ИДЕАЛЛАШТИРИШ

ИДЕАЛЛАШТИРИШ (юн. идея сўзи-дан) — 1) бадиий ижодда бирор нарса ҳодиса, воқеа ва шахсни аслидагидан кўра мукаммалроқ тасаввур қилиш, тасвирлаш. Мас, Алишер Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» достонидаги Фарҳод, Ширин; Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» романидаги Отабек, Кумуш образлари;

2) аслида бўлмаган, лекин мавжуд оламда тимсоли бор бўлган (мас, абсолют кора жисм, идеал газ ва б.) объектлар, жараёнлар ва ҳодисалар ҳақидаги тушунчаларни фикран моделлаш. И. қонунларни таърифлаш, ҳаётий жараёнларнинг мавҳум шаклларини тузиш имконини беради.