ИЛМИЙ БАШОРАТ

ИЛМИЙ БАШОРАТ — табиат ва жамиятнинг айни пайтда номаълум, лекин келажакда юзага келиши ёки ўрганилиши мумкин бўлган воқеа ва ҳоди-саларини, жараёнларни илмий қону-ниятлар асосида олдиндан айтиб бериш, кўра олиш. Илмий башорат ижодий жараён бўлиб, табиат, жамият тараққиёти объектив қонунларининг фанда ўрганилган асосларига суянади. Илмий башорат воқелик ҳақида тўпланган билим ва тажри-баларга, воқеликнинг ўзгариши ва ривожланиши қонуниятларига таянган ҳолда чиқариладиган, илмий жиҳатдан асосланган хулосалардир. Бунда воқеликдаги зарурий алоқадорлик, даврий ўзгаришлар ҳамда тасодифий эҳтимолликлар ҳисобга олинади. Олимлар осмон ёритқичларининг даврий ҳаракатларини ўлчаш натижасида Қуёш ва Ойнинг тутилиш вақтларини олдиндан айтишган, сайёраларнинг ҳаракатланиш жадвалларини тузишган (мил. ав. 585 й. юнон олими Фалес Қуёш тутилишини башорат қилган. Улуғбек тузган юлдузлар жадвали эса осмон ёритқичларининг даврий ҳаракатини аниқ акс эттирган). Табиатдаги даврий ўзгаришларни кузатиш натижасида йил фаслларининг алмашиниши, шамолнинг йўналиши ва булутларнинг ҳола-тига қараб обҳавонинг ўзгаришини олдиндан айта олишган, бундай билимлар деҳқончилик ва чорвачиликда муҳим аҳамият касб этган. Башорат қилишнинг айрим элементлари жони-ворларда ҳам учрайди. Қушлар, баъзи ҳашаротлар обҳавонинг ўзгаришини олдиндан пайқар экан.

Илмий башорат ўз моҳиятига кўра, бир қанча турларга бўлинади. Буларга динамик ва статистик қонуниятларга таяниб айтиладиган Илмий башоратларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Қуёш ва Ой тутилишларини олдиндан айтиб бериш динамик қонуниятларга таяниб айтиладиган Илмий башорат бўлса, метеорологик ҳодисаларни ёки демографик жараёнларни прогнозлаш Илмий башорат қилишнинг 2турига киради. Ижтимоий ҳодисаларнинг ривожланиш қонуниятларига таяниб жамият тараққиётининг келажагини башорат қилиш Илмий башоратнинг 3туридир. Ижтимоий Илмий башоратни, ўз навбатида, иқтисодий, демографик, сиёсий ва б. турларга ажратиш мумкин. Илмий башорат воқеликни, унинг келажагини олдиндан билиб олишга имкон берадиган мураккаб илмий билиш шакли ҳисобланади. Илмий башоратнинг тўғрилиги уни илгари суришда таяниладиган билимларнинг пухталигига, кўламига, аниқлигига, ҳаққонийлигига боғлиқдир.

Илмий башорат пайғамбарлар ва авлиёларнинг кароматлари, фолбинлик ёки астрологик усулда келажакни башорат қилишлардан фарқланади.

Ад.: Предвидение как форма научного познания [сб. статьей], Т., 1985.

Бахтиёр Тўраев.