ИБН ТУФАЙЛ

ИБН ТУФАЙЛ Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулмалик (тахм. 1110—1185) — араб ёзувчиси, давлат арбоби, табиб. Гранада (Андалусия) ва Марокашда яшаган. У ҳоким Абдулмўмин (1130 — 63) нинг шахсий котиби, халифа Юсуф (1163—84) нинг вазири ва табиби бўлган. «Ҳайй ибн Яқзон» («Яқзон ўғли Ҳайй») китоби ўрта аср фалсафаси ва араб мумтоз адабиётининг нодир ёдгорлигидир. Асар дастлаб лотин тилига, сўнгра Европа ва баъзи Шарқ тилларига таржима қилинган. Д. Дефонинг «Робинзон Крузо» романи билан Ибн Туфайл асари сюжетида умумий ўхшашликлар мавжуд.