ИБРОҲИМ ДАВРОН

ИБРОҲИМ ДАВРОН (тахаллуси; асл исмшарифи Мирзааъзам Иброҳим ўғли) (1874-Қўқон-1922.5.4) — ўзбек шоири, маърифатпарвар, драматург, публицист. Иброҳим Даврон, асосан, шеър ва пьесалар, мақолалар ёзган. «Ашъори нисвон», «Туркча фиғонлар» (1912), «Олтин сўзлар» (1912), «Таълим жуғрофияси» (1913), «Маданий жумбоқлар» (1914) шеър ва топишмоқ тўпламлари; «Оғир ҳоллар», «Ватан ишқи», «Тенгсиз уйланиш» (1916) ва б. пьесаларида ватан тақдири учун қайғурган, аёлларнинг аҳволи, чор Россияси зулми остидаги оғир ҳаётни тасвирлаган, халқни билим олишга чақирган. Ибн Сино асарлари таъсирида тибга оид луғат тузган (нашр этилмаган). Кўқонда биринчи бўлиб суратхона (1901), «Мадоро» («Қувват») номли кутубхона очган (1912). Ҳамза б-н ҳамкорликда «Кенгаш», «Ҳуррият» жур. ларини чиқарган, жур. да рассомлик қилган, ёшлар тарбиясига оид мақолалар ёзган. 1918 й. дан бошлаб мактаблар очиш ишларида фаол иштирок этган. Иброҳим Даврон асарлари «Садои Туркистон», «Туркистон вилоятининг газети»да босилган.

Ад.: Шарипов Ж., Ўзбекистон таржима тарихидан, Т., 1965; Жалолов Т., Усмонов Ж., Заҳматли умрнинг зарҳал саҳифалари, Т., 1983.