ИДЕАЛ ШАҲАР ЛОЙИҲАСИ — Уйғониш даврида Италия меъморлари томонидан яратилган. Мил. ав. 1-а. нинг 2-ярмида яшаган Рим меъмори ва муқандиси Витрувийнинг юнон ва қад. Рим меъморлари тажрибаларини умумлаштириб ёзган «Меъморлик ҳақида ўн китоб» рисоласига риоя қилиб, ўз даврида илм ва техника ютукларига, давр эстетик идеалларига таяниб Идеал шаҳар лойиҳасини яратдилар (1450—1615). Лойиҳаларда шаҳар худудини турар жой, маъмури-ят, савдо, и. ч., жамоат мажмуаларига ажратиб қуриш, шаҳарликларни касбикори, табақасига ажратиб жойлаштириш кўзда тутилган. Идеал шаҳар лойиҳасига риоя қилиб Терра дель Соле (1564), Ла Валетта ш. (1566) ва Пальма Нуова (1593 — 95) қалъалари, Граммикеле ш. (1693) ва б. бир неча шаҳарча қурилган.
Шарқда Форобий, Абу Райҳон Беруний, Низомий, Саъдий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий ва б. ўз ижодида Идеал шаҳар лойиҳаси масаласига тўхталган. Форобийнинг «Идеал шаҳар аҳолисининг маслаги» асарида «Ҳақиқий бахтга эришиш мақсадида ўзаро ёрдам қилувчи қисмларни бирлаштирган шаҳар идеал шаҳардир, бахтга эришиш мақсадида бирлашган кишилар жамоаси идеал жамоадир. Бахтга эришиш мақсадида ўзаро ёрдам берган халқ идеал халқдир», дейилган. Идеал шаҳар лойиҳасида илгари сурилган асосий ғоялар, кўзда тутилган муҳим мақсадлар кейинги даврлар меъморлик санъатида муҳим аҳамият касб этди. Шаҳарларни аҳолига қулай, кўкаламзор, зоналарга ажратиш ва ш. к. фикрлар кейинги асрлар меъморлари лойиҳаларида ривожлантирилди.