ИНОЛЧИҚ

ИНОЛЧИҚ, Инолчуқ (7-1220, Самарканд) — Ўтрор ҳокими (1210—20), Муҳаммад Хоразмшоҳнинг йирик саркардаларидан, Туркон хотунттт ама-киваччаси. Мажусийликка эътиқод қилиб юрган кезларидаги исми — Йагантуғди (Йаган — қад. туркийчада филни англатади), Исломни қабул қилгандан кейинги исми эса Тожуддин. Ғойрхон (ёки Қадрхон) «Қудратли ҳоким» деган унвон соҳиби. И. 1218 й. Чингизхоннннг Умар Хожа Ўтрорий, Жамол Мароғий, Фахруддин Дизакий (Жиззахий) ал-Бухорий, Аминуддин Ҳиравий бошчилигидаги 450 кишилик савдо карвони Ўтрорга келганда, мазкур карвон аҳлининг савдогарлар ниқоби остида жўнатилган мўғул жосуслари эканини фаҳмлаб, зудлик билан шу ҳақда Муҳаммад Хоразмшоҳга хабар юборади. Aммо, у Хоразмшоҳнинг махсус фармон юборилгунгача, карвон аҳлини эҳтиётлаш зарурлиги хусусидаги буйруғига эътибор қилмай, уларнинг деярли барчасини қатл қилиб, мол-мулкларини мусодара этади. Шунда та-содифан омон қолган бир мўғул Пекинга қочиб бориб, Чингизхонни бўлган воқеадан хабардор қилади. Чингизхон Хоразмшоҳ ҳузурига Кафраж Буғрони 2 мўғул ҳамроҳлигида элчи қилиб жўнатиб, Инолчиқни улар қўлига топширмоқни талаб қилади. Лекин, Хоразмшоҳ Инолчиқнинг ўзига яқин қариндош, жасур саркарда ва қўшиннинг асосий қисмида унинг қавмига мансуб кишилар саркарда эканини инобатга олиб, Чингизхоннинг бу талабини қатъиян рад этадида, Кафраж Буғро билан бояги 2 мўғулни қатл этдиради (Ибн ал-Асирниит ёзишича, фақат элчи ўлдирилиб, унинг ҳамрохлари соқоллари қирқиб ташланган ҳолда қўйиб юборилган). Шундан сўнг, Инолчиқ мўғуллар билан бўлиши муқаррар жангга ҳозирлик кўриб, 20 минг кишилик қўшин тўплайди, Хоразмшоҳ унга 10 минг аскарни мададга юборади. 1219 й. сент. да Чингизхон 100 мингдан ортиқ аскар билан Ўтрорни қамал қилади. Инолчиқ 5 ойлик қамал давомида ўз қўшини ва шаҳар аҳолиси билан биргаликда мўғулларга қаттиқ қаршилик кўрсатиб, улардан бир неча минггини ҳалок этади. Аммо, сув ва егулик танқислиги, кучларнинг тенг эмаслиги оқибатида мудофаачилар ҳолдан кетиб, мўғуллар шаҳарга киришга муваффақ бўлади. Икки ўртада шиддатли жанг бўлиб, Инолчиқ қўшини енгилади. Отиша-отиша бир дона ҳам ўқи қолмаган Инолчиқ, вайрон бўлган қалъа ғиштлари билан бир қанча мўғулларни уриб ўлдиради. Охири, мўғуллар кўпчилик бўлиб унинг устига ташланадида, қўл-оёқларини боғлаб Самарқандга — Чингизхоннинг ҳузурига олиб боради. Чингизхон унинг кўзу қулоқларига кумуш эритиб қуйишни амр қилади (яна қ. Ўтрор мудофааси).