ИҚТИБОС

ИҚТИБОС (араб. — зиё олмоқ) , цитата — бирор асардан сўзма-сўз олинган парча. Иқтибос баён қилинаётган фикрни ишончли фикр билан қувватлаш, муай-ян фикрни танқид қилиш учун ҳамда муҳим фактик материал — мисол сифатида қўлланилади. Иқтибос, асосан, илмий (кўпинча гуманитар) ва расмий нутқда ишлатилади ҳамда қўштирноқ билан белгиланади ёки алоҳида ҳарф билан ёзилади; шунингдек, манбага ҳавола қилинади. Бундай кўчирмалар фойдаланувчининг фикри б-н қиёсланганда унинг моҳиятини тўғри тушуниш имконини беради. Мас, бадиий адабиётнинг, сўзнинг ғоявий-эстетик таъсир кучи, аҳамиятини қуролдан ҳам кучлироқ эканлиги тўғрисидаги фикрни мустаҳ-камлаш мақсадида П. Турсуннинг «Адабиёт замбаракдан зўр» ёки А. Қаҳҳорнинг «Адабиёт атомдан кучли» деган сўзларини ёки бўлмаса, «тиғ яраси битар, аммо тил яраси битмас» маҳолини Иқтибос сифатида қўллаш мумкин. Иқтибосдан кўп ҳолларда эпиграф ва шиор ўрнида ҳам қўлланилади. Агар муаллиф фикрига зарар етмаса, Иқтибосда орфография ва пунктацияни ўзлаштириш, сўз (сўзлар)ни тушириб қолдириш мумкин (бунда кўп нуқта б-н белги қўйилади).