ИБН БОЖА

ИБН БОЖА, Абу Бакр Муҳаммад ибн Яҳё (тахм. 1070, Сарагоса, Испания — 1139, Фес, Марокаш) — араб файласуфи, шоир, мусикачи. Севильяда бир неча йил яшаган. Сўнг Марокашга ўтиб, Фес ш. да вазирлик лавозимида ишлаган. Лекин бу ерда ўзининг фалсафий қарашлари туфайли таъқибга учраган ва ганимлари томонидан заҳарлаб ўлдирилган.

Ибн Божа фаннинг бир неча соҳаларида ижод қилди. У табиблик ва шоирликдан ташқари, фалакиёт, фалсафа, мантиқ, мат., табиатшунослик, мусиқа соҳалари бўйича рисолалар ёзди. Аристотелнинг физика ва метеорологияга оид асарларига шарҳлар битди. Ўтмиш фалсафий фикрини чуқур ўрганиб, уни Яқин ва Ўрта Шарқ халқларига таништиришда катта хизмат кўрсатди. Ибн Божанинг кўп асарлари тугалланмаган. Улар жумласига «Жон ҳақида», «Ёлғиз кишининг хулқ-одоби» («Тадбир ал-мутаваҳҳид») кабилар киради. Бошқалари тугалланган бўлсада, кичик ҳажмдаги асарлардир. Улар қад. яҳудий ва лотин тилларига таржима қилинган ва бизгача айрим парчалари етиб келган. Ибн Божа ўз рисолаларида жамиятдан ажралган инсон ҳақида гапирса ҳам, жамиятнинг хайрли ишларида инсон фаол қатнашуви лозим, деб тушунтирди. У таркидунёчиликка қарши чиқди, инсонга бу дунёда фаровонликка ва бахтсаодатга эришиш йўлларини кўрсатишга интилди, фозил одамлар ва файласуфлардан иборат бўлган жа-мият тўғрисида хаёл қилди. Унингча, ҳар бир киши ўз маънавий камолоти йўлида қайғурса, шунда жамият ҳам такомиллашади. Бундай жамиятда до-нишманддар кўпайиб бориб, низо-адоват ва жабр-зулмга ўрин қолмайди. Ибн Божанинг ижтимоийфалсафий фикрлари кейинчалик араб файласуфлари Ибн Туфайл ва Ибн Рушднниг дунёкарашига катта таъсир кўрсатди.