ИБН САУД

ИБН САУД (Саъуд) Абдулазиз ибн Абдурраҳмон алфайсал ас-Саъуд (1880.24.10, ар-Риёз – 1953.9.10, ат-Тоиф) — Саудия Арабистони қироли (1932— 53). Саудийлар сулоласидан. Марказлашган мустабид давлат тузишга интилган. 1902—27 й. ларда Нажд амири. Арабистон я. о. даги Шаммар амирлиги, Ҳижоз қироллиги, шунингдек, Туркия билан урушлар олиб борган. Ибн Сауднинг Ҳижоз билан олиб борган уруши (1924—25) унинг ғалабаси билан тугаган. Ҳижоз, Нажд ва бирлашган вилоятлар давлати қироли (1927—32). Арабистон я. о. да Ибн Сауд тузган марказлашган давлат 1932 й. дан Саудия Арабистони деб атала бошлади.