ИЧКИ МЕҲНАТ ТАРТИБИ ҚОИДАЛАРИ

ИЧКИ МЕҲНАТ ТАРТИБИ ҚОИДАЛАРИ — ЎзРда ишлаб чиқариш жараёнида қатнашувчиларнинг биргаликдаги меҳнатини тартибга солувчи асосий меъёрий ҳужжат. И. м. т. қ. нинг асосий мақсади ходимларни меҳнатга онгли муносабатда бўлиш руҳида тарбиялаш, меҳнат интизомини янада мустаҳкамлаш, меҳнатни илмий асосда ташкил этиш, иш вақтидан оқилона фойдаланиш, юқори иш сифатига эришиш. меҳнат унумдорлиги ва и. ч. самарадорлигини оширишдан иборат. Ҳоз. кунда амал қилиб келаётган бундай меъёрий ҳужжат ЎзР Меҳнат вазирлиги томонидан 1996 й. 2 апр. да тасдиқланган, у идоравий мансублиги, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ходимлари учун Намунавий Ички меҳнат тартиби қоидалари деб аталади ва иш берувчилар ҳамда ходимлар учун мажбурий қридаларни ўз ичига олади.

Намунавий Ички меҳнат тартиби қоидалари асосида вазирликлар ва идоралар тегишли марказий (республика) касаба уюшмалари қўмиталари билан келишиб, халқ хужалигининг муайян тармоғи хусусиятларига татбиқан тармоқларнинг Ички меҳнат тартиби қоидаларини ишлаб чиқади. Корхоналар, ташкилотлар, муассасалардаги Ички меҳнат тартиби қоидалари ҳам мазкур Намунавий Ички меҳнат тартиби қоидалари асосида иш шароити ҳисобга олинган ҳолда тузилади ва иш берувчи томонидан касаба уюшма қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органлари билан келишиб, тасдикланади. Тармоқ ва корхоналарнинг Ички меҳнат тартиби қоидалари Ўзбекистон Меҳнат кодекси қамда Намунавий Ички меҳнат тартиби қоидаларига ва меҳнат ҳақидаги бошқа меъёрий ҳуж-жатларга хилоф бўлиши мумкин эмас. Ходим ишга қабул қилинаётганда иш берувчи уни мазкур қоидалар билан таништирмоғи шарт.