ИЖТИМОИЙ СТРУКТУРА

ИЖТИМОИЙ СТРУКТУРА — ижтимоий тузум таркибий қисмлари ўртасидаги барқарор ва тартиблашган алоқалар тармоғи. Ижтимоий гуруҳлар муносабатлари, меҳнат тақсимоти, ижтимоий тартиботлар (давлат ва б.) хусусияти билан белгиланади. Аҳолининг Ижтимоий структураси, шунингдек, унинг касбҳунар, миллий, жинс, ёш, маданий ва б. белгилари бўйича бўлинишини ҳам ўз ичига олади. Ижтимоий структура ижтимоий ҳаёт хусусиятини ўзида ифода этиб, жамиятни ташкил этувчи элементлар ўртасидаги муносабатларни акс эттиради. 19-а. да яшаган ижтимоий фанлар тадқиқотчилари (инглиз олими Радклифф-Браун ва б.) жамиятни муайян қонуниятлар асосида ишловчи машина ёхуд жонли организмга таққослаб ўрганганлар. Ижтимоий структура нималардан иборат, деган масалада турли илмий қарашлар мавжуд. Баъзилар бу тушунчани одамлар гуруҳларининг ўзаро умумий муносабатлари мажмуи билан боғласа, бошқалар жамиятдаги турли ижтимоий тартиботларни на-зарда тутганлар. Айрим социологлар Ижтимоий структурага муайян ижтимоий воқеликдаги ўзгаришларни тавсифлаш имконияти сифатида карайдилар. Ижтимоий структура реал ифодала-нувчи воқелик тарзида эмас, у мавҳум формула шаклида намоён бўлади. Шунинг учун Ижтимоий структурани муайян шаклларга солиб ўрганишга уриниш нотўғридир. Их. мазмуни ўзгараётган замон ва макон моҳиятига мувофиқ равишда мослашиб, мутаносиблашиб боради.

Мансур Бекмуродов.