтин ва б. ёқилғилар ёнганда кислород етишмаса, углероднинг чала оксидланиш маҳсули — СО нафас йўлларидан организмга кириб, қизил қон таначаларидаги гемоглобин билан бирикишидан карбоксигемоглобин ҳосил бўлади. Бу модда кислородни бириктира олмайди, натижада тўқима ва ҳужайраларда кислород етишмайди.

Ис теккан кишининг боши қаттиқ оғрийди, кўзи тинади, кўнгли айнийди, дармони қурийди, гандираклайди. Узоқ вақт ис тегиб турса, киши тамомила ҳолсизланиб, ўрнидан туролмайди ва пировардида бутунлай ҳушдан кетади. Ис теккан киши тезда соф ҳавога олиб чиқилади. Нафас олиши тўхтаб қолган бўлса, сунъий нафас олдирилади ва дарҳол «тез ёрдам» чақирилади.