ИБН ҲАВҚАЛ

ИБН ҲАВҚАЛ, Абулқосим ибн Ҳавқал ан-Нисибий (? — Бағдод, 976) — араб сайёҳи ва географи. 931—943 й. ларда Мағриб ва Машриқ мамлакатлари, Сицилия о., Италия, Испания, Месопотамия (Икки дарё оралиғи), Эрон бўйлаб саёҳат қилган; Кордовада маълум вақт яшаган. 952 й. да Истахрийнинг «Китоб масолик ал-мамолик» («Мамлакатлар йўллари ҳақида китоб») асаридаги ва хариталаридаги чалкашликларни унинг розилиги билан тузатиб, кейинчалик шу асосда «Китоб ул-масолик ва-л-мамолик» («Йўллар ва мамлакатлар ҳақида китоб») деб аталган мукаммал асар яратган. Мазкур китобни ёзишда Ибн Ҳурдодбеҳ, Жайҳоний, Қудама ибн Жаъфар асарларидан ҳам фойдаланган. Ибн Ҳавқалнинг Африка ва Европадаги мамлакатларга оид хабарлари, хусусан, этник маълумотлари ўша давр илмфани учун муҳим янгилик бўлди.