ИГНАТЕРИЛИЛАР

ИГНАТЕРИЛИЛАР (Echinodermata) – умуртқасиз ҳайвонлар типи. Танасининг узунлиги бир неча мм дан 5 м гача, юлдуз, бодринг, думалоқ ва б. шаклда. Вояга етган Игнатерилилар танаси одатда 5 нурлик симметрияга эга. Скелети оҳак пластин-калардан ва кўпинча танаси юзасига бўртиб чиқиб турадиган оҳақ пихлар, яъни игналардан иборат. Игнатерилиларда амбу-л а крал система бўлади. Бу система сув билан тўлган найчалардан ташкил топган. Найчалар ҳаракатланиш органлари — жуда кўп амбулакрал оёқчалар билан боғланган. Игнатерилиларнинг айрим синфларида бу оёкчалар пайпаслагичларга ўхшаш бўлиб, нафас олиш, қисман туйғу вазифасини бажаради. Игнатерилиларнинг тана бўшлиғи иккиламчи. Асосан, жинсий йўл билан кўпаяди. Личинкаси диплеурула дейилади. Метаморфоз орқали ривожланади. Ўсимлик, детрит, майда ҳайвонлар билан озикланади. Шунингдек, денгиз юлдузлари, балиқлар, моллюскалар, йирик қисқичбақасимонлар ва б. ҳайвонлар билан озикланиб, бир-мунча зиён келтиради. 6 мингтача тури маълум, асосан, суви жуда шўр денгизларда яшайди. 5 синф (денгиз юлдузлари, офиуралар, денгиз типратиканлари, денгиз бординглари (голотуриялар), денгиз нилуфарлари) га бўлинади.