ИНФИЛЬТРАЦИОН КОНЛАР

ИНФИЛЬТРАЦИОН КОНЛАР — ер остидаги кимёвий фаол сувли эритмаларда эриган турли рудали элемент ва улар бирикмаларининг тоғ жинслари ёриқ ва ғовакларида чўкишидан ҳосил бўлган конлар. Сувли эритмалар ернинг чуқур жойларида тоғ жинслари ёриқлари бўйлаб ўтганда уларнинг тарки-бидаги рудали моддаларни эритиб бошқа жойга олиб кетади. Сувда эриган элементлар маълум физик-кимёвий муҳитда чўкади, чўкмай қолганлари грунт сувлари зонасига етиб боради.

Инфильтрацион конлар қосил бўлишида геокимёвий тўсиқлар муҳим роль ўйнайди. Булар грунт суви миграциясини кескин сусайтиради, натижада элементларнинг чўкишига қулай кимёвий шароит яратилади ва сувли эритмалардан элементлар осонгина чўкади. Шу йўл билан темир, мис, ванадий, уран, радий, барий, фосфорит ва б. конлар ҳосил бўлади. Инфильтрацион конлар 50 м дан 700 м гача чуқурликда вужудга келади. АҚШ (Нью-Мексико штати) ва Боливияда (мис), Англияда (темир), АҚШ (Колорадо ва Юта штатлари )да (уран-ванадий) И. к. бор. Ўзбекистонда Учқудуқ, Кўкча, Лайлакон уран конлари мавжуд.