ИБРАТ

ИБРАТ (тахаллуси; асл исмшарифи Исҳоқхон Жунайдуллахўжа ўғли) (1861, — Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани — 1937, Андижон) — ўзбек маърифатпарвари, шоир. Қўқондаги Муҳаммад Сиддиқ Тунқотар мадрасасида ўқиган (1878—86). 1887—92 й. ларда Истанбул, София, Афина, Рим, Кобул ва Жидда ш. ларида бўлган. Ҳиндистоннинг Бомбай ва Калькутта ш. ларида яшаган (1892— 96). Сафардан қайтгач, Тўрақўрғонда янги усул мактабини очган (1907), ўз қишлоғида «Матбааи Исҳоқия» номли литография ташкил қилган (1908). Ибрат янги мактаблар очиш, ўқитувчилар тайёрлаш, аёлларни илм-маърифатли қилиш ишларида фаол қатнашган. Ўз шеърлари («Тарихи чопхона», «Маданият ҳақида маснавий», «Газета хусусида», «Қалам») да маҳаллий ва чор амалдорлари кирдикорларини фош этган («Илми Ибрат», шеърий тўплам, 1909). Ибрат араб, форс, ҳинд, турк, ўзбек ва рус сўзларидан таркиб топган «Луғат ситта ас-сина» («Олти тилли луғат», Т., 1901) тузган, бу асар ўша давр учун катта аҳамиятга эга бўлган. Ибратнинг ёзувлар тарихига оид «Жомеъ улҳутут» («Хатлар мажмуи», 1912) асарида лотин, юнон, хитой, қинд, араб, Кирилл ёзувининг келиб чиқиши, ривожланиш тарихи ҳақида маълумот берилган, илмий-тарихий асарлари («Тарихи Фарғона», 1916; «Тарихи маданият», 1925; «Мезон уз-замон», 1926) эса Қўқон хонлигининг вужудга келишидан то 20а. 30-й. ларигача бўлган даврни ўз ичига олган. Ибрат «Туркистон вилояти газети», «Садои Туркистон», «Садои Фарғона» газ. ларига ёзган мақолаларида фан, маърифат ва маданиятни тарғиб этган. 1937 й. да қатағон қурбони бўлган. Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги 14-ўрта мактаб ва Тошкентдаги бир кўчага Ибрат номи берилган.