ИЛОНЧИСОЙ

ИЛОНЧИСОЙ — Жиззах вилояти Фориш туманидаги сой. Нурота тизмасининг шарқий тармоғи — Қўйтош тоғларининг шим. ён бағридан (1500 м) бошланувчи 15 га яқин кичик ирмоқнинг қўшилишидан ҳосил бўлади. Шим. йўналишда оқади. Уз. 32 км, ҳавзасининг майд. 47 км2. Бошланишида Оқбулоқсой деб, Оқтепа қишлоғи ёнида унга Ёмчисой қўшилгач, Илончисой деб аталади. Хонбанди тоғини кесиб ўтгач, Учқулоч шаҳарчасидан 1 км шим. ғарбда тугайди. Илончисой қор, мавсумий ёмғир ва булоқ сувларидан тўйинади. Йиллик оқимнинг 70—80% март — апрелда оқиб ўтади. Ўртача йиллик сув сарфи 200—250% л/ сек. Илончисойдан суғоришда фойдаланилади.