ИОНИ ОРОЛЛАРИ — Иони денгизидаги бир туда орол. Болқон я. о. нинг ғарбий қирғоғи яқинида, Грецияга қарашли. Бир неча йирик (Керкира, Лефкас, Кефалиния, Закинф) ва кўпгина майда ороллардан иборат. Майд. 23 минг км2. Кучли зилзилалар бўлиб туради. Оролларнинг ер юзаси тоғли (энг баланд жойи 1628 м), оҳак-тош ва гилли сланецлардан тузилган. Қирғоқлари тик, қулай бухталар бор. Тоғ олдилари ва соҳилдаги пасттекисликларнинг тупроғи унумдор; бу ерларда зайтун, ток, цитрус ўсимликлар ўстирилади. Тоғ ён бағирларида кўпроқ маквис ўсади, айрим жойларда дуб ўрмонлари сакланган. Аҳолиси қўйчилик ва балиқ овлаш билан шуғулланади, водийлар цитрус плантациялари, токзорлар б-н банд. И. о. да Керкира, Аргостолион, Закинтас ш. лари, денгиз бўйи иқлим курортлари бор. Туризм ривожланган.