ИБРОҲИМ ПОШО

ИБРОҲИМ ПОШО, Иброҳим бошо (1789, Кавала, ҳоз. Греция ҳудудида —1848.10.11, Қоҳира) — Миср давлат ва ҳарбий арбоби. Отаси Муҳаммад Али ўтказган иқтисодий ислоҳларда ва Миср армиясини тузишда қатнашган. 1807—12 й. ларда дафтардор (молия бўлими бошлиғи); 1812—16 й. ларда Юқори Миср губернатори. Миср армиясининг қўмондони (1816—41). Миср армияси Иброҳим пошо раҳбарлигида Арабистондаги ваҳҳобийлар ҳаракатини (1816—18) бостирган. Суданни эгаллаган (1820— 22). Иброҳим пошо Грециядаги миллий озодлик ҳаракати (1821—29) ни бостиришда қатнашган. Мисртуркия урушида бир неча ғалабага эришган (1831—33). Иброҳим пошо босиб олинган мамлакатлар (Фаластин, Сурия, Ливан) губернатори (1833—40). 1847 й. дан эса Миср ҳукмдори. 1848 й. июндан Усмонли турк ҳукумати уни Мисрнинг ворис пошоси қилиб тайинлади.