ИГУАНАЛАР

ИГУАНАЛАР (Iguanidae) — калтакесаклар оиласи. Танасининг шакли ва ранги ҳар хил. Узунлиги бир неча см дан 2 м гача (Iguana iguana). Боши жуда кўп майда қалқончалар билан крпланган. Агамаларга ўхшайди, улардан тишларининг жағига ички томондан ёпишганлиги билан фарқ қилади. Оёқлари яхши ривожланган. 500 га яқин тури маълум. Шим. ва Жан. Америка, Мадагаскар ва айрим Полинезия оролларида тарқалган. Кўпчилиги ўрмонларда дарахтлар шохида, чўл ва тоғларда яшайди, айрим турлари умрининг бир қисмини сувда ўтказади. Асосан, ҳашаротлар ва б. майда умуртқасиз ҳайвонлар билан озиқланади, айрим турлари ўсимликхўр. Тухум қўйиб кўпаяди, бир қанча турлари тухумдан тирик туғади. Гўшти, тухуми ва те-рисидан фойдаланилади. 13 тури ва кўпчилик кенжа турлари Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи Қизил ки-тобига киритилган.