ИБРОҲИМБЕК

ИБРОҲИМБЕК, Иброҳимбек лақай, Мулла Муҳаммад Иброҳимбек Чақабой тўқсабо ўғли (1889, Душанба атрофидаги Кўктош қишлоғи — 1932.31.8, Тошкент) — Шўро хукуматига қарши кураш ҳаракати рахбарларидан бири. Иброҳимбек мақаллий мадрасада сабоқолган. 1919 й. да Ҳисор беги ҳузурида қилган хизматлари эвазига қоровулбеги, кейинчалик Бухоро амири томонидан девонбеги, тўпчибоши ва лашкарбоши лавозимларига кўтарилган. Собиқ амир Олимхон 1921 й. бошларида Иброҳимбекни бутун қўшинларига қўмондон қилиб тайинлаган. Бухоро қўрбошиларининг қурултойи (1921.17.09) да Иброҳимбекка «Ислом лашкарбошиси» деган унвон берилган. У қисқа муддат ичида 10.000 нафардан ортиқ аскар тўплаб, Кўлоб, Балжувон, Қоратегин, Дарвоз, Ҳисор вилоятларини қизил қўшиндан тозалаган. 1922 й. Душанба ш. ни босқинчилардан озод этишда қатнашган. 1923 й. баҳорда Иброҳимбек қўл остида фақат Шарқий Бухорода 47 та қўрбоши дасталари ҳаракат қилар, ас-карларининг сони Ҳисорнинг ўзида 20000 киши эди. 1923 й. ёзида у Ҳисор водийси ва Панж дарёси атрофида қатор муваффақиятли қарбий ҳаракатларни ўтказди. 1925 й. янв. да Иброҳимбек Сурхон воҳасида, Шеробод — Бойсун атрофларида шўро қўшинларига қарши му-ваффақиятли кураш олиб борган.

Ўрта Осиё республикалари тузилгач, Иброҳимбек Тожикистон ва Ўзбекистоннинг, асосан, тоғлик вилоятларида курашни давом эттирган. 1926 й. 21 июнда кескин жанглардан сўнг Афғонистон ҳуду-дига ўтиб кетган. Иброҳимбек 1926 — 29 й. ларда Кобул яқинидаги Қалъаи Фотуда — собиқ амир Сайд Олимхоннинг қароргоҳида яшаган. Иброҳимбек бошчилигидаги муҳо-жирлар Афғонистондаги сиёсий курашга, ҳарбий можароларга қатнашишга мажбур бўлишган (1928—29). 1928 й. нинг охирларида И. Кобулдан Шим. Афғонистонга келиб, ўз мавқеини мустаҳкамлади.

1929 й. 15 апр. — 31 майда совет қўшинлари Афғонистонга бостириб кирди. Совет қўшинлари 19 апр. Мозори Шарифни, 22 апр. да Тошқўрғон шаҳарларини босиб олишди.

1930 й. 24—25 майда қўрбошилар қурултойи чақирилиб, бўлғуси жанг ҳаракатлари ва чегаранинг турли нуқталаридан Тожикистон ССР ҳудудига ўтиш масалалари келишиб олинди. Иброҳимбек СССРга қарши ялпи ҳужум муддати қилиб 3 июль кунини белгилади. Бирок жосуслар орқали бу режадан во-қиф бўлган совет режими раҳбарлари зудлик б-н қарши зарба уюштирдилар. 1930 й. 20 июнда 2-марта Афғонистонга бостириб киришди. Бир ҳафта давом этган жангларда Иброҳимбекнинг 839 жангчи-си, шунингдек, кўплаб тинч аҳоли вакиллари ўлдирилди. Кучлар тенг бўлмаган жангда Иброҳимбек мағлубиятга учраб, ўзининг яқин сафдоши Ўтанбек қўрбоши ва қарбий кучлари билан Қора Ботир тоғларига чекинди.

1931 й. бошларига келганда Иброҳимбек ўз ҳаракатини фаоллаштириб, муҳожирларнинг тарқоқ кучларини яна бирлаштирди. Иброҳимбек 1500 кишилик сараланган қўшини ва 8 та қўрбошиси билан 1931 й. 30 мартда Тожикистон Республикаси ҳудудига кирган. Иброҳимбек қўшини билан шўро аскарлари ўртасида апр. —июнь ойларида шиддатли жанглар бўлган. 12 июнда Оқбош тоғидаги сўнгги жангда Иброҳимбек яраланиб, мағлубиятга учраган. 1931 й. 23 июнда чекистлар томонидан қўлга олиниб, Тошкентга олиб келинган. 1932 й. март ойида Иброҳимбек суд қилиниб, 31 авг. да қатл қилинган.

Ад: Амир Саййид Олимхон, Бухоро халқининг ҳасрати тарихи, Т., 1991; Ўзбекистоннинг янги тарихи. 2-китоб, [Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида], Т., 2000; Туркестан в начале XX века: К истории истоков национальной независимости, Т., 2000; Ўзбегим, Т., 1992; Ражабов К,., Бухорога қизил армия босқини ва унга қарши кураш, Т., 2002.

Қаҳрамон Ражабов.