УМРИМ БАЕНИ
УМРИМ БАЕНИ
Автобиографик қисса
Табиатнинг донолигига тан бермай иложинг йўқ. Ҳамма нарсанинг ўлчови бор. Дақиқа- дақиқасию сония-сонияси ўлчаб қўйилган. Ёзда кун узун, тун қисқа. Қишда кун қисқа, тун узун. Нега? Дўппингни тиззангга қўйиб, чаккангни қашлаб, бир ўйлаб қарасанг — буюк бир ҳикматга дуч келасан. Яъни, ҳамма нарса инсон учун, ҳамма нарса ер юзида қимирлаган жон учун эканига иқрор бўласан. Аллоҳ, боғбоннинг меваси пишсин, деҳқоннинг экини кўпроқ офтобдан баҳраманд бўлсин деб ёруғ кунни узайтириб қўйган. Қиш тунлари жуда узун, тонг отишини кутиб у ёнбошингдан-бу ёнбошингга ағдарилаверасан-ағдарилаверасан. Ҳадеганда уфк чети оқара-қолмайди. Бунда не каромат бор? Ўйлайсан-ўйлайсан, яна бир буюк ҳикматга дуч келасан. Миллиард-миллиард фарзандининг оғзига кўксини тутган она-замин толиқиб, уйқуга бош қўйган. Табиат унинг устига оппоқ кўрпасини ёпиб, мириқиб ухлаб ором ол, деяпти.
Мен мана шундай қишнинг, мана шундай ёзнинг саксонтасини кўрдим. Бирини йиғлаб, бирини кулиб, бирини илҳом тўла ижод билан, яна бирини чилпарчин бўлган умидлар харобаси устида кўзёш тўкиб ўтказдим.
Шоир мендан, бу дунёга нима ниятда келган эдинг, айтадиганингни айтиб кет, деб қистаяпти.
Мен туғилган XX асрнинг йигирманчи йилида авжи ўрик пишиғи, ҳар донаси ёнғокдек келадиган Аштархон гилослари бозорни тўлдирган. Жомеъ масжиди ёнбошидаги Кўчат бозори товсилиб, ўрнини чархчилар эгаллаган пайтлар. Уша йили Жомеъ гумбазидаги сават-уяда лайлак иккита жўжа очган экан. Бири — оқ, бири — қора...
Тошкентликлар қора лайлак кўрмаган эканлар. Ҳамманинг кўзи — сават уясида: «Кеп қолинг, ҳасти Укко-шанинг булоқларидан чиққан Обишифо сувидан ичиб колпнг!» деб жавраб юргап Ҳожи мешкоб бу мўъжизани кўриб, бир хунук гап айтган экан.
— Мусулмонлар, беш вақт намозни канда қилманглар! Йил ёмон келяпти, шундоқ юввош қушнинг уясидан ҳам ола чикди...
Ҳожи мешкоб башорат қилган экан: Русияда қурғоқчилик бўлиб, Тошкентни Волга бўйларидан, Семипалатинский тарафлардан поездга осилиб келган очлар босиб кетди. Ўзбек деҳқонларининг шўри қуриди. Кимнинг уйида бир кафт дон бўлса, бола-чақасининг ризқидан қийиб, тўппонча ўқталиб опчиқиб кетишди. Узига тўқ дсҳқонларни «қулоқ» (муштумзўр) қилиб, Сибирга ҳайдашди. Бедабозор йўлида гадой кўплигидан ўтиб бўлмай қолди. Бу очарчилик ва бу нотинчликнинг сабабчиси бўлмиш қора лайлакни Раббим деган мерган отиб ташлади. Энди юрт тинчийди, деб ўйлашган эди. Йўқ, қама-қамалар бошланди. Ҳар беш кишидан учтаси «халқ душмани» бўлиб қамалди. «Шўрога қарши ташвиқот қилган!» деб сақичмонлик Суннат соқов ўз номини айтолмаса ҳам, қамалиб кетди.
Мақсад на эди жаҳона келдинг, Кайфиятингни баён этиб кет. НОДИРА
1
Онам Зулфияхон тахтапуллик Ғулом Расул қозининг тўнғич фарзанди бўлган. У киши Уфа шаҳрида таълим олган муаллимани ёллаб онамни ўқитган эканлар. Мен ойимнинг пинжига суқилиб ўтириб ҳуснихат машқ қилардим.
Араб алифбоси бекор бўлиб, лотин алифбоси жорий этилаётган пайтлар эди. Араб алифбосида ёзилган қизил бахмал байроқлар, шиорлар олиб ташланди. Менинг жиндек рассомлигимдан, ҳарфларни чиройли ёзишимдан хабар топган идора завхозлари той-той бахмал олиб келишар, мен уларга сира ўчмайдиган зарҳал билан шиорлар ёзиб берардим. Аввалги бахмал байроқларни қишлоқдан келган бозорчиларга сотишар эди. Сароғоч, Турбат, Кўктерак тарафлардан қизил бахмал чопон кийган бозорчилар келишарди. Бирининг елкасига «яшасин», бирининг киндигига хитоб аломати, яна бирининг кўкрагига «бирлашингиз» сўзлари тўғри келиб қоларди.
Ўн саккиз ёшга кирганимда лотин алифбоси ҳам бекор бўлиб, кирилл алифбосига ўтилган эди. Сирдарё бўйи чорвадорлари қиз чиқараётганларида куёв тарафдан юбориладиган сарпо ичида ювса кетмас зарҳал билан ёзилган бахмал байроқ ёки тўрт метргина духоба шиор — «лозунка» бўлмаса, сарполарни қайтариб юборардилар. Ўша пайтларда тушган келинларни то бола-чақали бўлиб кетгунча «Қизил байроқли келин» деб аташарди.
Номдор ёзувчилар қамалиб кетиб, китоб дўконлари ҳувиллаб қолганди. Кўпдан бери хикоялар машқ қилардим. Фоточиликка ишқим тушиб, кундузлари суврат олар-дим. Уйимизда электр бўлмаганидан кечаларим бекор ўтмасин деб Ғафур Ғуломга, Абдулла Қаҳҳорга эргашиб ҳикоялар ёзардим. Редакцияларда мени биров ёзувчи деса, биров фоточи дер, яна биров рассом деб атарди.
Минг тўққиз юз ўттиз тўққизинчи йили лотин алифбосида босилган охирги китоб менинг «Тортик» деб аталган китобчам бўлди.
Ғафур Ғулом қаёққа борса орқасидан соядек эргашдим. Аппаратимни бўйнимга осиб, машҳур Пенсон деган фоточининг кетидан колмадим. Бир газетада ҳикоям чиқса, бошқасида тагига «Сайидахмад фотоси» деб ёзилган суврат босиларди.
Ана шундай учиб-қўниб, босар-тусаримни билмай юрган пайтимда дадамни «халқ душмани» деб қамашди.
Дадам Тошкентда отаси Дадахўжабой очган рус-тузем мактабида ўкиган, рус тилини мукаммал эгаллаган киши эди. Русча хатни ҳуснихат билан бехато ёзарди. Ҳатто ўрислар хам бирорта нозикроқ жойга хат юборадиган бўлсалар ёки ариза ёзсалар албатта дадамга кўрсатиб олардилар.
Дадам Тошкентдаги «Қизил шарқ» паровоз ремонт заводи директорининг муовини эди, директор ҳамда инженерлар билан ишчилар ўртасида таржимонлик қиларди. Ишчиларга рус тилида аризалар, тушунтириш хатлари ёзиб берарди.
Бувам Дадахўжабой Тошкентнинг машҳур бойларидан бўлган. У шаҳар Думасининг аъзоси эди. Шунинг учун ҳам унинг номига қўшимча қилиб «Дадахўжа дўма» деб аташарди.
Дадахўжа дўма Чирчиқ дарёсидан Тошкентга тош ташитиб, Чорсудан Самарқанд дарвоза гузаригача, тахминан, саккиз чақирим масофага ўз хисобидан тош ётқиздирган. Шу йўл ёқасига ўттизга яқин газ-фонар ўрнаттирган эди.
Дадахўжа дўма Тошкентда иккита рус-тузем мактаби очиб, рус ўқитувчиларини жалб қилиб, ўзбек болаларини ўқитган. Мактаб харажатларига, ўқитувчиларнинг маошларига унинг маблағидан сарфланган. Йигирманчи-ўттизинчи йилларда ҳукумат идораларини бошқарган, маданий-маърифий ишларга рахбарлик қилган, рус тилини мукаммал эгаллаган йигитлар бобомнипг мактабида таълим олган ўзбек болалари эди.
Шунинг учун ҳам ҳукумат бувамга тегмади. Уни ўз ҳолига қўйиб берди. Бувам ички-ташқи шаҳар ҳовлисини, таърифи кетган боғини болалар уйига топширди, ўзимиз боғ четидаги қўрғончада қолдик. Тиним билмас бу чол бекор ўтиришни ўзига ҳайф билиб, новвойлик қилиб невараларини боқди.
2
Бошимизга тушган кўргуликдан хабар топган Ғафур Ғулом мени юпатган бўлди:
— Сен кўпам куяверма! Ҳукумат адолат қилиб, дадангни қўйиб юборади. Қози буванг сиёсатга аралашмаган, китобдан бош кўтармайдиган одам эди. Дадахўжа буванг топганини юрт ободлигига, маърифат йўлига сарфлаган. Энди сен ҳадеб давраларга бошингни суқаверма. Ишингга бор-уйингга қайт. Тилингни тий! Одамлар қуларкан деб ҳар балони гапираверма, — деб насиҳат қилди. Кейин уёқ-буёққа қараб, секин қўшиб қўйди: — Энди анкета тўлдирганингда бобомнинг қарамоғида яшаганман деб ёзгин.
Ғафур аканинг гапи тўғри чикди. Ҳеч ким «халқ душманининг ўғли» деб юзимга солмади.
Ана шундан кейин ўша кезларда бошланган Катта Фарғона канали қурилишига ёшлар газетасининг махсус мухбири бўлиб жўнаб кетдим. Канал қурилиши менга бир ижод мактаби бўлди. Бўлаётган воқеаларни, одамларни худди расм чизаётгандек ўзларига қараб туриб ёзардим. Ёзиб юборган мақолаларим, очеркларим тўхтаб қолмасди. Редакцияга етиб бориши билан сарлавҳа тагига «Махсус мухбиримиздан» деган таъкид билан босиб чиқаришарди. Қурилишда бошқа газеталарнинг мухбирлари хам тинмай хабарлар юбориб туришарди. Ёзганларимизни баъзан самолётда олиб кетишарди.
Канал қурилишида бир ойдан ортиқ ишладим. Мен борганда қурилиш бошланганига ўн беш кун бўлган, қурилишни асосан қирқ беш кунда тугаллаш мўлжалланган эди. Қурилишда фақат кўприк қурувчилар, йўлсозлар қолганди.
Иккинчи жаҳон уруши бошланганидан кейин орадан бирор ой ўтиб, мен ишлайдиган ёшлар газетаси тугатилди. Бир йилча кўчага ҳам чиқмай ҳикоялар ёздим. Баъзан «Қизил Ўзбекистон» газетасининг бир сонида ҳикоям билан қишлоқдан ёзган очерким босиларди. Тажрибали журналистларнинг кўплари фронтга чақирилиб, армия газеталарида фаолият кўрсата бошлаган эдилар. Таржимаи ҳолим ёқмадими, билмадим, мени фронтга юбо-ришмади. Газета редакциясининг ўзида олиб қолишди. Фарҳод ГЭСи қурилиши бошланиши билан мени яна қурилишга махсус мухбир қилиб юборишди. «Онажонлар», «Иқбол чироқлари» ҳикояларимни, «Фарҳод тоғи этакларида», «Тўппонча полвон» номли очеркларимни қурилишда, тупроқ уюмлари орасида чангга беланиб, тиззамга блокнот қўйиб ёзганман.
Кўп орзиқиб кутилган Ғалаба байрамини шоир Чустий билан ГЭС биноси учун қазилган жойда, минг-минглаб одамлар орасида ўтказганим ҳалигача кўз олдимда.
Тошкентга чақириб олишди. Редакцияда фельетончи вазифасида ишлай бошладим. Газетада тез-тез фельетонларим босилиб турарди. Ўша пайтларда энг машҳур журналистлардан бири бўлиб қолгандим.
Ёшим ҳам бир жойга бориб колди. Энди уйланиш, рўзғор бошини ушлашим керак. Андижонлик ёш шоира Саида Зуннунова билан ахд-паймон қилиб, икки томоннинг розилиги билан унаштирилдик.
Оркамдан соядек эргашиб юрган бахтсизлик яна бош кўтарди. Унаштирилган кунимизнинг эртасига ўша — дадамни қамоққа олган КГБ ходими Мансуров уйимизни тинтув қилиб, акамни хам қамоққа олиб кетди. Гангиб қолдим. Нима қилишимни билмайман. Тўй куни тайин бўлган. Одамларга хабар қилинган. Тўйни тўхтатма, деб маслаҳат беришди. 1949 йилнинг 28 ноябр куни тўй бўлиши керак. Андижондан Саидахоннинг онаси, синглиси етиб келган. Ўша куни редакциядан одам келиб мени зудлик билан чақириб олиб кетди. Борсам, озроқ кутиб тур, ҳозир Андижондан телефон килишади, дейишди. Нима гап бўлди экан, деб ташвишлана бошладим. Ниҳоят, телефон жиринглади. Қўрқиб трубкани олдим. Саидахоннинг биттаю битта, ўн тўққиз ёшга кирган Насибжон деган укаси оламдан ўтибди.
Ўша пайтда газета редактори Шароф Рашидов эди. Бу шумхабарни у ҳам эшитган экан. «Саиданинг онасини Андижонга қайтариб юбориш керак. Бу хабарни ҳозирча Саида билмай тургани маъқул», деб маслаҳат берди.
Газетанинг масъул котиби Аҳмад Исмоилов Рашидовнинг депутатлик ҳужжати билан Андижон поездига билет олиб келди.
3
Абдулла Қаҳҳор бир гап айтган эди.
— Ёш боланинг кучи оёғида, юриб чарчамайди. Йигитнинг кучи билагида, ишлаб чарчамайди. Аммо кексанинг кучи юрагида бўлади. Ҳар қандай оғир дардни ҳам кўтара олади.
Бу гапнинг нақадар ҳаклигига 29 ноябр тонг отар пайтида иқрор бўлдим. Андижонда — Сабохон аянинг уйида ўғлига жаноза ўқилди, Тошкентда айни шу дақиқада қизи Саиданинг келин саломи бўлиб ўтди.
Бу кўргуликлар хали ҳолва эканини, бошимизга ту-шадиган энг даҳшатли кунлар тўй ўчоғи совумай туриб йўлимизга чиқиб кутиб турганини билмасдик.
Дадамни, Оқилхон амакимни, Имомхон акамни олиб кетган КГБ ходими Мансуров 1950 йилнинг магаъум 10 май куни уйимизда бойқушдек пайдо бўлди. Энди у мени олиб кетгани келган. Ҳаммаёқни титкилаб, китоблар орасидан Ўзбекистоннинг ўн йиллигига бағишлаб рус тилида нашр қилинган адабий тўпламни ашёвий далил сифатида айбномага киритди. Унда ўзбек ёзувчиларининг рус тилига таржима қилинган шеърлари, ҳикоялари, роман ҳамда қиссаларидан парчалар босилган эди. Абдулла Қодирийнинг «Обид кетмон» романидан «Я не басмач» деган бир боби босилган экан. Менга, таъқиқланган асарни сақлаган, деган айб қўйилди.
Мухторхон акам Сталинград жангларида дом-дараксиз йўқолган, дадам билан акам қамоқда. Энди мени олиб кетишяпти. Ғамдан, айриликдан адои тамом бўлган онам болаларидан айрилиб, худди қум қисмлаган қўлдек бўшаб қолганди.
Қўлимга кишан солиб олиб кетишди. Онам билан Саидахон бир-бирининг пинжига суқилиб мунғайиб қолишди.
Машинада икки соқчининг ўртасида карахт бир алпозда кетяпман. Нималар бўлаётганини, қаёққа кетаётганимни идрок қилолмасдим. Тушимми, ўнгимми-билмасдим. Гўё такдир менга ҳазил қилаётгандек эди. Ҳозир мени қамоққа олиб боради, аҳмоқ, ҳукумат билан ўйнашишни сенга ким қўйибди, деб сўкиб-сўкиб уйимга қайтариб юборади, деган телба бир хаёл бошимда айланарди.
Қодирийлар, Чўлпонлар, Фитратлар кирган, кириш бор-у, чикиш йўқ эшикдан мени хам олиб ўтишди.
Кдмалишимнинг ўн учинчи куни яна терговчи хона-сига олиб чиқишди. Мсни сўрок қнладиган капитан Конюховни тергов бўлимининг бошлиғи полковник Генкин чақиртирган экан. Камерадан мени олиб чиққан соқчи унинг қайтишини узоқ кутиб қолди. Соқчи терговчидан маҳбусни қабул қилиб олдим, деган қоғозга қўл қўйдирмасдан мени қолдиролмасди. Терговчининг ёрдамчиси кичик лейтенант Коршунов билан соқчи ўртасида шундай савол-жавоб бўлиб ўтди.
СОҚЧИ. Шундоқ ёзувчини отиб ташлашадими?
КОРШУНОВ, Отади. Душманни отмай, уни сўқимга боқадими?
СОҚЧИ. Ёзувчилар шунақа ёмон одам бўладими?
КОРШУНОВ. Ёмон бўлганда қандоқ! Улар совет ҳукуматининг душмани. Ҳаммасини тутиб,
битталаб отяпмиз...
Умуман, соқчининг биров билан гаплашиши, айниқса, маҳбус олдида бирон гап айтиши
мумкин эмас. Улар полковник Генкиннинг топшириғига биноан айбини бўйнига олмаётган қайсар маҳбуснинг иродасини синдириш учун атайин «артист»лик қилишаётган эди.
Бугун саккизинчи марта терговга чақирилишим. Уларнинг қўлида мени айбловчи бирорта ҳам жиддий далил йўқлиги билиниб қолди. Фақат, ўзинг айт, ўзинг айтсанг гуноҳинг енгиллашади, деб мени лақиллатмоқчи бўлишади. Мен унча-мунчага лақиллайдиган анойилардан эмасман.
Терговчи фақат битта гапни билади. Айт, советларга қарши айтган гапларингни айт! Совет воқелигини масхара қиладиган латифаларингдан айт!.. Мендан садо чиқмайди. Охири шу даражага етдики, кечалари терговчи уйига кетганда ҳам мени камерагатуширмай, ухламасин
4
деб ёнимга соқчи қўйиб кетарди. Ўтирган жойимда мудраб қолсам, соқчи туртиб уйғотиб юборарди. Бир жойда ўтираверганимдан оёқларим шишиб кетди. Уч кун ухламаслик қанақа бўлишини биласизми? Ўтирган жойимдан икки марта йиқилиб тушдим. Соқчи кўтариб табуреткага ўтқазиб қўйганини ҳам билмабман. Эрталаб терговчи ишга келиб, яна сўроқни бошлайди. Каллам ғувиллаган, кўзла-рим тиниб, терговчи берган сўроқ қоғозларини ўқиёлмайман. Кўл қўй дейди. Кўл қўймайман, ухлаб, кейин ҳушим жойига келганда ўқиб қўл қўяман, деб жавоб киламан. Бу хил қийноқлардан иш чиқмади. Кейин мен ётган яккахонага (Одиночкага) айғоқчи киритишди. У Рафкин деган яхудий эди. Ўзининг гапига қараганда, терговчилар уни кўп кийнаб, азоб беришган экан. У ҳамма яҳудийлар каби сергап, латифага уста, ҳар қандай одамни оғзига қаратиб қўядиган сўзамол киши эди. У билан тез орада дўстлашиб кетдик. У ҳам советларга қарши ташвиқот юритишда айбланган бўлиб, ўзининг айтишича, бундай ишлар билан шуғулланмаган. Терговчилар қийнаб қоғозга қўл кўйдириб олишган экан. Терговчиларнинг қўлига тушдингми, бўлди — энди улардан кутила олмайсан. Бари бир ўшаларнинг айтгани бўлади. Яхшиси, жаҳлини чиқарма. Жаҳли чиқса, жуда оғир жиноятларни ҳам сенга ёпиштириб қўяди. Ҳеч ким унинг гапини бекор қилолмайди. Биз яҳудийлар ҳар қандай жиддий масалани ҳам келишув йўли билан битирамиз. Сен ҳам шу йўлни тутишинг керак. Терговчи билан келишгин. Шунда уйдан овқат ҳам оласан, онанг билан, хотининг билан кўришасан.
Баъзи-баъзида Рафкин икки-уч кун йўқ бўлиб кетарди. Қаёкда эдинг десам, терговчи билан айтишиб қолдим, карцерга ташлаган эди, деб жавоб қиларди.
Бир куни у терговдан ҳориб-чарчаб қайтди. Уни қий-наган бўлсалар керак. Ахволи оғир эди.
— Менга каранг, — деди у ана шундай азобли тер-говдан кайтган пайтларининг бирида. — Бу сассиқ камерадан тезроқ чиқиб кетишнинг чорасини топиш керак. Чораси — терговчининг гапига кўниш. Нимайики ёзган бўлса, барига қўл қўйиб, ишни тезроқ судга ошириш чорасини кўриш керак. Ахир дунёга ўн марта келмаймиз-ку! Биттагина жонимизга бунчалик жабр қилиш керак эмас-да! Бугун мен ҳамма коғозларга қўл қўйиб бердим. Бирон ҳафтадан кейин ишим судга оширилади. Сизга хам маслаҳатим шу. Тезроқ бу азоблардан қутилиб, лагерга жўнаб кетиш керак. Ҳар қалай, лагер очиқ ҳавода...
Чолдан шубҳаланиб қолдим. У икки-уч марта, хотиним киритибди деб, учта булочка билан тўртта бутерброд олиб кирди. Ажаб, булар хонаки таом эмас, КГБ буфетидан сотиб олинганга ўхшарди. Демак...
Демак, бу чол мени учта булочка билан тўртта бутербродга сотган.
Рафкин терговга чиқиб кетганича ўша ёкда уч кун қолиб кетди. Қаёкда эдингиз десам, турмада эдим, менга туҳмат қилган гувоҳлар билан юзлаштиришди, деди. Мана шу гапдан кейин у бир эҳтиётсизликка йўл қўйди. Қўлини елкамга қўйиб, жуда хам мехрибонлик билан: «Э-э азизим, Имомхон ака...»
У шундай дедию тилини тишлаб олгандек ғалати бир аҳволга тушди.
Бу гапни эшитмаганга олдим. Юз-кўзларимда бирон ўзгариш бўлмади.
Имомхон Ҳусанхўжаев — менинг акам. Уни мендан олдин олти ой аввал қамоққа олишган.
Демак, у ҳали ҳам қамоқхонада ётибди. Рафкинни ундан сир олиш учун ёнига киритишган. Ҳозир у эҳтиётсизлик қилиб акамнинг отини айтиб юборди. Акам билан икковимиз бир- биримизга жуда ўхшаймиз. Овозимиз ҳам деярли бир хил.
Ҳатто болаликдаги айрим ўртоқларим ҳам мени акам билан адаштиришади. Бир куни шундай дўстларимдан биттасини учратганимда мени акам деб ўйлаб: «Укангиз ёзувчи бўлдим деб одам танимай қўйган. Тушунтириб қўйинг, бунчалик кеккаймасин!» деган эди.
Рафкинни ўша хатосидан кейин менинг олдимга киритмай қўйишди. Уни қайта кўрмадим.
Энди мени бир қўшиқчи шоир билан юзлаштиришди. Уни соқчи кабинетга олиб кириши билан менга мушт ўқталиб кела бошлади.
5
— Илон боласи илон, чаён боласи чаён! Унинг дадаси халқ душмани, акаси халқ душмани. Отаси халқ қонини сўрган шафқатсиз бой. Яна бир буваси порахўр қози...
Терговчи уни бурчакка обориб ўтқазиб қўйди ва ундан:
—Манави ўтирган одамни танийсанми? — деб мени кўрсатиб сўради.
—Танийман, — деди Ёнғин. — Бу ҳам отасига, акасига ўхшаган душман.
— Мисоллар билан айт! — деди терговчи.
— Бир минг тўққиз юзу қирқ еттинчи йилнинг олтинчи ноябрида ёзувчилардан бирининг
уйида бундай деган: «Ленинград ёзувчиларига мазза! Биз ўзбек ёзувчилари бу ерда эзилиб ётибмиз. Ўша куни Тошкентда биринчи қор ёққан эди».
— Тасдиқлайсанми? — деб сўради терговчи.
— Иўқ, — дедим. — Ўша куни газетамизнинг еттинчи ноябр — байрам сонига ўрта чирчиқлик Қаҳрамон Замира Муталова тўғрисида очерк ёзишга юборишган эди. Ёзлик кийимда кетганим учун совукда қайтиб келолмадим. Райком секретари Пўлатовнинг уйидан редакцияга сим кокиб, телефонда очеркни диктовка қилдим. Очеркни журналист, стенограф Аҳмад Шораҳмедов ёзиб олганди. Ундан ташқари, ленинградликлар қандоқ қилиб ўзбек ёзувчиларидан яхши яшаши мумкин? Ахир улар кечагина блокададан чиққан. Улар ҳали ҳам вайроналар ичида яшаяпти...
Терговчи унинг гапларини ёзиб олди. Менинг жавобимни ёзмади. Энди навбат менга келди.
—Бу одамни танийсанми?
—Танийман, — дедим.
—Унинг советларга қарши айтган гапларини эшитганмисан?
—Йўқ, — дедим. — У билан унчалик яқин бўлмаганман. Фақат ёзувчилар союзидаги мажлисларда, ёзувчиларнинг тўйларида учрашганман. У менга бирон марта ҳам советларни ёмонламаган.
Ёнғиннинг кўзлари қинидан чиқиб кетаёзди.
— Мсн аблаҳман! Ҳаётингга зомин бўлган ифлосман! — деб бақира бошлади. — Мени сен қаматгансан, деб ўйлаган эдим. Энди билдим, сотганлар бошқа экан.
— Энди тўғрисини айт, — дедим.
— Айтаман, лекин фойдаси йўқ. Ҳамма гапларимни ёзиб, тагига имзо чекиб қўйганман. Бу хатони энди тузатиб бўлмайди.
Худди шундай юзлаштиришлардан бири талантсизгина, умуман адабиётда омади келмаган, ён қўшнимиз Неъмат Тошпўлат билан ҳам бўлиб ўтди. У. армия капитани эди. Шунинг учун ҳам уни бошқа қамоқхонада сақлашган экан.
— Мени контрразведка қамоқхонасида тергов қилишди. Қандоқки қоғозга имзо чеккан бўлсам, калтаклар азобидан мажбур бўлганман.
Бу юзлашувда менинг жавобим керак бўлмай қолди. Неъмат йиғлаб тавба қилаверганидан кейин уни сўкиб-сўкиб опчиқиб кетишди.
Юзлаштиришларнинг ҳаммаси хам ана шундай ташкил қилинган ёки дўқ-пўписа, калтаклар остида уюштирилган гувохларнинг гаплари эди.
Шундай жиддий ташкилот хоналарида бу даражада қаллоблик бўлаётганига сира ишонгим келмасди. Аммо ишонмай иложим йўқ эди. Бу воқеаларни ўз бошимдан ўтказмаганимда бировдан эшитсам ишонмасдим.
Менинг тергов ишимда аниқ, конкрет бир айб тўғрисида гап йўқ. Ҳаммаси сохта гувохларнинг омонат гаплари. Мени суд қилиб бўлмаслигига ишонардим. Кейинчалик билсам, суд уч марта тергов ҳужжатларини, суд қилиб бўлмайди, деб қайтарган. Шунинг учун гуноҳини бўйнига олмайдиганларга жазо берадиган «Тройка» деган ташкилотга юборган. Ва менга ўша ёкдан ўн йил қамоқ муддати берилди, деган қоғоз келган эди.
Тавба! Бир бегуноҳ одамни уйидан ҳайдаб олиб келиб зиндонга ташласа, суд бўлмаса,
6
прокурорни кўрмаса, адвокатни кўрмаса. Москвадан келган бир варақ қоғоз билан ўн йил лагерларда сарсон-саргардон бўлса! Сен азоб чекаётган лагер дарвозасига ўрнатилган радиокарнайдан: «Я другой такой странм не знаю, где так вольно дышит человек», деб ашула айтиб турса, бунга қандай чидайсан?!
Лагерда кечган тўрт йиллик ҳаётим, у ерда кўрган одамлар тўғрисида қанчалаб ҳикоялар, мақолалар ёзганман. Ҳурматли ўқувчиларимнинг бу гаплардан хабарлари бор.
Аммо бир воқеани айтсам тилим, айтмасам дилим куяди.
Июн ойининг бошларида Жезқозғоннинг занг босган тошлоқ ерларида каптар қонидек нимранг лола очиларди. Лагеримизни ўраб олган тиконли симлар орасида ҳам битта-яримта лола юз очиб қоларди.
Яқинда жазо муддати тугайдиган қашқадарёлик Кучум деган йигит билан тиконли симлар орасида очилган лолаларни томоша қилиб ўтирибмиз.
Кучум ёшлигида ота-онаси ўлиб кетиб, чўлда ҳар кимларнинг молини, қўйини боқиб кунини кўриб юрарди. У уч йилдан бери райком котиби Иззатовнинг хеч қаерда ҳисобга олинмаган икки юзта қўйини боқарди. котибнинг еттита колхоз чорвасида шунчадан қўйи бор эди. Сир очилиб, қамалиб кетади. Кўп чўпонлар қўйларни ҳукуматга топширишади. Шундай хунук воқеа рўй берганини Кучум бир йилдан кейин эшитади. Ҳисобда йўқ қўйларни боққаним учун мен ҳам қамалиб кетмайин деб чет элга қўйларни ҳайдаб ўтиб кетишни дилига тугиб қўяди. Чет эл қочиб кетибдими? Шундоққина кўриниб турибди. Дарёнинг нарёғига ўтсанг, чет эл...
Ўзингиз биласиз, чўл болалари, айниқса, чўпон болалари дуркун, бўйдор бўладилар. Сут, қаттиқ, айрон, пишлоғу қаймоқ, чўл гиёхларига тўйган қўй-қўзиларнинг гўшти болаларни тез балоғатга етказади. Кучумни кўрганлар ўн саккиздан ошган деб ўйлашарди.
У қўйларни кўройдин кечада Амударёнинг Толлимаржон яқинидаги саёз жойидан ҳайдаб ўтиб кетади. Нариги қирғоқдан туриб иштонини ечиб қичқиради: «Мана, сенларга қўчқор! Мана, сенларга...»
Дарёга ташланган тўрини йиғиб олаётган балиқчидан: — Шу ер чет элми? — деб сўрайди.
Баликчи унинг нима деяётганини тушунмай ҳайрон эди. — Шу ер Туркиями? — деб қайта сўрайди Кучум.
— Йўқ, — дейди балиқчи. — Бу ер Туркия эмас, Туркманистон. — Барибир эмасми?
— Бари бир эмас. Туркия бошқа, Туркманистон бошқа.
— Бўлмасам, Туркияга қандоқ борилади?
— Унга бир ойдан кўп юрасан, чўлдан ўтиб, кейин денгизда сузиб Туркияга борасан. Балиқчи унинг қўйларини қўрага қамаб, ўзини милицияга тутиб беради.
Ўн тўрт яшар болани ўн саккиз ёш деб, чет элга қочаётганда қўлга тушган деб, етти йилга
кесиб юборишади.
Ана шундан бери Кучум қамоқда эди. Ўн бир кундан кейин муддати тугаб уйига кетиши
керак.
Кучум йигирма бир ёшга кирди. Хат танимайдиган, мутлақо китоб ушламаган, ўз номини
ёзишни хам билмайдиган оми бир чўл боласини сиёсий маҳбус, «халқ душмани» деб етти йил азобладилар...
Офтоб чарақлаб турипти. Кучум билан икковимиз тиканли симлар орасида сувга тўймай рангпар бўлиб очилган лолаларга қараб ўтирибмиз. Шу лолалар яна бир ёмғир кўрса гуркираб кетарди, деб осмонда эринибгина сузаётган булутларга қараймиз.
Кучумнинг ниҳоятда кучга тўлган пайти.
У ер бетидаги очиқ мис конида вагончаларга руда ортади. Бир ўзи саккиз кишининг ишини қилади. Бошлиқлар унинг жонини жабборга бериб ишлашини кўриб койил қоладилар. Унга тўйгунча овқат беринглар, гўштли, ёғли овқат беринглар, бир ўзи саккиз кишининг ишини
7
қиладиган азаматдан овқат аяманглар, деб ошпазларга тайинлайди.
Бирга ишлайдиган маҳбуслар уни ёмон кўрадилар.
—Ишлайвер. Ишлаб-ишлаб ўлиб кетганингни билмай қоласан, аблаҳ. Лагердан кўкрагимга
орден тақиб чиқиб кетаман, деб ўйлаяпсанми? Манавуни тақиб чиқиб кетасан, — дейди биттаси киндигининг пастига шапиллатиб уриб.
Етти йил давомида тўйиб овқат емаган Кучум бирдан тўлишиб кетади.
У худди юнон афсоналарида, минг йилларнинг нарёғида тасвирланган ерни кўтариб турган Атлант деб аталмиш паҳлавонга ўхшаб кетганди. Ўнга диққат билан разм солиб қараган одам елкалари кенгайиб, бели ихчам тортгани, билакларидаги, елкаларидаги мушаклари бўртиб танасидан чиқиб кетмоқчига ўхшаётганини дарров сезади. У докторликка ўқиётган студентларнинг анатомия китобидаги яланғоч одам сувратига ўхшарди.
Кучум яланғоч елкасини ерга бериб осмонга қараб ётибди. Негадир у бугун хомуш эди. —Укагинам, битта чой дамлаб келмайсанми, — дедим.
Кучум ўтириб олди.
—Қани эди. Қуруқ чой йўқ-да. Ҳатто начайликлар ҳам олмачой ичишяпти.
Ён чўнтагимнинг тугмасини бўшатиб чойхалтамни олиб унга бердим.
— Мана, укам. Бир мазза қилайлик.
У ўрнидан туриб лапанглаганча кетди. Назаримда ернинг биз ўтирган жойи енгил бўлиб
қолганга ўхшади.
У бир зумда томатдан бўшаган банкага алюмин тоғорачани қопқоқ қилиб чой дамлаб
келди. Консерва банкасида лабимизни куйдириб чой ича бошладик.
—Кучум, — дедим. — Бўшаб кетишингга ўн бир кун қолди, тўғрими? Қафасдан қутилган
қушдек пир этиб учасан, кетасан.
Кучум қовоғини уйиб олди.
— Мен эркинликдан қўрқаман — деди у ғам-андуҳ билан хўрсиниб. — Лагерда бутунлай
қолмоқчиман.
— Аҳмоқ экансан, Кучум. Жазо муддати тугаётган маҳбуслар, тезроқ шу қафасдан қутулсам,
ота-онам, бола-чақам олдига тезроқ борақолсам деб кечалари ухлаёлмай тўлғаниб чиқяптилар. Сен аҳмоқ...
— Уларнинг уйи, ота-онаси, бола-чақаси бор. Менинг кимим бор? На уйим, на ота-онам бор.
— Қамалишингдан олдин ишлаган совхоз отарига борасан. Дўстларинг билан дийдор кўришасан. Қўй боқасан. Тоза ҳавода сут, қатиқ, айрон ичиб тўйгунингча гўшт еб яйрайсан.
Кучум бошини сарак-сарак қилди.
— Энди у томонга йўл йўқ. Улар мени сафларига олмайдилар. Қўйларимизни яна дарёдан ўтқазиб чет элга опқочиб кетади, деб қувиб соладилар. Итга талатадилар...
— Ундай бўлса Жезқозғонда қол. Сендек ишчини шахтага дарров ишга оладилар. Катта маош берадилар. Бу ерда ким кўп, қамоқдан бўшаган бева хотин кўп. Биттасига уйланиб олсанг, бола-чақали бўлиб кетасан.
—Йўқ, — деди Кучум. — Лагерда қоламан. Овқатим тайин. Ётар-турар жойим тайин. Бошимдан оёғимгача кийимим тайин. Ҳатто пайтавагача берадилар. Ювинишга иссиқ сув тайёр. Бунақа жойни эркинликда тополмайман. Эркинлик менга тўғри келмайди. Мен учун эркинлик қамоқ. Қамоқ эса эркинлик.
Унга нима дейишимни ҳам билмай қолдим. Бунақа одамлар эркинликка сиғмайдилар. Кучум қўл-оёғидаги кўзга кўринмас кишанни узиб ташлагиси келмасди.
—Ҳай, ўзинг биласан. Аммо-лекин жазо муддатини битиришинг билан ташқарига чиқариб юборадилар. Бу ерда олиб қолиш ҳеч кимнинг қўлидан келмайди.
У тиканли сим орасида ғарибгина бўлиб очилиб турган лоладан кўзини ололмасди. Кучум чидаб туролмади. Тиканли симлар орасига белигача яланғоч кириб лолага қўл узатди. Шунда бирдан...
8
...Бирдан, деворнинг икки бошидаги икки соқчи олдинма-кетин биттадан ўқ узди.
Бири Кучумнинг бўйнига яна бири лолага узатилган қўлига тегди.
Ёмғирга тўймай нимранг бўлиб очилган лола Кучумнинг қонидан қип-қизил бўлиб қолди. У эркинлик билан тутқинлик ўртасида умрини поёнига етқазган эди.
***
Сталиннинг ўлимидан кейин мамлакат раҳбарлигига ўтирганлар орденбозликка берилиб
кетдилар. Хрушчёвнинг орденхўрлиги холва экан. Брежнев шимининг тиззасигача орден тақди. Ўттиз мартача «Олтин юлдуз» олди. ГДР, Чехословакия, Куба, Болгария, Польша, Венгрия, Мўғулистон каби мамлакатларнинг ҳам уч-тўрт мартадан Кахрамони бўлди. СССРнинг беш марта «Олтин юлдузи»ни такди. Рассомлар унинг чап кўкрагини ўнг кўкрагига қараганда икки марта кенг қилиб, ҳамма ордену медаллар сиғадиган қилиб чизардилар. Брежнев юрганда бутхона қўнғироқлари жаранглаганга ўхшаш овоз чиқарди.
Мен қамоқдан қайтиб келганимда, совуқ уруш музлари бир қадар эриб, мамлакатлар ўртасида илгари ҳеч қачон бўлмаган борди-келдилар бошланган эди.
Сут ичиб оғзи куйган одам қатиқни ҳам пуфлаб ичади, деган гап бор. Кўпчиликка аралашмай, уйда ўтириб, ҳикоя устига ҳикоя ёздим. Ўша пайтларда ҳикоячилик сусайиб, газеталар ҳикояга зор бўлиб турган экан. Ҳар куни бўлмаса ҳам кунора, ҳар уч кунда ҳали у газетада, ҳали бу газетада ҳикояларим босиларди. Радио ҳаммасини битта кўймай эшиттирарди. Ёзганларимга радио ҳам, газеталар ҳам дурустгина қалам ҳақи тўлашарди. Киностудия учун рус фильмларини ўзбекчага ағдарардим.
Оиладаги иқтисодий қийинчиликларни енгишимда менга беғараз ёрдам берган радио редактори Жонрид Абдуллахоновдан, киностудия редактори Маннон Ғанидан беҳад миннатдорман. Шулар туфайли паторат топган рўзғоримни жуда тез тиклаб олдим.
Бир йил ўтар-ўтмас, кейинги ёзганларимни тўплаб нашриётга топширдим. «Ойдин кечалар» деб аталган ушбу китобимни жуда тез босиб чиқаришди.
— Бўлди энди, — деди бир куни Абдулла Қаҳҳор, — паранжини ташланг! Эркак кишининг уйда ўтиравериши жуда хунук нарса. «Муштум» билан гаплашиб қўйдим, ўша ерда ишлайсиз. Туринг ўрнингиздан, Саида тагин-гизни супуриб олсин. Эртадан иш бошланг. Улфатчиликларни йиғиштиринг. «Уёқ»дан келганлар бир-икки йил кузатувда бўлади, дейишади. Ҳушёр бўлинг. Одамларни кулдираман, деб валақлайверманг.
Секин-секин ишларим юриша бошлади. «Ҳукм» деган қисса ёздим. Уни москвалик машҳур ёзувчи Николай Асанов рус тилига таржима қилди. Шу қисса бир йилдан кейин украин тилида Киевда босилди.
Қишлоқларни кўп кезадиган бўлдим. Ёзёвон чўлларига «ишқим» тушиб қолди. Йилига икки- уч марта борадиган бўлдим.
Шу чўл одамлари тўғрисида бир роман ёзсам, деб ният қилдим. Бу ишни аввал ҳикоялар ёзишдан бошлашим керак. Ҳикояни муайян мавзуга разведка деса ҳам бўлади. Шундай килиб, чўл мавзуси мени бутунлай ўзига тортиб кетди.
Минг тўққиз юз эллик еттинчи йилнинг эрта кўкламида Фарғонага боргандим. Қадрдоним, ёзувчи Адҳам Ҳамдам менга Марказий Фарғона чўлларини кўрсатмоқчи бўлди.
Уша кезларда водий ўртасида пўстакдек бўлиб, минг-минглаб гектар ерни эгаллаб ётган чўлни ўзлаштириш авж олиб кетган эди.
Бир вақтлар қамишлар орасида пайдо бўлган Эшон тўпи қишлоғи томон борардик. Сарижўга ариғидан отини суғориб чиқаётган бир кишига рўпара келдик. Унинг оти ҳам, кийган тўни ҳам, ўзи ҳам қоп-қора эди. Худди чўяндан қуйилганга ўхшарди. Фақат бошидаги дўпписининг каштасигина оқ эди, холос.
У қамчисини кўксига қўйиб, сал эгилганча салом бериб ўтиб кетди.
Мен Адҳамдан «Бу киши ким?», деб сўрадим.
— Уни чўл бўриси, дейишади. Бу тўқайларда кечалари ҳам милтиқсиз бир ўзи юраверади.
9
Жуда довюрак одам. Уч марта бўри билан олишиб, бўғиб ўлдирган. «Қора қишлоқ»нинг этагидаги тўқайдан ер очган. Икки йилдан бери шоли экарди. Бу йил пахта экмоқчи...
Адҳам билан тўрт кун чўл кездим. Қаерга бормай, нима қилмай, чўл бўриси кўзимдан кетмайди. Шу одамни бирорта ҳикояга қаҳрамон қилиб олсаммикан, деган ният туғилиб қолди. Номи жуда хунук-ку, дейман ўзимга ўзим. Одамни бўри деб ёзиш қанақа бўларкин? Бирдан миямга лоп этиб, уни бўри эмас, бургут деб қўя қолсам бўлмасмикин, деган фикр келиб қолди.
Ана шундай кейин уни бургут қиёфасида тасаввур қила бошладим.
Ўзидан ўзи воқеалар, деталлар туғилаверди.
Тошкентга келиб, ҳикояни ёздим. «Ўзбекистон маданияти»га бердим.
Газетада чиққанда кўрсам, ҳикояга менинг номимни ёзишни унутишибди.
Редакциядагилар, келинг, тузатиш бериб ўтирмайлик, давомини ёзиб бера қолсангиз, боши
ўтган сонда босилган, деб чиқазамиз, дейишди. Тўлиб турган эканман, ўша куни кечасиёқ давомини ёздим. Эртасига яна битта, индинига яна битта ҳикоя ёздим.
Ҳикоялар кетма-кет босилаверди. Ким билади, газета хато кдлмаганда, ўша битта ҳикоядан кейин бошқалари ёзилмай колиб кетармиди?
Чўл мавзуи мени жуда қизиқтириб қолди. «Саодат» журналининг илтимоси билан «Лочин» деган ҳикоя ёздим.
Адҳам Ҳамдам Фарғонада мени бир кекса олим билан таништирган эди. У киши Фарғона пединститутида биологиядан дарс бераркан, ўрик ҳақида кандидатлик диссертациясини ёқлаган экан. Энди калламда ўрик, деган гап айланаверди. Ўша одам тўғрисида нимадир ёзгим келаверди. Ҳикоянинг номи албатта «Ўрик домла» бўлиши керак.
Ўрикнинг турли навлари, қандай пайванд қилиш, найча пайванд, куртак пайвандлар тўғрисида сўраб-суриштириб, анча нарсаларни билиб олдим. Ниятим — бир фидойи боғбон образини яратиш эди. Шу боғбоннинг фаолияти бевосита Ёзёвон чўлларига алоқадор бўлиши керак.
Ҳикоя, менимча, ёмон чиқмади. Ҳам кулгили, ҳам одамни ўйлатади.
Уни кўтариб «Совет Ўзбекистони» (ҳозирги «Ўзбекистон овози») газетаси редакциясига олиб бордим. Ўқиб, тезда чиқаришга ваъда бериб, олиб қолишди. Лекин орадан қанча вақт ўтса ҳам чиқавермади. Нега бундай бўлаётганини билиш учун редакцияга бордим. Ҳикояни қайта-риб беришди. Босиша олмасмиш. Партия матбуотига бунақа кулгили нарсалар тўғри келмасмиш. Улар билан сан-манга бориб ўтирмай, ҳикояни қайтариб олиб кетдим. Ўша куниёқ уни «Ўзбекистон маданияти» газетаси редакциясига обориб бердим. Ўқиб, роса кулишди. Редактор ҳикоянинг биринчи саҳифаси тепасига навбатдаги сонда босилсин, деб ёзиб имзо чекди. Мен шунда «Совет Ўзбекистони»дагилар ҳикояни тушунмай, қайтиб берганини айтиб қолдим. Редакторнинг ранги ўзгарди. Нега, деб сўради. Билмадим, деб жавоб қилдим.
—Бўлмасам, мундай қилайлик. Мен улардан нимага босишмаганликларини сўрай.
— Сўраб нима қиласан? — дедим ажабланиб.
Редактор билан бирга катта бўлган ўртоқ эдик. Бир-биримиз билан сенлашиб гаплашардик.
— Сўраган яхши-да, ҳарқалай, отахон газета. Тажрибаси ҳам катта.
Балки бирон сиёсий томонини кўзда тутиб босишмаётгандир?..
Қўрқиб кетдим. Сиёсий, сиёсий хато, деган сўзлардан юрак олдириб қўйган одамман.
— Ундай бўлса, қайтариб берақол, — дедим-у, кулишимни ҳам, йиғлашимни ҳам билмай,
ҳикояни қайтариб олиб кетдим.
Орадан икки-уч ой ўтиб, бахтсиз муҳаббат тўғрисида бир ҳикоя ёздим.
Биттагина ҳикояни обораманми, деб ёнига «Ўрик домла»ни қўшиб «Шарқ юлдузи»га олиб
бордим. Асқад Мухтор редактор эди. У иккала ҳикояни ҳам ўқиб, маъқул топди