ИМПЕРИАЛИЗМ

ИМПЕРИАЛИЗМ (франц. imperialisme) — кенг маънода ҳудудларни босиб олишга, қарам қилишга, бошқа давлатлар устидан сиёсий ёки иқтисодий назорат ўрнатишга қаратилган давлат сиёсати. У бир давлатнинг ўз ҳокимиятини бошқа давлат ҳудудида иқти-содий ва сиёсий фойда олиш мақсадида қарам аҳолини, асосан, ҳарбий воситалар ёрдамида эзиш ҳисобига амалга оширишини англатади. Империя, аслида, босиб олиш ва ҳукмронлик қилишнинг, давлатлар ўртасидаги сиёсий рақобатнинг қад. шакли ҳисобланади. Империализм термини 19-а. 2-ярмида инглиз иқтисодчи олими Ж. Гобсоннинг «Империализм» номли китоби (1902) чиққанидан сунг, айниқса, кенг тарқалди ва Империализмга нисбатан бирбиридан кескин фарқ қилувчи фикрлар пайдо бўлди. Либерализм йуналишидаги олимлар (жумладан, немис иқтисодчиси Й. А. Шумпетер) фикрича, Европа мамлакатларининг 19-а. даги империалистик экспансияси капиталистик тараққиёт ва рақобатнинг хусусияти эмас эди, аксинча, у капитализмнинг сиёсий ва иқтисодий моҳиятига зид бўлган. Шу маънода Империализм мутлақ монархиялар давридаги милитаристик миллатчиликнинг оқибати ҳисобланади. Радикал йўналишдаги олимлар ва сиё-сатчилар (жумладан, В. И. Ленин) И. ни капитализмнинг олий ва сўнгги босқичи дея баҳолаб, молия капитали ҳук-мронлиги, иқтисоднинг ички инқиро-зига жавоб тариқасида четга капитал чиқариш, халқаро трестларнинг ўсиши ва ер юзининг капиталистик давлатлар томонидан тақсимлаб олиниши билан боғлаб тушунтирмоқчи бўлади. Бу фикрнинг хатолигини исботловчи на-зариётчиларнинг таъкидлашича, Империализм, биринчидан, тарихан капитализмдан олдин келади, иккинчидан, империалистик давлатлар ўртасидаги рақобат, аввало, иқтисодий эмас, балки сиёсий сабаблар б-н боғлиқдир.