ИЖТИМОИЙ МУҲИТ

ИЖТИМОИЙ МУҲИТ — инсоннинг яшаши ва ишлаши учун уни ўраб турган ижтимоий, моддий ва маънавий шартшароитлар. Мухит кенг маънода (макромуҳит) ижтимоий-иқтисодий тизимни — ишлаб чиқарувчи кучлар, ижтимоий муносабатлар ва тартиб-қоидалар мажмуини, жамиятнинг ижтимоий онг ва маданиятини ўз ичига олади. Тор маънодаги Ижтимоий муҳит (микромуҳит) бевосита инсонни қуршаб олган оила, меҳнат, ўқув ва б. гуруҳлардан иборат. Ижтимоий муҳит шахснинг шаклланишига ва ривожланишига ҳал қилувчи таъсир кўрсатади. Айни вақтда инсоннинг ижодий фаоллиги, фаолияти таъсирида Ижтимоий муҳит ўзгаради, бу ўзгаришлар жараёнида одамларнинг ўзлари ҳам ўзгаради.