ИҲОТА ДАРАХТЗОРЛАРИ

ИҲОТА ДАРАХТЗОРЛАРИ — қ. х. экинлари, чорвачилик фермалари, каналлар, аҳоли пунктлари, автомобиль ва т. й. лар, сув омборлари ва б. объектларни табиатнинг ноқулай ҳодисалари (қурғоқчилик, тупроқ эрозияси, сел, қор ва б.)дан саклаш ва микроиқлимни яхшилаш мақсадларида барпо қилинадиган ўрмон дарахтзорлари. Улар ўрмон массивлари, тасмасимон ва туп-туп шаклда бўлиши мумкин. Бу дарахт-зорлар ўрмонларнинг 1-гуруҳ тоифасига киради. Бажарадиган вазифасига қараб Иҳота дарахтзорлари қуйидаги гуруҳларга бўлинади: давлат иҳота ўрмонзорлари; лалми ерлардаги Иҳота дарахтзорлари ; каналлар атрофидаги иҳота ўрмонзорлари; суғориладиган ерлардаги дала ўрмон иҳотазорлари; тоғ қияликларидаги сувларни тартибга солиш иҳотазорлари; жарликлар атрофидаги ўрмон иҳоталари; тоғ мелиоратив Иҳота дарахтзорлари ; яйлов ўрмон иҳота-зорлари; фермалар атрофидаги ўрмон иҳотазорлари; яшил соябонлар; кўчма қумларда барпо этилган ўрмон иҳота-зорлари ва б. И. д. ни барпо этишда асосий (ҳимояловчи), йўлдош (тупроқнинг вертикал кесимини зичлайдиган) дарахтлар ва бута (тупроқни эрозиядан ҳимоялайдиган) лардан фойдаланилади.

Иҳота дарахтзорларининг қуйидаги турлари кўпроқ қўлланади: лалми ва суғориладиган ерларда дарахт ва буталар экиб, 2—4, баъзан 5 қатор дал а иҳота дарахтлари минтақаси ҳосил қилинади. Шамол кучли бўлган минтақаларда (Фарғона водийсининг Қўқон туманлари гуруҳи, Мирзачўл ва ш. к.) 4—5 қаторли панжарасимон дарахтзор минтақалари (минтақанинг бутун вертикал кесими бўйича бир хил оралиқда йўлаклар қолдирилади) яхши самара беради. Дала иҳота дарахтзор минтақалари шамол тезлигини пасайтиради, тупроқни шамол эрозиясидан саклай-ди, қорнинг бир текисда тўпланишига ва намни сақлашга имкон беради. Сувни тартибловчи дарахтзор минтақалари қияроққ. х. ерларида барпо қилинади. Уларнинг асосий ва-зифаси эриган қор сувлари ва ёғинларнинг оқиб кетишини камайтиришдан иборат. Шунингдек, улар тупроқни ювилиб кетишдан саклайди, ер сиртидаги сувларнинг тупроқ остига ўтишини осонлаштиради. Дарахтзор минтақаларининг сувни тартибловчилик ролини оддий гидротехника иншоотлари — террасалар, марзалар, ариқчалар ёрдамида кучайтириш мумкин. Сойлик ва жарлик бўйлари дарахтзор минтақалари, асосан, сойлик ва жарлик бўйларини ювилишдан саклашга хизмат қилади. Бундай дарахтзорлар 12,5—21 м кенгликда қалин қилиб экилади, баъзан эса сойлик ва жарлик ёқалари ёппасига ўрмонзорга айлантирилади. Тог ён бағрилари ўрмонлари селдан сақлаш мақсадини кўзда тутади. Mac, Чирчиқ ва Самарканд ўрмон хўжаликларида сел хав-фи бўлган ҳавзаларнинг бир қанча минг га майдони ўрмонлаштирилган. Қумликларда иҳота дарахтлари ўтқазиш дефляциянинг олдини олиш, кўчма қумларни мустаҳкамлаш ва чўл яйловларининг ўрмон мелиорацияси мақсадларида амалга оширилади; канал бўйлари дарахтзорлар и сувнинг буғланишини камайтиради, грунт сувлари сатҳини пасайтиради, канал бўйларидаги ерларни қайта шўрланишдан сақлайди; сув омборлари атрофига дарахтлар ўтқазиш ер усти сув оқимини камайтириб, уни тупроқ остига ва грунтга кўчиради, қирғоқни ювилишдан саклайди, соҳилбўйи ҳудудларнинг гидрологик режимини яхшилайди; аҳоли пунктлари атрофига ва йўл ёқаларига дарахт ўтқазиш шамол тезлигини пасайтиради, қурғоқчилик таъсирини юмшатади, микроиқлимни яхшилайди, темир йўллар ва автомобиль йўлларини қор босишидан саклайди ва ҳ. к. И. д. шамолга нисбатан жойланишига қараб асосий (шамол йўналишига кўндаланг) ва ёрдамчи (асосий иҳотазорга перпендикуляр) турларга бўлинади. Асосий ўрмон иҳотазорлари оралиғи шамолнинг кучига қараб 300— 600 м, ёрдамчи иҳотазорлар оралиғи 800—1200 м бўлади. Иҳота дарахтзорлари 3—5 қатордан иборат бўлиб, қаторлар оралиғи 2,5—3 м, қатор ичида 1—2 м га тенг бўлади.

Ўзбекистонда ҳар йили 33 минг га майдонда ўрмонзорлар барпо қилинмоқда, унинг 10—12 минг гектари Орол денгизининг суви қуриган жойларига тўғри келади (2002).

Дала, аҳоли пунктлари, сув омборлари атрофига, канал ва йўл ёқаларига дуб, қайрағоч, терак, тол, жийда, чинор ва шунга ўхшаш дарахтлар, тоғ ён бағирларига арча, дуб, ёнғоқ, бодом ва б., қумларни мустаҳкамлашда эса саксовул, кандим, шумтол ва б. экилади (қ. Агроўрмон мелиорацияси).

Ад.: Молчанова А. И., Бойко Н. П., Полезашитное лесоразведение в Узбекистане, М., 1969; Агролесомелиорация, [Подред. В. П. Виноградова], М., 1979.

Абдушукур Хоназаров.