ИБРОҲИМОВ Ғалимжон Гирфанович

ИБРОҲИМОВ Ғалимжон Гирфанович — [1887.28.2. (12.3), Бошқирдистоннинг ҳоз. Аургазин тумани — 1938.21.1] — татар ёзувчиси, олим, жамоат арбоби. Замонавий татар адабиёти асосчиларидан. Оренбург (1898— 1905) ва Уфа (1906—09) мадрасаларида ўқиган. «Бизнинг йўл», «Маориф» жур. ларида муҳаррир. И. нинг дастлабки реалистик ҳикоя ва қиссалари («Закий талабанинг мадрасадан ҳайдалиши», 1907; «Татар аёли тақдири», 1910; «Табиат болалари», 1914 ва б.) да татар ёшларининг ҳаёти ва кураши акс этган. Унинг «Ёш юраклар» асари (1912) — татар адабиётидаги биринчи психологик роман. «Бизнинг кунлар» (1920) китоби 1905 — 07 й. даги инқилобий воқеаларга бағишланган. «Теран томирлар» (1926—28) романида фуқаролар уруши даври акс этган. Иброҳимов татар тилшунослиги ва тарихига оид илмий асарлар, дарсликлар муаллифи («Татар грамматикаси», 1911; «Адабиёт назарияси», 1916; «Она тилини ўқитиш методикаси», 1918 ва б.).

Ас.:Теран томирлар, Т., 1961; Қозоққизи, Т., 1964.