ИБН ХАЛЛИКОН

ИБН ХАЛЛИКОН Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Шамсуддин Абулаббос албар-макий ал-Арбилий аш-Шофиъий (1211.23.9, Арбил – 1282.21.10) – ирокдик араб тарихчиси. Ҳалаб ва Дамашқда таҳсил кўрган, Қоҳирада ўқиган (1238). 1261 й. Дамашққа қози-калон қилиб тайинланган. Кейинчалик Қоҳира қозикалони ёрдамчиси ва «Алфахриййа» ва б. мадрасаларда дарс берган. 1256—74 й. ларда «Вафайот ул-аъйон ва анбоъ абноъ из-замон» («Машҳур кишилар вафоти ва замондошлар ҳақида хабарлар») номли йирик асар ёзган. Унда машҳур олим ва адиблар таржимаи ҳоли (хусусан, мовароуннаҳрлик олимлар тўғрисида), Ҳуросон ва Мовароуннаҳрда Араб халифалиги даврида рўй берган ижтимоий-сиёсий воқеалар (Муқанна воқеаси ва б.), халифаликдан ажраб чиққан сулолалар (тоҳирийлар, саффорийлар, сомонийлар) тарихига оид, шунингдек, Яқин ва Ўрта Шарқнинг сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаёти ҳақида қимматли маълумотлар берилган. Бу асар Гёттинген (1835—43), Париж (1838—42), Қоҳира (1892), Теқрон (1867) ва Истанбул (1863) да нашр этилган.