ИНФЕКЦИОН МОНОНУКЛЕОЗ

ИНФЕКЦИОН МОНОНУКЛЕОЗ, безлар иситмаси, Филатов касаллиги — одамнинг ўткир инфекцион касаллиги. Бунда бўйиндаги, жағ остидаги ва б. лимфа безлари ши-шади, томоқ оғрийди, жигар зарарланади, қон ўзгаради. Биринчи марта рус олими Н. Ф. Филатов тасвирлаган. Касалликка махсус вирус сабаб бўлади, деб фараз қилинади. Болалар ва ўспиринларда кўпроқучрайди; яширин даври 7—12 кун. Ҳаво-томчи йўли орқали юқади. Касаллик, одатда, бирданига бошланади, т-ра 39—40° гача кўтарилади, бош қаттиқ оғрийди. Муртак безлари оқ, сарғиш караш бойлайди, шундан кейин лимфа безлари (баъзан талоқ ҳам) катталашади. Иситма 20—25 кун давом этади. Бемор мумкин қадар эртароқ врачга мурожаат қилиб, даволаниши керак.

Олдини олиш: бемор иситмаси қайтгунча бошқалардан ажратиб қўйилади.