ИБСЕН

ИБСЕН (Ibsen) Генрик (1828.20.3, Шиен — 1906.23.5, Кристиания) — норвег драматурги. Бергендаги биринчи миллий норвег театрига (1852—57), Кристианиядаги норвег театрига (1857—62) раҳбарлик қилган. Илк шеърлари ва «Катлина» (1850) драмаси Европадаги 1848 й. инқилоби таъсирида яратилган. Рим, Дрезден, Мюнхенда яшаган (1864—91). «Эстротлик Ингер хоним» (1855), «Гельгеландаги урушлар» (1858), «Тахт учун кураш» (1863) тарихий драмаларида Европа романтизмининг таъсири сезилади. «Бранд» (1866) ва «Пер Гюнт» (1867) фалсафий-рамзий поэтик драмаларида норвег киборлари ҳаёти тасвир этилган. Ибсеннинг «Жамият пешволари» (1877), «Уя» (1879), «Шарпалар» (1881), «Халқ душмани» (1882) пьесалари машҳур. «Ёввойи ўрдак» (1884), «Росмерсхольм» (1886), «Денгиздан келаётган аёл» (1888), «Гедда Габлер» (1890) каби драмаларида сўнгги даврга хос рамзий унсурлар акс этган. «Қурувчи Сольнес» (1892), «Кичкина Эй-ольф» (1894) ва б. асарлари Европа реалистик драматургиясининг ютукларидан ҳисобланади. Ибсен жаҳон драматургияси ва театрига катта таъсир ўтказди. «Шарпалар» пьесасидан парчалар ўзбек тилига таржима қилинган (1974).