ИМПРЕССИОНИЗМ

ИМПРЕССИОНИЗМ (франц. impression — таассурот) — санъатда 19-а. охири — 20-а. бошларида ҳукм сурган йўналиш. Импрессионизм вакиллари мавжуд борлиқни ҳаракатда, ўзгаришда табиийроқ тасвирлашга, ўз лахзалик таассуротларини ифодалашга интилиб, тасвирнинг жонли, ҳаққонийлигига эришган. Воқеликнинг табиийлиги, инсон ва муҳит бирлигида унинг доимий ўзгарувчанлиги ифода этилди.

Дастлаб 1860-й. ларда француз рангтасвирида вужудга келган. Э. Мане, К. Моне, О. Ренуар ҳаётдан олган бево-сита жонли таассуротларини тасодифий ҳаракат, фавқулодда ҳолатлар ифодасида намоён этдилар. Манзара, портрет, кўп шаклли композицияларда рас-сомлар томонидан дастлабки таассуротлар кучи ва софлиги, бетакрор хусусиятлари майда деталларига берил-масдан тасвирланди. Импрессионистлар илк бор замонавий шаҳар ҳаётининг серқирра кўринишларини яратиб, асарларида шаҳар манзараси ва ундаги одамлар қиёфасида унинг ўзига хослигини акс эттирдилар. К. Моне, Э. Дега, К. Писсарро, А. Сислей каби манзара усталари ўз асарларини очиқ ҳавода ишлаб қуёш нури жилосини, табиатнинг ранг-баранг бўёклари бой маж-муасини ёрқин акс эттирдилар, пленэр уларнинг асарларидаги кундалик оҳан-гларга қуёш нури б-н тўйинган, бай-рамона кайфият бахш этган.

Етук Импрессионизм асарлари ёрқинлиги ва ҳаётийлиги билан ажралиб туради. Импрессионизм хусусиятлари неоимпрессионизм ва постимпрессионизмда тараққий этди. Америкада Ж. Уистлер, Германияда М. Либерман, Л. Коринт, Россияда К. А. Коровин, И. Э. Грабарь ва б. ижоди Импрессионизм ривожига ҳисса бўлиб қўшилди. 1880 — 1910 й. ларда Импрессионизм кўп рассомлар ижодига сезиларли таъсир кўрсатган. Бу во-қеликни янги томонларини ўзлаштиришда, пленэр усулларини эгаллашда намоён бўлди. Импрессионизм қоидалари ҳайкалтарошликда турли даражада ўз аксини топди. Ҳайкалтарошлардан француз О. Роден, италиялик М. Россо, рус П. П. Трубецкий, А. Голубкина ва б. ўз асарларида ҳаракатни, ҳаракат пайтида шакл ўзгаришларини ифода этдилар.

Импрессионист рассомлар ижоди ўзбек рангтасвир санъати ривожида ҳам ўз ифодасини топди. Ўзбекистонлик рассомлар Л. Бурэ, О. Татевосян, П. Беньков, 3. Ковалевская, А. Мирсоа-тов ва б. ижодида шу таъсир сезилади.

Мусиқада — И. Франция композиторлари ижодида 1880—90 й. ларда пайдо бўлган (К. Дебюсси, кейинчалик М. Равель, П. Дюка ва б.). 20-а. бошидан Европанинг бошқа мамлакатларида ҳам тарқалган (Испанияда М. де Фалья, Италияда О. Респиги, А. Казел-ла, Польшада К. Шимановский ва б.). Мусикий Импрессионизмга табиат манзаралари, таш-қи дунё ҳодисаларини кузатиш жараё-нида юзага келган ҳис-туйғуларни, но-зик руҳий ҳолатларни акс эттириш хосдир. Асарлар тембр ва гармониянинг ранг-баранглиги, шакл ривожининг эркинлиги, ритмикасининг беқарорлиги билан ажралиб туради.

Адабиётда — И. нинг бир неча ус – лубий йўналишлари кузатилади. «Психологик Импрессионизм» йўналишида яратилган асарлар, айниқса, машҳур. Гарчи бу йўналишнинг асосчилари ака-ука Гонкурлар ҳисоблансада, янгича шаклдаги рухий тахлилларга бой асарларни К. Гамсун, Т. Манн, С. Цвейг, айниқ-са, М. Пруст ижодида кўплаб учратиш мумкин.

20-а. ўрталарига келиб Импрессионизм услуб сифатида ўз умрини тугатган бўлсада, турли мамлакатлар ижодкорлари орасида бу йўналишда асарлар яратаетган ёхуд ижодий эволюциясининг муайян босқичида унга эргашган ёзувчилар топилади. Хусусан, ўзбек адибларидан X. Дўстмуҳаммад («Кўз қорачиғидаги уй», «Жажман» ва б.), Н. Эшонқул («Маймун етаклаган одам» ва б.) ижодида шу йўналишнинг таъсири сезилади.