ИБН ТАЙМИЯ

ИБН ТАЙМИЯ, Тақий ад-дин Аҳмад (1263, Ҳаррон, Сурия — 1328, Дамашқ) — ҳанбалийлик мазҳабига мансуб фақиҳ ва илоҳиётчи олим. 1269 й. отаси оиласи б-н Дамашққа кўчиб ўтади. Ибн Таймия дастлаб отаси асос солган Суккария мадрасасида таълим олади, сўнг 21 ёшида шу мадрасага ўзи мударрислик қилади. 1296 й. Дамашкдаги Ҳанбалия мадрасасида сабоқ берди. 1306—12 й. ларда Мисрда яшади. Шу даврда у Миср илоҳиётчилари билан кескин баҳслар юритди ва натижада 2 марта зиндонга тушди. 1313 й. Дамашққа қайтиб яна мударрислик фаолиятини давом эттирди. Аммо, бу ерда ҳам 1321 ва 1326 й. зиндонга тушади ва тутқунликда вафот этади.

Ибн Таймия ўз дунёқараши бўйича ҳанбалийлик мазҳабининг салафия оқимига мансуб эди. У Муҳаммад (ас) саҳобаларининг фикрларини 4 мазҳаб асосчиларининг таълимотларидан устун қўйиш, ижтиҳод масаласида эса Қуръон ва ҳадис матнлари билан чекланиш тарафдори эди. Ибн Таймия исломнинг «соф» лиги учун курашиб, фалсафа, калом (хусусан, ашъарийлар) ни, авлиёларга сиғиниш ва Муҳаммад(ас) қабрини зиёрат қилишни кескин қоралади. Сиёсат бобида Ибн Таймия давлат ва диннинг бирлиги ғоясини тарғиб этди. Ибн Таймия ёзган илмий ва диний асарлар ўрта асрлар ислом меросининг таркибий қисмини ташкил этади ва ҳамма томонидан эътироф қилинади. Аммо айни вақтда ҳанбалийлик таълимотининг тўда шаклланишида катта хизмат қилган бу асарлар Яқин Шарқ тарихининг кейинги даврларида ислом оқимлари учун назарий асос ролини ўйнай бошлади. Ҳанбалийларга хос ижтимоий-сиёсий фаоллик Ибн Таймия асарларида юқори даражага кўтарилганининг сабаби шундаки, у даврда Сурия (Шом) дан шарқда жойлашган ерлар мўғуллар қўл остида, аммо аҳолиси мусулмон эди. Ҳатто Эрон ва Ирокда ҳукмрон бўлган илхонлар (хулагуийлар) ҳам исломга киргандилар. Лекин Ибн Таймия уларни ҳақиқий мусулмон деб ҳисобламас, уларга қарши жиҳодга даъват этарди. Ибн Таймия ғояларини кейинчалик бир неча диний-сиёсий ҳаракатлар, жумладан, ваҳҳобийлар кенгайтирдилар ва исломда энг кескин таълимотни барпо қилдилар. Ибн Таймия асарларидан ваҳҳобийлар ўзларининг ғаразли мақсадларида фойдаланадилар (қ. Ваҳҳобийлик). Шунга қарамай Ибн Таймия асарларида исломий мафкуранинг Аҳли Сунна йўналишига ва ҳуқуқшуносликка оид муҳим маълумотларни ҳам учратиш мумкин.

Аҳаджон Ҳасанов.