ИБН БАВВОБ

ИБН БАВВОБ, Абу л Ҳасан Ала-вуддин Али ибн Ҳилол (? — 1022) — хаттот, олим, ҳуснихат назариётчиси. «Қасидаи роия» («Роия каси-даси», 22 байтдан иборат) рисоласида хат қоидалари ва хаттотлик санъати ҳақида қимматли фикрларни баён қилган. Ибн Баввоб таълимотига кўра, ҳуснихат инсон ижодининг самараси бўлиб, у тасвирий санъат қаторига киради. 15-а. да яшаган араб хаттоти Муҳаммад ибн Ҳасан ат-Тибий ўзининг котиблар ҳақидаги «Жомеъи маҳосини китобат ил-куттоб» («Котибларнинг ҳуснихат тўплами») асарида ёзишича, И. Б. Ибн Муқладан кейин хатнинг 16 турини (жумладан, сулс хатининг ёзув асослари ва б. ни) ихтиро қилган ва тако-миллаштирган. У ихтиро қилган араб ҳарфини нуқта билан ўлчаш қоидалари ундан кейинги хат назариётчилари, хаттотлар учун асосий қўлланма бўлган.

Ад.: М уродов А., Ўрта Осиё хаттотлик санъати тарихидан, Т., 1971.