ИЖРО ЭТИЛГАН ҲУКМ
(Кундаликнинг тўртинчи саҳифаси)
Андижонга оқшом қўна бошлаган маҳалда кириб бордилар. Тунни карвонсаройда ўтказиб,
вилоят подшоҳининг ҳузурига қайтишда кирамиз, деган қарор билан, тонгда Булоқбошини
қоралаб, отларга қамчи босдилар. Адирга етишганда Қамариддин жиловни тортди.
— Ҳеч нарса ўзгармабди, — деди у атрофга назар ташлаб.
— Бу ерларга илгари ҳам назарингиз тушиб эдими? — деди Шамсибек унинг ёнида тўхтаб.
— Тавбалари қабул бўлгур падари бузрукворим шу ерда шаҳид бўлганлар.
— Қайси муҳорабада шаҳид бўлиб эдилар?
— Саккиз юз ўн еттинчи йилнинг муҳаррамаси эди. Биз у дамлар норасида эдик. Падари
бузрукворим мени ўзлари билан олиб юрардилар. Шаҳриёр мирзо Амирак Аҳмад устига қўшин
тортган эдилар. Ахси қалъасининг муҳосара қилинганини ўзим кўрдим. Ахси менинг назарим
тушган қалъалар ичида энг улуғи эди. «Қалъа мезаналаридан фалак бошоқлар17ини термоқ
мумкин, ундан арши аъзам эли18нинг ғулғуласи эшитилур», деган калималарни кўп
тинглаганман. Ғалабаёр лашкар қалъани эгаллагач, онҳазрат раиятга тинчлик майдони ва
омонлик маконидан ўрин бериб, Андижон сари йўл олди. Мирзо Амирак Аҳмад
давлатпаноҳнинг қаҳридан қўрқиб, тоғлардан макон топган эди. Шаҳриёр амир Мусако ихтиёри
билан амир Муҳаммад Тобонларни аёлат19ни идора этмоққа тайинлаб, Самарқандга қайтдилар.
Амир Мусако ихтиёри билан падари бузрукворим унинг хизматида қолди. Ой ораламай мирзо
Амирак Аҳмад Андижонга юриш қилди. Амирлар раиятга озор бермаслик қасдида шаҳардан
ташқарига чиқдилар. Падари бузрукворим муҳораба майдонидан омон қайтмади. Мирзо Амирак
Аҳмад амирларни ҳам қатлға етказибди. Аммо амир Рустам Андижонни мирзога бермай, бизни
ҳам омон сақлаб қолган эди.
— Бундан менинг ҳам хабарим бор. Шаҳидларни дафн этмоққа қабристон торлик қилди,
дердилар. Биз бу фожианинг фаҳмига кўпам етмас эдик. Мурдадан қўрқар эдик.
Қамариддин отни ниқтади.
— Падари бузрукворимнинг жасадларини менга кўрсатишган. Бошларидан қилич еган
эканлар. Минг қатла шукрким, султонимиз бесабаб қилич суғурмайдилар. Падари бузрукворим
«Мирзода соҳибқироннинг жангарилиқ расми кўринмайди», деб айтардилар.
Қамариддин энди Улуғбекнинг юришлари ва ҳимматлари ҳақида гапириб борар эди. Улар
жиловни бўш қўйишган, отлар бу йўлдан кўп юриб ўрганиб қолгандек, адирдан ошиб
ўтардилар.
Узоқдан дарахтларга бурканган қишлоқ кўрингач, Шамсибек ҳамроҳининг сўзини бўлди:

17 Yulduzlar.
18 Farishtalar.
19 Viloyat.

36
— Мана келдик, — деди у ички бир ҳаяжон билан.
— Жаннатгами? — деди Қамариддин ҳазилла-шиб.
— Арзимайдими?
— Ўхшайди, — Қамариддин кулди. Шамсибек ҳам жилмайиб қўйди-да, отга енгил қамчи
урди.
Кун чошгоҳга борган, қишлоқ сокин эди. Чуғурчуқларнинг чирқиллаши, тартаракларнинг
овозларигина баланд ишкомлар орасида одамлар борлигидан дарак берарди. Улар кўчага
бурилишди. Офтобда қизиб, билқиллаб турган тупроқни туёқлар тўзитиб борарди. Қамариддин
ҳовлиларни шийпон каби тўсиб турган ишкомлардан кўз олмайди. Яна хиёл юришгач, чоғроқ
майдончага чиқишди. Майдонча ўртасида булоқ қайнаб турар, сув илдиз каби таралган
ариқчаларга тарқаб кетган эди. Булоқ бўйида икки бола лойдан қубба ясаб ўйнар, сочларини
майда ўриб, пилик тақиб олган беш-олти қизалоқ эса, қўл ушлашиб чуғурлашишарди:
Читтогулу читтогул,
Eтагингга чит босай,
Қўлим қўлбоғда,
Белим белбоғда,
Ҳа-ю, читтогул
Ҳа-ю читтогул...
Шамсибек уларга кулиб қаради-ю, отдан тушиб рўпарадаги эшикни итарди. Очилмагач,
қамчинининг дастаси билан тақиллатди.
— Атта ҳеч ким йўқ, — деди қубба ясаётган бола лой қўлини иштонига артиб.
— Қаерга кетишди?
Бола елка қисиб бурнини тортиб қўйди.
— Эшикларингда ким бор?
— Бувим.
— Отанг-чи?
Бола яна елка қисди.
— Югур, бувингни айтиб чиқ. Шамсибек акам келибдилар, де.
Дам ўтмай ён эшикда аёл шарпаси сезилди. Кейин синиқ овоз эшитилди:
— Келинг, омон қайтдингизми?
— Ассалому алайкум, буча20. Соғ-омонмисиз, акам саломатмилар? Эшикдагилардан
хабарингиз йўқми?
— Улар сиздан кейиноқ Ширмонбулоққа кўчиб кетишган. Дадангизнинг бўла21лари олиб
кетдилар.
— Нимага?
— Невлай. Қофир, деган гап тарқалди. Қайин отангизни Андижонга олиб кетишибди, деб
эшитаман.
— Нимага?
— Невлай. Акангиз гапирмайдилар. Қўшнилар «Eнди шаҳарда ишлармиш», деган гап
айтишяпти. Меҳмонингиз борга ўхшайди. Меҳмонхонага кира туринглар, акангиз ҳали замон
келиб қоладилар.
— Қуллуқ, буча, Ширмонбулоққа чиқа қолайлик.
Қамариддин гапларни эшитиб турган эди. Шунинг учун индамай Шамсибекка эргашди. Бу
сафар тупроқ йўлдан пиёда боришди. Тупроқнинг иссиғи этикдан ўтиб оёққа нохуш илиқлик

20 Kichik buvi, kichik aya — hurmat ma’nosida. 21 Xolavachcha.

37
берарди. Уларнинг ортидан бир зумгина қараб қолган қизалоқлар яна ўйинларини
бошладилар:
Бойчечагим ҳиллолик,
Ҳамён-ҳамён тиллолик,
Бойчечагим бонаси, бонаси,
Қулоғида донаси, донаси,
Олай деса, вой ўлай,
Югуриб чиқди онаси, онаси.
Қамариддин қизалоқлар томон бир қараб олиб:
— Ҳақ таолонинг қудратини қаранг, одамзотга шунча ташвиш билан бирга, кўзи қувонсин,
деб ажойиб неъматларни ҳам берган-а, — деди. — Бу неъматларнинг одам билан иши йўқ,
одам ўляптими, қоляптими, бари бир ёғилаверади.
— Ҳа... бойчечакка етган етади, етмаган йўқ.
Дала ёқасидаги йўлга чиқишгач, отга минишди. Ярим йиғоч йўлдан сўнг яна жаннатсифат
қишлоққа киришди. Айланма кўчалардан тез ўтишди. Шамсибек бир эшик олдида жиловни
тортиб, узангига оёқ тираб турди-да, бўй чўзиб девор оша ичкарига қаради. Пешайвонда
эмаклаб юрган ўғлини, унга ҳай-ҳайлаб турган онасини кўрди-ю, кўнгли тинчиб, отдан тушди.
Эшикни бир-икки тақиллатиб, жавоб кутмаёқ ичкарига кирди. Қамариддин уларнинг сўрашиб
олишларини, аёлларнинг ичкари ҳовлига ўтишларини кутиб, бир зум ташқарида қолди.
Шамсибекнинг дадаси юмуш билан Ўшга тушган экан. Икки кундан сўнг қайтди.
Шамсибек шундан кейингина шаҳриёрнинг истаги билан Самарқандга кўчажагини айтди.
Исмоилбек мошгурунч бўлиб қолган бир тутамгина соқолини силай туриб, аста хўрсинди.
— Шаҳриёр шундай истак қилган эканлар, иложимиз қанча.
— Ҳаммамиз бирга борсак-чи? — деди Шамсибек.
Исмоилбек кулимсиради.
— Шаҳриёрга сиз кераксиз! Биздан нима наф?
— Ҳар нечук...
—Йўқ, ўғлим, шунча ташвиш ҳам етиб ортяпти. Дарахтни қариганда кўчирсангиз тутмайди.
Укангиз таҳсилни яримлатди. Ҳали замон орзу-ҳавас кўришимиз керак.
— Укам Самарқандда таҳсил кўрса, деб эдим.
— Самарқандга борди нимаю шу ерда таҳсил кўрди нима? Бари бир эмасми? Қайнатангиз
энг катта мударрисларга ҳам дарс бера оладиганлардан. Мана сиз таҳсилларини олиб кам
бўлмадингиз-ку? Мадраса тупроғини яламаёқ шаҳриёр назарига тушдингиз. Мадрасага борган
Абдулваҳоб нима каромат кўрсатяпти. Кетганига беш-ўн йил бўляпти, чамамда. Одамлар
таҳсилдан юз ўгириб дарвешликни хаёл қилибди, дейишяпти. Сиз уни кўрмадингизми?
Шамсибек жавоб беришга тараддудланди. Отасига ёлғон гапира олмай, деди:
— Одамлар айтишса балки...
— Ноқобил бола бўлди. Фарзанднинг гарданидаги туз ҳақини унутиши волидайннинг шўри.
— Дада, бувимдан сўрамадим, қўққисдан шу ерга кўчишингизнинг боисини билмоқчи эдим.
— Қўққисдан кўчмадик. Ҳамма нарса Оллоҳнинг хоҳиши билан навбатма-навбат келади. Сиз
кетгач, кози баримизни дабдурустдан шаккокка чиқариб қўйди. «Ўғлинг иблиснинг тилини
билади, иблислар билан ирлашади», деб тинчимизни бузди. Бир томондан қайин отангизга ҳам
тош отилди. У киши Андижондан паноҳ топдилар. Келиб излаб юрманг, деб биз бу ерга қўноқ
бўлдик. Шаҳриёрнинг назарларига тушибсиз, иншооллоҳ энди пешонамиз ярақласа.
— Иншооллоҳ, шундай бўлажак, — деди ота-бола суҳбатига жимгина қулоқ бериб ўтирган
Қамариддин.— Ўғлингиз назаркарда йигит. Қайтар маҳалимиз аёлат подшоҳини бу гаплардан
воқиф қилиб ўтурмиз. Шаҳриёрнинг марҳаматлари бошингиздаги қора булутларни ҳайдаб
юборса ажаб эмас.

38
— Шояд айтганингиз келса...
Шамсибекнинг кетиши муҳокама талаб воқеа эмасди. Шунинг учун аёллар лабларини
тишлаб, кўз ёши оқизиб, лекин овоз чиқармай сафарга тайёрланишди. Исмоилбек ҳар
намоздан сўнг ўғлининг номини қайта-қайта тилга олиб Ҳақ таолодан шафиқона марҳаматини
аямасликни сўради.
Куёвининг қайтгани ва Самарқандга кўчиб кетажагини эшитган Шербек заргар Андижондан
етиб келди. Қамариддин уларни шоширмас, унга сари Шамсибек хижолат чекарди. Ниҳоят,
жума намозидан сўнг бир жонлиқ сўйиб, хайри-худойи қилишни, шанба бомдоддан сўнг, яъни
тупроқ уйғонмай йўлга чиқишни режалашди.
Eркаклар тунда бир оз мизғиб олишди. Аёллар ичкарида ивирсиб юриб, тиним билишмади.
Уларнинг тун бўйи қилган меҳнатлари тонгда дастурхонда кўринди. Нонуштадан кейин яна бир
карра қуръон тиловат қилингач, қўзғалишди. Шамсибек ичкари ҳовлига кирди. Аёллар унинг
елкасига қўлларининг учини теккизиб, юзларига фотиҳа тортишди. Пиқиллаб йиғлашди. Энг
охири Шамсибекнинг волидаси келди. Титроқ қўли билан ўғлига тандирда қизариб пишган нон
узатди:
— Тишлаб кетинг, болам, насибангиз... шу ерда қоляпти, илоҳи эсон-омон бағримга қайтиб
келинг...
Шамсибек нонни тишлаётганида кўзига ёш келди. Лаблари титради. Луқмани ютолмай
қолди. Бир тишлам нон гўё тош каби томоғида туриб қолгандай бўлди. Лекин дарҳол ўзини
босиб, хаёлини жойига йиғди-да, хайр-хўшлашиб, кутиб турган эркаклар қаторига чиқди.
Исмоилбек, ўғли чиққач, теша билан остонани сал чўқилади-да, бир сиқим тупроқ олиб
халтачага солди.
— Юрагингизга мадад бўлади. Туморингизни йўқотсангиз ҳам, бундан ажралманг, — деб
Шамсибекка узатди.
Шамсибек уни кўзига суртиб чап тарафдаги ич чўнтагига солди.
Икки арава ва икки отлиқ қишлоқни маъюс ташлаб чиқиб кетди.
* * *
Шербек заргар вилоят подшоҳининг хизматига ўтган экан. Шу боис, Андижон аҳли орасида
бирмунча эътибор топибди. То саройга борилгунча бир қанча одам уларга эгилиб салом берди.
Шамсибек қайнатасининг эътиборини шундан билди.
Вилоят подшоҳига мирзо Улуғбек номасини топширишгач, Қамариддин полвонлар курашини
кўрмоқни ихтиёр қилиб, Марғилонга тушиб кетди. У шаҳриёрнинг истаги билан пурдил
йигитларни Самарқандга олиб кетиши лозим эди.
Шамсибек эса мадраса томон йўл олди. У Ширмонбулоқда эканлигида отаси Андижонга
хабар қилиб, кенжасини чақиртирмоқчи бўлганида «таҳсилидан узилмасин, қайтишда
кўришамиз», деб унамаганди. Шамсибек бир қаватли пастак мадрасанинг дарвозасидан ичкари
кириб, туриб қолди. Саҳнда ҳеч ким йўқ. Бирор овоз ҳам эшитилмайди. У бир фурсат
тараддудланди-да, укасининг ҳужраси томон юрди. Ҳужра ҳам бўш эди. Нима қиларини билмай
турганда ҳовлида чойнак-пиёла кўтарган йигит кўринди. У ҳужра олдида турган Шамсибекка
яқинлашиб салом берди.
— Агар хотирим фаромуш бўлмаса, сиз мулло Хуршидбекнинг акаларисиз?
— Ҳа, шундай. Хуршидбекни йўқлаб келиб эдим. Ҳужраларида йўқлар.
— Улар бу он дўстлари билан баҳс қурганлар. Юринг, мен узатиб қўяй.
Йигит шундай деб Шамсибекни қаршидаги ҳужралардан бирига бошлади. Муллаваччалар
меҳмонни кўриб, дарҳол ўринларидан туришга чоғландилар. Шамсибек укаси билан қучоқ очиб
кўришди. Бошқалар билан ҳам алоҳида-алоҳида сўрашгач, унга тўрдан жой бердилар. Юзга
фотиҳа тортилди. Шамсибек ўтирганлар билан укасини аввал йўқлаб келганда танишган,
суҳбат қурган эди.

39
— Мен кириб суҳбатларингизга халал бердим шекилли? — деди у давранинг жимиб
қолганини кўриб.
— Асти ундай эмас, — деди муллаваччалардан бири.— Биз шунчаки баҳсга берилган
эканмиз.
— Баҳслари сир бўлмаса, давом этса, мен хижолатликдан қутулар эдим.
— Сир эмас. Ундан воқиф бўлишингиз биз учун айни муддао.
Шамсибекка сопол пиёлада чой узатдилар.
— Мулла Самад, сиз фикр айтмоқни ихтиёр қилиб эдингизми? — деди чой узатаётган йигит.
Афтидан у ҳужра эгаси, даврабоши эди.
— Мен мулла Тўрабекнинг «Дунё ғам-алам билан бошланиб, ғам-алам билан ўтур ва тугаши
ҳам шудур», деган фикрларини қувватлаш ниятида эдим. Бу ҳақиқатга яқин ҳикмат.
— Ғалат! Ғалат! Ундай эмас. — Эшикка яқин ўтирган йигит дўриллаган овози билан унинг
гапини узди.— Дунё мўъжиза билан бошланиб, тугаши ҳам бир мўъжиза билан бўлур. Шундай
эмасми, тақсир?
Шамсибек пиёлани дастурхонга қўйиб, ўйланиб қолди. Кейин савол берган йигитга қаради.
— Сиз ҳақсиз, мулла. Оллоҳ таолонинг етук ҳикмат ва тўлиқ қудрати билан Одам
алайҳиссаломни яратгани ҳам, унинг фарзандларидан баъзиларини расул қилиб, ҳақ йўлга
даъват этсинлар учун халқ орасига юборгани ҳам бир мўъжиза. Бу осмон бир тарзда
айланавермайди. Бандага гоҳ шодлик, гоҳ ғам беради. Дунёдан ғам-алам билан ўтиш ҳар
кимсанинг ўзигагина боғлиқ. Муҳаммад алайҳиссалом айтибдилар: «Оллоҳ марҳаматини аямай
сенга яхшилик қилган экан, сен ҳам кишиларга яхшилик қил». Алалхусус, ҳамонки дунёда
бирон киши боқий қолмас экан, ундан фақат яхшилик ёдгор бўлгани дуруст. Яхшилик мавжуд
экан, ғам-алам унут бўлур.
— Кўп маъқул гап айтдингиз, тақсир, — деди ҳужра эгаси, — ҳожатмандларга инсоф ва
адолат эшиклари очиқ бўлса, ғам-аламдан холис бўлғаймиз.
— Аммо «Бахтиёрлик ичра сен бахтсизликка учрашдан қўрққин», дейилмиш ҳикматни
унутмоқлигимиз буткул ножўя, — деди Тўрабек исмли муллавачча.
Шамсибек кулимсираб қўйди. Кейин ҳужра эгасига қараб деди:
— Мулла, мени баҳсдан огоҳ қилиб, бағоят хурсанд этдингиз. Мен акбод пайвандим22нинг
шундай субҳи содиқдек пок дўстлари борлигидан беҳад мамнунман. Энди, маъзур кўрасиз.
Хуршидбек билан мажлисни тарк этсак, Худо хоҳласа, бундай суҳбатларда яна кўп бўламиз.
Барчалари ҳурмат юзасидан туриб, уларни кузатиб қўйдилар. Ака-ука қуёшнинг тиғида
кўчада юрмаслик учун ҳужрага киришди. Хуршидбек акасидан саккиз ёш кичик. Улар
орасидаги уч фарзанд турмаган эди. Уч фарзанд доғидан сўнг дунёга келгани учун Хуршидбек
анчайин эрка ўсганди. Шамсибек мактабдан сўнг таҳсилни бўлғуси қайнатасидан олган эди.
Унинг мутолаага иштиёқи баланд эди. Аммо Хуршидбек акасининг акси бўлиб чиқди. Шундай
бўлса-да, отаси уни мадрасага берди.
Ака-ука ўтган-кетганлардан гаплашиб ўтирдилар. Шундан сўнг Шамсибек укасидан сўради:
— Ихтиёр қилсанг, шаҳристонга олиб кетай. Зукко ва доно мударрислардан сабоқ олсанг,
нур — аланнур23 бўлурмикин?
— Ҳожат бормикин? Илмга чанқоқлигим сизникича бўлганида бошқа гап эди. Мен сиз каби
ўзимни илмга бахшида қилолмайман. Шунга мажбур бўлган тақдиримда ҳам бирор маъно
чиқишига кўзим етмайди.
— У ҳолда мадрасада таҳсил кўришингдан қандай наф бор?
— Бу дадамнинг истаклари. Фарзанд эрки волиднинг қўлида экан, мен бу истакни бажо
келтиришга мажбурман.

22 Jigargo‘sha.
23 Nur a’lo nur.

40
Шербек заргар Хуршидбекни, албатта олиб келинг, деб тайинлаб, дастурхон тузаб
туражагини айтган эди. Иссиқнинг кучи кесилгач, ака-ука йўлга тушдилар.
Заргарнинг дастурхони атрофида Андижонга келиб турғун бўлиб қолган яна уч
булоқбошилик бор эди. Ака-ука уларни яхши танишмас эди, шу боис суҳбатларига кўп
аралашмадилар. Хуршидбек меҳмонларнинг хизматида бўлди. Палов сузиб келиниб, энди бирикки ошам олинганида эшик тақиллади. Бир оздан кейин заргар оқ кигиз қалпоқни бостириб
кийган бир кишини бошлаб келди. Бу Абдулваҳобнинг отаси эди. Шамсибек қорачироқнинг
ёруғида уни дарров таний олмади.
— Тоғдаги чорва билан овора эдим. Қайтсам, Шамсибек ўғлим келиб кетибдилар. Кишининг
юзи иссиқ бўлар экан, истаб топиб келдим. Аммо, уста, шаҳарнинг киши билмас кўчасидан
эшик олган экансиз. Оқшомдан бери излаб мадорим қуриб кетди. — Бойбува жойлашиб,
гапларини айтиб бўлгунча Хуршидбек обдастада сув келтириб, Бойбуванинг қўлига қуйди.
Бойбува ошга қўл узатар маҳали ўғлидан гап очди:
— Абдулваҳобни кўргандирсиз?
— Кўрдим, дуо деди.
— Ўзи дурустми? Мадрасадами ё...
Шамсибек овқат устида бундай гапнинг қўзғалишини истамагани учун унинг сўзини бўлди:
— Қани, бойбува ошга қаранг.
Заргар куёвининг сўзини қувватлади:
— Аввал таом, баъд аз калом. Ош маҳтал бўлиб қолмасин. Олсинлар. Кеча узун, бафуржа
гаплашаверасизлар.
Шундан сўнг «олинг-олинг»дан бўлак сўз айтилмади. Дастурхондан товоқ олиниб, фотиҳа
ўқилгач, қўлга сув берилди. Шамсибек чой қуйиб узатди. Бойбува яна ўғлини тилга олди.
— У ҳозир шаҳар пойидаги хонақоҳдан паноҳ топган, — деди Шамсибек босиқ овозда.
Бойбува гангиб қолди. У бу гапларни аввал ҳам одамлардан эшитган, лекин ишонмай, ҳеч
кимга сўз бермай келаётган эди. Ҳақиқатнинг нотаниш одамлар орасида очилиши унинг
миясига чақиндай урилди.
— Нега? Хонақоҳда нима бор экан унга? Мадраса-чи?
— Илмдан юз ўгирибди.
— Сабаб?
— Сабаби ёлғиз Ҳақ-таоллога маълум.
— Уйга қайтишни ҳам ихтиёр қилмадими?
— Йўқ.
— Мударрислар нима дейишди?
— Бойбува, мен бу ёғини суриштирмадим.
— У қайси иблиснинг васвасасига учган...
Суҳбатга меҳмонларнинг бири аралашди:
— Тақсир, мунча куюнадилар, қаландарлик гуноҳ иш эмас-ку?
Бойбува сўз қотган кишига жаҳл билан қаради:
— Менинг ўғлим аҳли дониш даврасига лойиқ йигит.
Бойбува шундай деб фотиҳага қўл очди. Мезбоннинг илтимосларига қарамай, «шу тонгдаёқ
Самарқандга отланаман, бориб уни тўғри йўлга соламан», деб совуққина хайрлашганича чиқиб
кетди.
Қамариддин жума бозорининг индинига танлаган пурдил йигитлари билан қайтди.
Ҳафта ўтмай беш арава билан ўн тўрт отлиқ Самарқанд сари йўл олди. Шербек заргар билан
Хуршидбек уларни анча ергача кузатиб чиқдилар. Шербек заргар «Сиз туз ҳақини
бажардингиз, илоҳи фалакнинг айланиши сиз истаганча бўлғай», деб дуо қилиб қолди.
Бу кичик карвонга яна Ғанимурод билан унинг оиласи қўшилиши лозим эди. Кундузи йўл
юриш аёлларни хийла қийнаб қўйди. Ҳамиша офтобнинг тиғида бўлиш отлиқларни ҳам лоҳас

41
қилди. Шу сабабли оқшом тушмай работга қўнишди. Аёллар таом тайёрлагунча Ғанимуродни
хабарлайлик, деб Шамсибек билан Қамариддин қишлоққа кетишди.
Ғанимурод қўнган қўрғон ҳувиллаб қолгандай эди. Ташқари ҳовлида ҳеч ким кўринмасди.
Қамариддин эшикни иккинчи карра тақиллатганида ичкаридан мўйсафиднинг «Ҳозир!» деган
овози эшитилди. Лекин ҳадеганда чиқавермади.
Бир маҳал ичкаридан енгил шарпа эшитилди. Эшик очилди. Қамариддин ҳайратда қолди:
Ғанимуроднинг завжаси енгил кўйлакда, сочлари ёйиқ ҳолда кўзларини чақчайтириб турарди.
Қамариддин аёлдан кўзини олиб қочди. Аёл бирдан қичқириб юборди. Сўнг йиғламсираб
орқага тисарилди. Кейин яна бир қичқириб, отилганча кўчага чиқди-да, югуриб кетди.
Шамсибек ҳам, Қамариддин ҳам ҳеч нарса тушунмай бир-бирларига қараб қолишди.Дам ўтмай
аёл кетган томондан унинг қаҳ-қаҳ уриб кулган овози келди. Шундан сўнг Шамсибек «аёллар
бўлмасин», деган хижолат билан ҳовлига кирди. Ичкарига олиб борувчи эшик оғзида ҳассага
суянган мўйсафидни кўриб югуриб борди-да, қўлтиғига кирди. Супага ўтиришди. Фотиҳадан
сўнг мўйсафид бўйнини хам қилди.
— Тинчликми? — деди Шамсибек.
Мўйсафид бош қимирлатди.
— Юрагим сезган эди, — деди Қамариддин. — Ножинслар бир иш қилишган кўринади.
— Ҳа, — деди мўйсафид. — Аслида сизлар билан кетаверишса бўларкан. Мен бу одамларда
имон бордир, улар ҳам мусулмон бандалар-ку, деб ўйлабман. Афсус... Аҳмадбойвачча
йигитлари билан келиб шўримизни қуритди. Ғанимуродни Худо бир асради. Лекин ҳали ҳам
ҳушини йиғиб ололмаяпти. Иссиғи баланд, алаҳсирайди. Тўполонда оёғим лат еганга ўхшайди,
шунинг учун дарров чиқолмадим, айбситмайсизлар.
— Арзга бормадингларми? — деб сўради Қамариддин.
— Кимга? Азозил24 қачон одамга раҳм қилиб эди?
— Қани, почангизни ҳимаринг-чи. — Шамсибек шишиб қолган оёқнинг бўғинларини ушлаб
кўрди. Тўпиқни ва тўпиқдан бир қарич юқори суякни ушлаганида мўйсафид ингради.
— Этик билан тепишганга ўхшайди?
— Билолмадим, тақсир, келиннинг остонасига йиқилганимни биламан.
— А? Келиннинг остонасига, дедингизми? У ерга ҳам киришдими?
Мўйсафид жим қолди. Кейин титроқ овозда деди:
— ...Келиннинг аҳволини кўрдингизлар. Ўша кундан бери шундай: туз тотмайди, телба
бўлиб қолган.
— Астағфируллоҳ! Бундан бўлак шаҳкорлик25 ҳам бўладими? Ўзганинг шаърий завжасини
мажбурламоқ нима билан жазоланади?
— Худо хоҳласа, Тангрининг ғазабига учрайдилар,— деди мўйсафид оғриқдан инграб. Лекин
Қамариддин бу саволни Шамсибекка берган, ундан жавоб кутарди.
— Тошбўрон қилинмоқлари даркор, — деди Шамсибек.
Қамариддин тушундим, дегандай ўрнидан турди.
— Работдагиларни олиб қайтаман. Келганимизни ҳеч ким билмай турсин.
Қамариддин кетгач, Шамсибек яна мўйсафиднинг қўлтиғига кирди. Уй эгаси овоз бериб,
бегона эркакнинг кираётганидан хотинларни огоҳ қилгач, ичкарига қадам қўйдилар.
Шамсибекнинг гапи билан мўйсафид кампирига от ёғи ва қўй пўстагини олиб келишни буюрди.
Кейин Ғанимурод ётган хонага киришди. Ғанимурод чалқанча тушиб ётар, кўзи маъносиз
боқарди. Шамсибек аввал унинг томирини ушлади. Мижжасини қайтариб кўрди. Сўнг бошини
эҳтиётлик билан пайпаслади. Ғанимурод ингради.
— Бошига нима биландир қаттиқ уришибди, — деди Шамсибек. Кейин Ғанимуродни мук
тушириб ётқизиб, суякларни ушлаб кўра бошлади. Белга келганда қўлини икки-уч бор юрғизди.

24 Shayton.
25 Yaramaslik, beadablik.

42
— Бели лат ебдими? — деди мўйсафид хавотир билан.
— Ҳа, бир оз, — деди Шамсибек, лекин белининг синганини айтмади. Бу орада кампир ёғ
билан пўстакни остонага қўйиб кетди. Шамсибек мўйсафидни ётқизиб, оёғини обдан силадида, тахтакачлаб, пўстакка ўраб қўйди.
— Энди камроқ юра туринг. Пешинда офтобга солиб, кун тиғга келганда кўчанинг қизиган
тупроғига ботириб ўтирасиз. Шу тупроқ бутун заҳрни тортиб, суякни қизитиб, оёғингизни
йигитларникидай қилиб қўяди, — деди Шамсибек ҳазил билан. — Ёзда, айб бўлади демай,
яланг оёқ юраверинг. Бод деган нарса яқинлашмайди.
— Илоҳи кам бўлманг, тақсир. Устозингиз барака топсин. Ғанижонга ҳам дори-дармон
қиласизми?
— Ҳа, албатта, Ғанижон муолажага муҳтож. — Шамсибек ташқи ҳовлига чиқиб супага
ўтирди. Кўз олдига тўй кечаси, гулхан, ёр-ёр айтиб хурсандчилик қилган яғриндор йигитлар
келди. Никоҳ пайтида Ғанимуроднинг иккинчи сўроқдаёқ «розиман», деб юборганини эслаб,
кулимсиради. Анчагача кўчага кўз тикди. Ниҳоят, арава кўрингач, ўрнидан туриб пешвоз
чиқди. Аёлларнинг бари аравада, Қамариддин билан яна икки отлиқ орқароқда келарди. Бўлак
йигитлар қишлоқ пойида қолишибди.
Қамариддин шу пайтгача хуржунида сақлаган сипоҳлар кийимини эгнига илган, шаҳриёр
совғаси бўлмиш кумуш камарни боғлаб, қилич осган эди. Кўринишдан гўё жангга шайланганди.
Шамсибек аёлларни ичкарига узатгач, никоҳда вакил ота бўлган қўшнини чақиртирди. Қўшни
Ғанимуроднинг қишлоқдаги дўстларини хабарлашга кетди.
Шамсибек йигитларни Ғанимурод ётган уйга бошлади.
— Полвоннинг жароҳати оғирми? — деди Қамариддин уйга кираётиб.
— Хасталикка бундай ташхис қўйган ҳакимлар муолажани бенаф деб келганлар.
Жароҳатнинг олди олинмаган. Вақтида муолажа бошланганида балки...
— Табобат ожизлик қиладими?
— Мушкул иш. Заиф одам аллақачон омонатини топширган бўларди. Ҳозирча умидни
синдирмайлик. Худо хоҳласа, тузалиб кетар, — Шамсибек шундай деб енгларини шимарди.
Унинг сўзи билан икки йигит полвоннинг оёқларини, Қамариддин эса елкасини босиб турди.
Шамсибек Ғанимуроднинг курагидан бошлаб, умуртқа бўйлаб аста силаб тушди-да, белга
келганда ҳаракатни секинлатди. Ниҳоятда эҳтиёткорлик билан силай туриб, бир зўр берди.
«Қирс» этган товуш эшитилди. Полвон қаттиқ бақириб юборди-ю, дарров тинчиди.
Пешанасидан совуқ тер чиқди.
Шамсибек муолажани тугатгунга қадар қишлоқ йигитлари йиғилишди. Уларга қишлоқ
пойида қолган полвонлар ҳам қўшилгач, Аҳмадбойваччанинг қўрғони томон юрдилар.
Қўрғон атрофида ўн чоғли йигитни қолдириб, дарвозани қоқишди. Дарвозани очган
хизматчи отлиқ сипоҳ ва тоза тўн кийган йигитларни кўриб, тезда орқасига қайтди-да,
бойваччани чақирди. Аҳмадбойвачча машъала ёруғида Қамариддин билан Шамсибекни дарров
таниди. Шаҳриёрнинг муҳри босилган ёрлиқ билан юрувчи бу зотларни кўриб, юраги бир
нарсани сезди.Орқага чекинишни хаёл қилди-ю, лекин сир бой бермай, таъзим билан ичкарига
таклиф қилди. Дарҳол шийпонга жой тўшалди. Қўй сўйишга фармон берилди.
— Ҳожати йўқ, — деди Қамариддин ҳовли ўртасида туриб фармойишлар бераётган
бойваччага. — Бизнинг фурсатимиз кам. Қани, мундароқ келинг. Сўрайдурган гапимиз бор.
— Бош устига, тақсир.
— Ғаниполвонникига кимлар билан бордингиз?
— Қачон, тақсир?
— Тулкилик қилманг-да, номларини айтинг.
Аҳмадбойвачча унинг қаҳрли қарашидан чўчиб, озгина тараддудландию кейин бир қанча
одамнинг исмини айтди. Бу орада ташқарида қолган йигитлар икки кишини шийпон олдига
келтиришди.

43
— Муслимхўжанинг қизи сизга ризоликсиз никоҳланган экан. Боз устига қочиб кетганини
эшитибоқ уни талоқ қилиб эдингизми? — деди Шамсибек, ранги қув ўчган бойваччага.
— Ҳа, тақсир, шундай бўлиб эди.
— Демак, сиз у киши учун номаҳрамсиз, шундайми? Номаҳрам бўла туриб манкуҳа26га
тегиниш қайси жазога лойиқ?
Бойвачча бирдан тутқаноғи тутгандай ув тортиб, Шамсибекнинг оёғига йиқилди.
— Менда айб йўқ, тақсир. Менинг фақат полвонда ўчим бор эди.
— Бўлмаса кимлар?
Бойвачча яна ҳалиги исмларни қайтарди. Қамариддиннинг фармони билан йигитлар
бойвачча тилга олган одамларни олиб келгани кетишди. Қўшни чол эса қозининг уйи сари йўл
олди.
Тун яримлаганида гуноҳкорлар ҳам, қози ҳам ва айтилмаган уламолар ҳам тўпланишди.
Қамариддиннинг савлати уларни саросимага солди.
— Тақсир, аввал бир сўроғимга дини ислом номидан жавоб бергайсиз, — деди Қамариддин
қозига юзланиб, — манкуҳанинг номусини булғаган кимса қандай жазога лойиқ?
— Бундай дўзахиларнинг жазоси бир — ўлим. Расулиллоҳнинг суннатларига кўра тошбўрон
қилинмоқлари шарт.
— Дуруст, тақсир, у ҳолда нечун бу фасод дўзахилар ҳамон ҳаёт?
— Сўзингизни англамадим, тақсир.
— Буларни кўряпсизми? Ғаниполвонни жароҳатлаб, устига-устак номақбул ишга қўл
урганларини наҳот билмасангиз? Агар бу воқеа шаҳристонда бўлиб, сиз хабарсиз қолсангиз
ажабланмас эдим.
— Ўлимдан хабарим бор, аммо бу гаплардан хабарим йўқ, — деди қози.
— Бўлмаса, мана энди хабар топдингиз. Булар айбларига иқрорлар. Сиз фатво беринг, ҳукм
чиқаринг.
— Шу тобдами?
— Ҳа, шу тобда.
— Мен фатво беролмайман, тақсир.
— Нечун?
— Бундай фатвога муҳтасибнинг ризолигини олмоғим даркор.
— Ғаниполвонга ҳукм чиқарганингизда ҳам муҳтасиб ризолигини олиб эдингизми?
Жавоб бўлмади.
— Фуқарони уйғотинг. Машъалалар ёқилсин. Мухтий27ларни шаҳриёр номи билан қатл
қилғаймиз. Завжага тегинганлар тошбўрон қилинсин, бегуноҳ бандага азоб берганлар юз
дарра, мухтийларнинг жаройимини яширган бу уламоларга йигирма беш дарра...
Қозининг кўзи ўйнаб кетди.
— Ҳуқуқингиз йўқ! — деди у.
— Шаҳриёрим «ноҳақлик содир бўлган ерда ҳақ ўрнатиш лозимлигини» буткул
лашкарларию уламоларига уқтирганлар. «Қозилар қўли шариат ҳукмлари ижросида бақувват
бўлмоқлиги даркор», деган амри олийга шак келтирганингиз учун сиз эллик даррага лойиқсиз!
Қозининг лаблари пирпирадию бир оз гапиролмади. Сўнг:
— Мусулмонлар, бу осийлар султон Улуғбек номи билан дини исломни поймол қилиб,
азизларга тил теккизмоқдалар! Қараб турманг, мусулмонлар, Худонинг ғазабидан қўрқинглар!
— деб бақирди.
— Боғланг! — деди Қамариддин бу гапларга эътибор қилмай. Йигитлар дарҳол буйруқни
бажо келтиришди. Қози жазавани анча илгари бошлаган эди. Унинг қутқусига учувчилар ҳали

26 Mankuha — nikohdagi xotin. 27 Gunohkorlar.

44
уйғонишмаганди. Дам ўтмай ноғора овози янграб, қишлоқ уйғонди. Барчани яна ўша майдонга
тўплашди.
— Ўртага гулхан ёқинг, — деди Шамсибек.
— Нечун? — деди Қамариддин. — Бу тўй эмас-ку?
— Тўй бўлмаса ҳам тўйга етгулик. Қишлоқ ножинслардан тозаланяпти.
Шамсибек айтгандай бўлди. Гулхан ёқилди. Аввал даррага ҳукм қилинганлар насибасини
олди. Кейин ўлимга ҳукм қилинганлар белларига қадар кўмилдилар. Орага бирдан сукунат
чўкди. Шу дам тўпдан ўрта ёш бир киши ажралиб чиқиб, қўлига тош олди. Аҳмадбойвачча жон
аччиғида ўкирди. Оломоннинг тинчлиги бузилди...
Ҳукм ижро бўлгач, тошни биринчи бўлиб отган кимса Қамариддинга яқинлашиб, тиз чўкди.
— Тақсир, мен Муслимхўжаман. Мени ҳам ола кетинг.
— Касбингиз нима?
— Наққошман, дурадгорман, тақсир.
Қамариддин Шамсибекка қаради.
— Сизни олиб кетиш бизга-ку оғир ботмайди. Лекин қизингиз..
— Бўлмаса нима қилай? Бош кўтариб юролмайман.
— Мулоҳаза қилиб кўрайлик-чи. Балки Андижондан паноҳ топарсиз.
Тонг ёришиб, одамлар тарқалишди. Шамсибеклар ҳам Ғанимуроднинг уйига қайтишди.
Кампир супага жой қилиб, чой-нон қўйди. Ҳеч ким дастурхонга қарамади. Бир ҳўпламдан
чой ичишди.
— Ғанимуродни нима қиламиз? — деди Қамариддин.
— Олиб кетиш лозим. Йўқса, нобуд бўлади. Бу ерда муолажа қила олувчи табиб йўқдир.
— Завжасини-чи?
— Тун бўйи шу муштипарни ўйладим. Бирон нима демоққа фикрим ожиз. Отаси Андижонга
борса, балки олиб кетар. Узоқдан кўра ўша ер маъқул. Унда ҳам зукко ҳакимлар бор.
— Буни Муслимхўжага айтиб кўриш керак.
Оқшом тушгунга қадар шу ҳовлида дам олишди. Муслимхўжа ҳам Андижон сафарига
отланиб, қизини изларди. Қиз ерда ҳам, кўкда ҳам йўқ эди. Одамлар «кечаси қичқириб юрган
эди-ку»? деб елка қисишар, чор атрофга юборилганлар ҳам қуруқ қайтишарди. Фақат шомга
яқин гузарда шовқин кўтарилди:
— Мўслимхўжанинг қизи топилди!
—Ўзини ҳовузга ташлаган экан!
— Шишиб кетибди, бечора!
Шамсибек билан Қамариддин то гузарга етгунча шу хилдаги гапларни эшитиб боришди.
Жувон шундайгина ҳовуз лабида ётар, тўзғиган сочлари юзини тўсган, онаси унинг кўксига
бош қўйиб дод соларди...