ИЛҲОМ

ИЛҲОМ — одамнинг руҳий ҳолати; ундаги барча ижодий кучларнинг куйилиб келиши, руҳий жараёнларнинг фаоллашуви. Бундай ҳолатда бутун руҳият айни бир вақтда ишга солинади. Илҳом пайтида онг тиниқлашиши кузатилади, фикрлаш ва ижодий ҳаёлот сермаҳсул бўлади, ҳис-туйғулар тўлиб тошади, эътибор буткул ижод объектига қаратилган бўлади. Илҳомнинг физиологик асоси доминанта (вақтинча ҳукмронлик қилувчи рефлектор тизими) ҳисобланади.

Илҳомни «илоҳий рухланиш» билан боғловчилар уни фақат бадиий ижодда намоён бўлади, деб ҳисоблайдилар. Илҳомга моддиюнчилик нуқтаи назаридан ёндошувчилар уни қаттиқ меҳнат қилиш натижаси деб биладилар. Илҳомни ижодиётнинг ижтимоий ва индивидуал омиллари, атроф муҳит ва шахснинг ижтимоий шартшароитлари билан боғлайдилар. Меҳнат фаолиятининг ҳар қандай кўриниши илҳомбахш ва ижодий бўлиши мумкин. Илҳомнинг пайдо бўлиш сабаблари, намоён бўлиш шакллари хил-махил. Барча фан соҳибларида Илҳом бўлади. Илҳом ижоднинг қудратли омили, у ижодкорларнинг ҳамма кучларини ишга солади, ижодий самарадорликка ёрдам беради (яна қ. Ижод).