ИЛОҲОБОД

ИЛОҲОБОД, Оллоҳобод — Ҳиндистонинг шим. даги шаҳар, УттарПрадеш штатида, Жамна дарёсининг Ганг дарёсига қуйилиш ерида жойлашган. Аҳолиси 806 минг кишидан зиёд (1990-й. лар ўрталари). Транспорт йўллари тугуни. Шаҳар ўртасидан ўтган т. й. унинг кўҳна қисмини янги қисмидан ажратиб туради. Илоҳобод нингзамонавий қисмида янги турар жой маҳаллалари, озиқ-овқат, тамаки, ойна саноати корхоналари жойлашган. Диний маросим буюмлари ишлаб чиқарилади. Ун-т (1887 й.) бор. И. — ҳиндуларнинг диний байрам ўтказадиган ва зиёратгоҳ жойи. Мусулмон ва ҳинду меъморий ёдгорликлари кўп, жумладан подшо Ашока давридан (мил. ав. 242 й.) қолган тош устунлар, катта «Хусрав боғи» (бу боғда подшо Жаҳонгирнинг ўғли Хусравнинг макбараси бор, 17-а.) ва б. И. нинг бунёд этилган вақти номаълум. Қад. Ҳиндистонда у Праяга деб аталган. Акбаршоҳ Праяга яқинида 1583 й. да Илоҳобод қалъасини қурдирган; шу вактдан шаҳар ҳам Илоҳобод деб атала бошлаган.